Бу фақат учинчи жаҳон урушига олиб келади – Лукашенко
Олам
−
24 Март 2022
22511Польшанинг Украинага Ғарб тинчликпарвар контингентини юбориш ҳақидаги таклифи учинчи жаҳон урушига олиб келади. Бу ҳақда Беларусь фуқароси Александр Лукашенко маълум қилди.
“Кўряпсизми, бу польшаликлар, ақлдан озган. Улар аллақачон Ғарб тинчликпарвар контенгентини Украинага олиб киришни таклиф қилмоқда. Аслида бу биринчи океаннинг нариги томонидан (АҚШ Президенти Жо Байден – таҳр.) таклиф қилинган. Келинг, биз ҳам юз минглик тинчликпарвар кучларни яратайлик ва Львов орқали Украинага олиб келайлик”, дейди Лукашенко.
Унинг сўзларига кўра, бу учинчи жаҳон урушини англатади. Беларусь эса бунга четдан қараб турмайди.
“Сиз ўйлаяпсизки, биз шунчаки оёқости қилинамиз ва хириллашга ҳам улгурмаймиз! Ёки мен яна автомат билан олдинга югураман? Йўқ, болалар", дейди у.
Лукашенконинг айтишича, инсон ўз Ватанини тиш-тирноғи билан ҳимоя қилиши керак. Ҳозир вазият жуда жиддий, жуда таранг.
Эслатиб ўтамиз, Варшава Украинанинг ғарбий вилоятларига НАТО тинчликпарвар миссиясини жўнатиш ташаббуси билан чиққан эди. НАТО Бош котиби Йенс Столтенберг бу таклифни рад этган. Польша Президенти Анжей Дуда ўз таклифини НАТОнинг навбатдаги саммитида АҚШ Президенти Жо Байденга тақдим этишни режалаштирган.
Маълумот учун, Владимир Зеленский Украина ҳеч қандай чекловларсиз ҳарбий ёрдамга муҳтож эканлигини қайтағқайта такрорлаяпти. Бундан ташқари, у 24 февраль куни НАТО давлатларига мамлакат осмонини исталган форматда ёпиш илтимоси билан мурожаат ҳам қилган.
“Украина сизнинг танкларингизнинг 1 фоизини сўради, беринг ёки сотинг, аммо жавоб йўқ. Сиз бизга самолётларингиздан, танкларингиздан 1 фоизини беришингиз мумкин. Биз уларни шунчаки сотиб ололмаймиз, бундай таъминот фақат НАТО қарорига боғлиқ”, дейди Украина раҳбари.
Россия-Украина уруши
Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарадаги тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.
Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.
24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.
Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.
25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.
Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.
Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.
Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.
Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь