Британия ва Канада ҳам Путинга персонал санкция жорий қилди

Олам

image

Кеча, 25 февраль куни Британия ҳукумати Россия Президенти Владимир Путин ва Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавровни Буюк Британия санкциялари рўйхатига қўшди.

Уларнинг номлари кеча янгиланган санкциялар рўйхатида кўрсатилган. Бу Буюк Британия ҳукумати веб-сайтида эълон қилинган. Рўйхатда қайд этилишича, бу ҳолатда санкциялар активларни музлатишдан иборат.

Британия Бош вазири Борис Жонсон бу санкцияларни уларнинг “реваншистик миссияси”га жавобан яқин вақт ичида киритишини айтганди. У, шунингдек, иттифоқчиларни Россия Президентига қарши энг оғриқли чораларни кўришга ва Россияни SWIFTдан узишга чақирди.

Канада ҳам Украинага қарши ҳужуми муносабати билан Россия Президенти Владимир Путин ва Ташқи ишлар вазири Сергей Лавровга қарши санкциялар жорий қилди. Шунингдек, Беларусга нисбатан қўшимча чекловлар жорий этди.

“Украинада содир бўлаётган ўлим ва вайронагарчилик учун энг катта масъулият айнан мана шу одамлар зиммасига тушади. Дунё Президент Путин танлаган уруш даҳшатларига гувоҳ бўлмоқда... Бу Украинанинг 40 миллиондан ортиқ бегуноҳ фуқаролари ва бутун инсоният учун ваҳшийликдир”, деган Канада Бош вазири Жастин Трюдо.

У янги чораларни Канада ва унинг иттифоқчилари томонидан киритилган “кучли мувофиқлаштирилган санкциялар”нинг учинчи пакети деб атади.

Канада Россияни SWIFT пул ўтказмалари ва тўлов тизимидан узиш тарафдори.

24 февраль куни Буюк Британия ҳукумати ВТБ Банк, “Ростех” давлат корпорацияси ва мудофаа компаниялари “ОАК”, “ОСК” ва “Уралвагонзавод”га қарши санкциялар киритганди. Уларнинг Буюк Британиядаги активлари музлатиб қўйилади, улар Британия молия тизимига киришдан бутунлай маҳрум бўлади ва фунт стерлингда тўловларни амалга ошира олмайди.

Россиянинг Украинага босқини

Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарадаги тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.

Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.

24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.

Бунинг ортидан Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди.

Рус қўшинлари дастлаб Киев ва Харьковга ракета ҳужуми уюштирди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди. Шунингдек, расмий идора рус қўшинлари Харьков ва Одесса вилоятига кириб борганини билдирди.

Ҳужум бошланганидан кўп ўтмай, ЛХР Ички ишлар вазири маслаҳатчиси Виталий Киселев Счастье ва Станица шаҳарчалари ЛХР назоратига ўтганини эълон қилди.

Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.

25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия-Украина уруши Украинага босқин

Баҳолаганлар

40

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг