Британияда ҳар 5 кунда битта масжидга ҳужум қилинган – ҳисобот
Олам
−
13:06 843 2 дақиқа
Буюк Британияда 2025 йил июль–октябрь ойлари давомида мамлакатдаги масжидлар ўртача ҳар 5 кунда бир марта ҳужумга учрагани аниқланди. Бу ҳақда ҳукуматнинг мусулмонларга қарши нафрат жиноятларини мониторинг қилиш бўйича расмий ҳамкори ҳисобланган British Muslim Trust ҳисоботига таяниб “Анадолу” агентлиги хабар берди.
“Бўлиниш ёзи: Мусулмонларга қарши нафратнинг мамлакат бўйлаб кучайиши” номли ҳисоботда қайд этилишича, 2025 йилнинг июль–октябрь ойларида мамлакат бўйлаб масжидлар ва мусулмонлар жамоат марказларига қарши 27 та исломофобик ҳодиса тасдиқланган.
Ҳисоботга кўра, ушбу ҳужумлар оқибатида 25 та турли масжид бевосита жабрланган. Ҳодисалар 23 та шаҳар ва аҳоли пунктида содир бўлган. Шунингдек, Виррал, Эпсом ва Уотфорд ҳудудларида айрим масжидлар бир неча бор ёки гуруҳлашган тарзда нишонга олингани таъкидланган.
Маълум қилинишича, масжидларга қилинган ҳужумларнинг 41 фоизида қўрқитиш мақсадида хочлар, Буюк Британия байроқлари, Сент-Жорж байроқлари ҳамда турли христиан рамзлари ва шиорларидан фойдаланилган.
Ҳодисаларнинг 26 фоизи эса зўравонлик билан боғлиқ бўлиб, улар қаторига ойна синдириш, бевосита ҳужумлар ва ўт қўйиш ҳолатлари кирган.
Ҳисоботда таъкидланишича, июлдан октябргача бўлган даврда ҳужумлар оддий вандализмдан мувофиқлаштирилган қўрқитиш ҳаракатлари ва зўравонликка айланган. Хусусан, ўт қўйиш ва бир объектни қайта-қайта нишонга олиш ҳолатлари кўпайган.
Ҳужжат муаллифларининг фикрича, кўплаб мусулмонлар бу каби ҳодисаларни тасодифий вандализм ёки қонуний ватанпарварлик намойиши сифатида эмас, балки ўз эътиқоди туфайли Британия жамиятидаги ўрни шубҳа остига қўйилаётгани ҳақидаги таҳдид ва қўрқитиш ҳаракатлари сифатида қабул қилмоқда.
British Muslim Trust маҳаллий полиция, муниципалитетлар ва бошқа мутасадди идораларни масжидларга қарши нафрат жиноятларига тезкор жавоб бериш механизмларини кучайтиришга, жабрланган жамоаларни зудлик билан қўллаб-қувватлашга ҳамда идоралар ўртасида ахборот алмашинувини яхшилашга чақирган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ ишғолчи Исроилнинг ўта ўнгчи Миллий хавфсизлик вазири Итамар Бен-Гвир полиция қўриқлови ва ашаддий яҳудийлар ҳамроҳлигида ишғол остидаги Шарқий Қуддусда жойлашган Ал-Ақсо масжидига яна бостириб кирганди.
Live
Барчаси