Наманганда аёл ўзини ёқиб юборишида кимлар айбдор?

Жамият

image

Жорий йилнинг 29 сентябрь куни Наманганда МИБ ходимлари ҳаракатига норозилик сифатида Гуландон Дадабоева ўз устидан бензин қуйиб, ёқиб юборгани ҳақида хабар ерган эдик. Гуландон Дадабоева олган 80 фоиздан ортиқ куйиш тан жароҳати натижасида 30 сентябрь куни РШТЁИМ Наманган филиалида вафот этди. Мазкур ҳолат жамоатчилик орасида ҳамон муҳокамаларга сабаб бўлмоқда. Инсон ҳуқуқлари фаоллари, журналист ва блогерлар, халқаро ташкилотлар ҳолатга нисбатан муносабат билдирмоқда. 

QALAMPIR.UZ Демократия ва инсон ҳуқуқлари институти директори, захирадаги прокуратура полковниги, юридик фанлар номзоди Сайёра Хўжаева билан ўтганказган суҳбатида айнан Намангандаги воқеа ҳақида гаплашди. 

“Тўғриси ижтимоий тармоқларда бу воқеани кўрганимда, мени бир нарса ҳайратга солди. У ҳам бўлса - атрофда турган одамлар. Улар шунчаки томошабин бўлиб туришибди, чунки улар аёл ўзини ёқишига ишонишмаяпти. Мен, ўз тажрибамдан келиб чиқиб, шу кадрни кўриб ишондим. Тошкент вилояти ҳокими ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси бўлиб ишлаган давримда ҳар хил аёлларни кўриб, кўзим пишиб кетган. Аёллар психологияси, ички кечинмалари билан яқиндан танишиб, уларнинг нима қилиши, қандай қадам ташлашини, қайси ҳаракати нимага олиб келишини биламан. Видеони кўрибоқ, ҳозир ўзини ёқиб юборади, деб айтдим. Бу таҳдид ҳам, кимнидир қўрқитиш ҳам эмасди. Аёл чегарага олиб келинган эди. Мени ҳайратга солган нарса, атрофда 20 дан ортиқ эркак ва аёллар турибди ва улардан бирортаси ҳам югуриб бориб, аёлни қутқаришга ҳаракат қилмади. Саросимага туширадиган ҳолат эди, бориб қутқаришгунига қадар бироз вақт ўтди ва уни сақлаб қолишнинг имкони бўлмади. Аёлни шу нуқтага олиб келмаслик ҳам мумкин эди. Тўғриси бу воқеани ўйласам, ўзимни жуда ёмон ҳис қиламан”, дейди Сайёра Хўжаева. 

Бўлиб ўтган воқеаларга нисбатан турлича фикр ва муносабат билдирилмоқда. Кимдир аёл ўзини ёқмаса бўларди, у энди икки фарзандини ҳам давлатнинг гарданига қўйиб кетди деса, яна бошқалар нобоп тизим ва одамлар уни бунга мажбур қилганини айтади. Инсон ҳуқуқлари фаоли Сайёра Хўжаева эса воқеага алоқадор барча ташкилотларни айблайди. 

“Биз ҳаммамиз инсонмиз, бундай ҳолатлар ҳар куни ҳам бўлмайди, лекин бу аёлнинг шундай аҳволга келишига, жамиятда бўлаётган ходисалар, аёл атрофида юз берган хатоликлар ва албатта, у ерда турган инсонлар сабаб бўлган, деб ўйлайман. Қўни-қўшни, МИБ, ИИБ ходимлари, қолаверса кадастр, нотариусдан бошлаб ҳаммаси айбдор. Албатта, бўлиб ўтган ходисага, ҳуқуқий баҳо берилади. Сиз билан бизга ўхшаб таҳлил қилинади, аммо энди кеч, чунки инсон йўқ. Фарзандлари энди она меҳрисиз катта бўлади. Онаси бутун умр болам деб ўтади. Бундай  ҳодисалар, албатта, Ўзбекистоннинг имиджига дунё ҳамжамияти олдида таъсир қўрсатувчи, салбий омилларидан бири, деб ўйлайман”.

Сўнгги тўрт йилда Ўзбекистонда қатор ўзгаришлар кузатилди. Матбуот ва сўз эркинлиги тикланди, инсон ҳуқуқларини таъминлаш масаласи устувор вазифага айланди. Ўзбекистон кўплаб халқаро ҳужжатларни эътироф этди, халқаро ташкилотларга аъзо бўлди. Куни кеча Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши аъзолигига қабул қилинди. Мамлакат ичкарисида содир бўлаётган бу каби воқеалар Ўзбекистоннинг жаҳон ҳамжамиятидаги обрўсига қандай таъсир кўрсатади? Бу воқеа рейтингларга салбий таъсир ўтказиши мумкинми? Сайёра Хўжаева ушбу саволга қуйидагича жавоб берди: 

“Албатта,  таъсир қилади. Чунки хорижий инвесторлар Ўзбекистонга сармоя киритишдан олдин, етти марта эмас, етмиш марта ўлчаб кўришади. Эсимда, 2018 йил бизга инвестиция олиб кирмоқчи бўлган 700 та чет эл инвесторлари ҳар хил сабабларга кўра, ўз сармояларини киритмасдан, қайтиб кетишган. Кимдир айтар, қайтса қайтибди деб. Аммо, уларнинг бизга олиб киритган инвестицияси туфайли, қанча-канча янги иш ўринлари очилиши мумкин эди. Қанча йигит-қизларимиз, чет элга иш ахтариб, оиласидан узоққа, юртни тарк этиб кетмас эди...”


Мақола муаллифи

Теглар

МИБ Гуландон Дадабоева

Баҳолаганлар

643

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг