“Бўзсув” каналига заҳарли сув оқизилгани аниқланди

3-саҳифа

−

visibility150 timer3 дақиқа

image

Тошкент вилоятининг Зангиота туманидаги “Бўзсув” оқова сув тозалаш иншоотида сувни тозалаш самарадорлиги белгиланган 70 фоиз ўрнига 47,6–51,5 фоизни ташкил этаётгани аниқланди. Иншоотдан “Бўзсув” каналига зарарли моддалар билан ифлосланган, етарли даражада тозаланмаган оқова сувлар чиқариб юборилган. Бу ҳақда Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси хабар берди.

Қайд этилишича, Экополиция ходимлари аҳолидан келиб тушган шикоятлар асосида иншоотда экологик назорат текширувини ўтказган. Лаборатория таҳлилларида жорий йилнинг 11 ва 13 ноябрь кунлари каналдан олинган оқова сув намуналаридаги 13 турдаги ифлослантирувчи модданинг 9 таси белгиланган меъёрдан бир неча ўн баробар юқори экани аниқланган. Оқибатда атрофга кучли бадбўй ҳид тарқалиб, яқин ҳудудда яшовчи аҳоли норозилигига сабаб бўлган.

Текширувда бунга асосий сабаблардан бири сифатида иншоот масъуллари томонидан тўқимачилик, қоғозни қайта ишлаш, паррандачилик ва бошқа ишлаб чиқариш корхоналарининг таркибида оғир кимёвий бўёқлар ҳамда заҳарли моддалар бўлган оқова сувлари маҳаллий тозалашдан ўтказилмасдан қабул қилингани кўрсатилган. Шунингдек, ушбу корхоналарни тармоқдан узиш ва экология органларини хабардор қилиш талаблари бажарилмаган.

Бундан ташқари, Давлат экологик экспертизасининг 2024 йилдаги хулосасида белгиланган иншоотни модернизация қилиш, қўшимча тозалаш мажмуасини қуриш ва оқова сувлар сифатини автоматлаштирилган назорат қилиш тизимини жорий этиш бўйича талабларнинг бирортаси бажарилмаган.

Текширув давомида иншоот раҳбарияти давлат назоратига тўсқинлик қилгани ҳам аниқланган. Хусусан, 17 ноябрь куни иншоот ходимлари Экополиция ва ирригация мутахассисларига 3-сон чиқариш нуқтасидан Бўзсув каналига ташланаётган оқова сув ҳажмини ўлчашга имкон бермаган.

Шунингдек, жамият ҳисоботларида йиллик оқова сув ҳажми 2023 йилга нисбатан 131,3 млн куб метрга, яъни 54 фоизга камайтириб кўрсатилган. Бироқ бундай катта ҳажмдаги сув қаерга йўқолгани юзасидан асословчи ҳужжатлар тақдим этилмаган.

Маълум бўлишича, оқова сувлар таркибидаги 15 турдаги ифлослантирувчи модданинг 9 таси, жумладан, нефть маҳсулотлари, оғир металлар, СПАВ ва хром йиллар давомида ҳисоботлардан яшириб келинган. Тошкент шаҳар Экология бош бошқармаси масъуллари эса нотўғри ҳисоботларни текширмасдан қабул қилган. Бошқарма лабораторияси томонидан 2026 йил давомида назорат таҳлиллари умуман ўтказилмаган, йилнинг биринчи ва иккинчи чораклари учун эса ҳисоботлар топширилмаган.

Бундан ташқари, йилига ҳосил бўладиган 23 минг 541 тонна чиқинди, унинг асосий қисмини ташкил этувчи хавфли чўкинди – ил белгиланган тартибда утилизация қилинмасдан, очиқ ер майдонларига ноқонуний ташлаб келинган.

Аниқланган қонунбузарликлар ва яширилган маълумотлар қайта ҳисоб-китоб қилингач, жамиятга атроф-муҳитга етказилган зарар учун қўшимча компенсация тўлови ҳисобланган. Шунингдек, “Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги қонуннинг 55-моддасига (Сувларни ифлослантирганлик, шунингдек, сув объектларига оқова сувларни оқизишга йўл қўйиш шартлари тўғрисидаги талабларни бузганлик) асосан молиявий санкция қўлланилиб, камчиликларни бартараф этиш бўйича 15 банддан иборат мажбурий кўрсатма берилган. Талаблар белгиланган муддатда бажарилмаса, иншоот фаолиятини тўхтатиш юзасидан иқтисодий судга даъво киритилади.

Шунингдек, ўз вазифасига масъулиятсизлик билан ёндашган Тошкент шаҳар Экология бош бошқармасининг масъул ходимларига нисбатан хизмат текшируви ўтказилади. Тўпланган ҳужжатлар эса ҳуқуқий баҳо бериш учун Бош прокуратурага юборилади.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг