Бугун гендер билан тендерни фарқламайдиган раҳбарлар бор – Хўжаева
Интервью
−
20 Октябрь 2020
7655Ўзбекистонда ўтган йили “Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги ва “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунлар қабул қилинди. Хўш, мамлакатда гендер тенглиги тўлиқ таъминландими? Гендер нима ўзи? Унинг моҳиятини раҳбарлардан тортиб, оддий маҳалла фуқаролар йиғини раисигача тўлиқ англаяптими? QALAMPIR.UZ Демократия ва инсон ҳуқулари институти директори, захирадаги прокуратура полковниги, юридик фанлари номзоди Сайёра Хўжаева билан суҳбатда ушбу саволни кўтарди.
“Биз Мустақилликнинг бошиданоқ гендер тенглиги ҳақидаги қонунни қабул қилиш зарурлиги тўғрисида гапириб келганмиз. 15 йил деганда Президент Шавкат Мирзиёевнинг сиёсий иродаси туфайли “Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги қонун қабул қилинди. Аммо, бугун гендер билан тендерни алмаштирадиган раҳбарларимиз ҳам йўқ эмас. Айрим раҳбарлар жуда салбий қабул қилишди. Албатта, ҳали кўп тушунтириш ишларини олиб боришимиз керак”, дейди Сайёра Хўжаева.
Хабарингиз бор, жорий йилнинг 29 сентябрь куни Наманганда 35 яшар аёл МИБ ижрочиларининг кўз ўнгида ўзини ёқиб юборди. Сайёра Хўжаева мамлакатда гендер тенглиги хусусида гапираркан, ушбу воқеага ҳам тўхталди.
“Биласизми, гендер тенгликка Наманган воқеасининг нима алоқаси бор, деган савол пайдо бўлиши мумкин. Аслида жуда кўп нарса боғлиқ. Масалага энг бошидан баҳо берайлик. Бу аёл ўз-ўзидан шу аҳволга тушиб қолмаган. Оилада кўрган қийинчиликлари, ён-атрофдагиларнинг унга бўлган муносабати, енгил табиат деган туҳматлар... Бу каби азобдан аёл ўз муаммоси ичида яккаланиб қолган. Агар у аёл ўз хуқуқларини билганда, балки бу ҳолатгача келмасди. Ҳамма бало хуқуқий саводсизликдан, хуқуқий маданиятимизнинг пастлигидан.
Албатта, биз ҳали маҳаллаларга етиб бормадик. Баъзилар гендер — бу аёлларнинг ҳокимиятга бўлган интилишлари деб ҳисоблашади. Ҳақиқатда эса, бу эркаклар ва аёллар масалалари билан боғлиқ кенг ва долзарб муаммо — ҳар икки жинснинг имкониятлари тенглиги деб айтиш мумкин. Шубҳасиз, аёлларнинг жамиятда муаммолари кўпроқ, шунинг учун аёлларга кўпроқ эътибор қаратилган. Бугунги кунда дунё билан алоқалар, таълим, фан, маданият, ижтимоий сиёсат тизимидаги гендер нуқтайи назари янги қараш прототипи, жамоатчилик билан алоқалар ва ўзаро муносабатларнинг янги модули сифатида қабул қилинмоқда. Ижтимоий тармоқлар орқали аёлларнинг қандай қийналаётганини кўряпмиз. Аёлларга бўлаётган тазйиқларнинг умумий сонини кўриб, гендер тенглигига ҳали анча бор экан, деб ўйлаб қоламиз”, дейди Хўжаева.
Гендер тенглигини бугунги кунда ҳуқуқ посбонлари қанчалик англаяпти, тушуняпти ва амалда қўллаяпти? Ушбу саволга ҳуқуқ фаоли шундай жавоб беради:
“Кечирасиз, ҳуқуқ соҳаси посбонлари ҳам сиз билан бизга ўхшаган оддий одамлар. Ички ишлар ходимларини ёки бошқа ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларини олсак, гендер нима экани, “Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги қонуннинг мазмуни нимадан иборат, нима талаб қилаётгани уларга ҳали етиб ҳам бормади. Уларнинг бунга жисмонан вақти йўқ. Улар ўзининг ҳар кунлик топшириқлари билан банд. Етиб бориши учун уларни тизимли равишда ўқитиш зарур”.
Суҳбатни тўлиқ ушбу манзилда ўқишингиз мумкин.
LiveБарчаси
Медведев Хитойга борди.
10:15