Бен-Гвир полиция ва яҳудийлар ҳамроҳлигида Ал-Ақсо масжидига бостириб кирди

Олам

image

Ишғолчи Исроилнинг ўта ўнгчи Миллий хавфсизлик вазири Итамар Бен-Гвир полиция қўриқлови ва ашаддий яҳудийлар ҳамроҳлигида ишғол остидаги Шарқий Қуддусда жойлашган Ал-Ақсо масжидига яна бостириб кирди. Бу ҳақда “TRT Haber” хабар берди.

Қайд этилишича, Бен-Гвир яҳудийлар томонидан Сулаймон ибодатхонасининг вайрон қилинган куни сифатида нишонланадиган ва “Тиша бе-Ав” деб аталувчи мотам куни муносабати билан Ал-Ақсо масжидига кирган.

“Тиша бе-Ав куни биз вайрон бўлишни ёдга оламиз. Бироқ Ибодатхона тоғида (яҳудийлар Масжидул Ақсога берадиган ном) жуда катта силжишни ҳам кўряпмиз. Бу ерда бўлаётган воқеаларга қаранг. Яҳудийлар ибодат қиляпти, ўзларини бу ернинг эгасидек ҳис қиляпти. Бу ерда аввал бундай ҳолат ҳеч қачон бўлмаганди”, деган Исроил полицияси ва яҳудийлар ҳамроҳлигида Масжидул Ақсога бостириб кирган Бен-Гвир.

Нашр маълумотига кўра, эрталабдан буён 1300 нафардан ортиқ ашаддий яҳудий “Тиша бе-Ав” баҳонасида Масжидул Ақсога бостириб кирган. Шунингдек, Исроилнинг ўта ўнгчи Миллий хавфсизлик вазири Итамар Бен-Гвир бундан аввал ҳам бир неча бор Ал-Ақсо масжидига шундай киришни амалга оширган.

Макълумот учун, яҳудийлар “Тиша бе-Ав” деб аталувчи кунни милоддан аввалги 586 йил ва милодий 70 йилда Сулаймон ибодатхонаси вайрон қилинган кун сифатида нишонлайди. Улар ҳар йили шу муносабат билан Масжидул Ақсога бостириб киради. Фаластин томони эса бу ҳаракатларни Масжидул Ақсонинг тарихий ва ҳуқуқий мақомини бузувчи амалиёт ҳамда провокация сифатида баҳолайди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШ ва Исроил Иорданиянинг Қуддусдаги Ал-Ақсо мажмуаси устидан тарихий васийлик ҳуқуқини бекор қилиш бўйича фаол иш олиб бораётгани хабар қилинганди.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг