“Бу мағлубиятнинг тан олинишидир”. Алиев Қорабоғ можаросига яна бир бор тўхталди
Олам
−
02 Ноябрь 2020
9265Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев Арманистон бош вазири Никол Пашинян Россия Президенти Владимир Путиндан Тоғли Қорабоғ масаласида ёрдам сўраб ёзган мактубига тўхталар экан, бу ҳолатни мағлубиятни тан олиш, деб атади.
“Бу мактуб – айни пайтда мағлубиятни тан олишдан ўзга нарса эмас. Чунки ҳеч қандай асос бўлмаса, Россиядан ёрдам сўралмас эди”, деди Алиев Туркия Ташқи ишлар вазири Мавлуд Чавушўғли билан бўлган учрашувда.
Озабайжон раҳбарининг таъкидлашича, Арманистон ҳудудида “ҳеч қандай ҳарбий ҳаракатлар олиб борилмаяпти” ва бундай режа ҳам мавжуд эмас.
Алиевнинг маълум қилишича, агар Ереван Тоғли Қорабоғ ҳудудидан ўз ҳарбийларини олиб чиқмас экан, Боку "охиригача боради”.
Аввалроқ, Арманистон Ташқи ишлар вазири Россия Президенти Владимир Путиндан Тоғли Қорабоғдаги вазиятни барқарорлаштириш юзасидан ёрдам сўрагани ҳақида хабарлар пайдо бўлган эди.
Бундан ташқари, Россия ТИВ раҳбари Сергей Лавров ва Туркия Ташқи ишлар вазири Мавлуд Чавушўғли ўртасида телефон суҳбати бўлиб ўтган эди.
Тоғли Қорабоғ можароси
Расмий Бакуга кўра, Арманистон Қуролли Кучлари жорий йилнинг 27 сентябрь куни соат 06:00 дан бошлаб Озарбайжонга қарши кенг кўламли провокацияларни амалга оширди, бутун фронт бўйлаб Озарбайжон армиясининг позицияларини, шунингдек, олдинги чизиқ зонасида жойлашган аҳоли пунктларини ўққа тутди.
Арманистон ҳужум Озарбайжон қуролли кучлари томонидан бошланганини айтмоқда. Озарбайжон эса қуролли тўқнашувга нисбатан жавоб ҳужумлари бошлаганини расман эълон қилиб, Арманистон чегарасидаги тинч аҳоли вакилларини чегара ҳудудларидан четга чиқишларини сўради.
Ҳолат бўйича Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев халққа мурожаат билан чиқиб, тўқнашув Озарбайжоннинг провокацияси эмаслигини айтди.
Никол Пашинян эса мамлакатда ҳарбий ҳолат ва умумий сафарбарлик эълон қилди. Бунинг ортидан Илҳом Алиев мамлакатда ҳарбий ҳолат ва комендантлик соати эълон қилиш ҳақидаги фармонга имзо чекди. Шунингдек, Алиев 28 сентябрь куни қисман сафарбарлик эълон қилиш ҳақидаги ҳужжатни имзолади.
Озарбайжон ва Арманистон ўртасида кескинлик авж олгандан кейин Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров икки мамлакат Ташқи ишлар вазирлари билан телефон орқали мулоқот қилиб, уларни музокаралар столига қайтишга чақирган эди. Президент Владимир Путин эса Никол Пашинян билан мулоқот қилиб, масалани тинч йўл билан ҳал этишни тавсия қилди. Бу орада Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев асосий куч ва дастакни Туркия Республикасидан олаётгани маълум бўлди. Шу куни Туркия ва Озарбайжон Президентлари телефон орқали мулоқот қилдилар ва Эрдўған турк халқи ва давлати Озарбайжонни бор имконияти билан қўллаб-қувватлашини эслатди.
Озарбайжон ва Арманистон ўртасидаги Тоғли Қорабоғ можароли зонасидаги вазият кўп жиҳатдан Россияга боғлиқ. Россия Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Хавфсизлик Кенгашининг доимий аъзоси, шунингдек Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти Минск гуруҳининг ҳамраиси. 1 октябрь куни гуруҳ ҳамраислари – АҚШ, Россия ва Франция Тоғли Қорабоғ масаласида қўшма баёнот эълон қилдилар.
LiveБарчаси