Чодаксойда чўкиб кетган йигитнинг жасади топилди
3-саҳифа
−
11:05 6693 1 дақиқа
Аввалроқ, Наманган вилоятининг Поп туманидаги дам олиш масканида 23 ёшли йигит чўкиб кетгани ҳақида хабар берилган эди. Бир неча кунлик қидирув ишларидан сўнг унинг жасади топилди. Бу ҳақда вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармаси хабар берди.
Қайд этилишича, Поп тумани “Шайхон” МФЙ ҳудудидан оқиб ўтувчи Чодаксой сойида олиб борилган қидирув-қутқарув ишлари якунланган. Қидирув тадбирлари давомида 2002 йилда туғилган фуқаронинг жасади сойдан топилган ва тегишли тартибда мутасадди ташкилотларга топширилган.
Шу ўринда ФВБ фуқароларга огоҳлантириш билан чиққан. Хусусан, чўмилиш тақиқланган ҳамда хавфли деб белгиланган ҳудудларда сувга тушмаслик сўралади.
“Сув ҳавзалари, сой ва каналларда хавфсизлик қоидаларига қатъий риоя қилиш инсон ҳаёти ва саломатлигини сақлашнинг энг муҳим омилларидан биридир. Бир лаҳзалик эҳтиётсизлик оғир ва қайтариб бўлмас оқибатларга олиб келиши мумкин. Ўзингиз ва яқинларингиз асранг, сувда хавфсизлик қоидаларига амал қилинг!” дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, мазкур ҳолат юзасидан Поп тумани прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.