Бразилия Президенти полицияни намойишчиларга ёрдам беришда айблади
Олам
−
13 Январь 2023
3040Бразилия Президенти Луис Инациу Лула да Силва полиция ва ҳарбийларни собиқ давлат раҳбари тарафдорларига Миллий Конгресс биносига бостириб киришига ёрдам берганликда айблади. Ушбу айбловни Лула да Силва вилоятлар губернаторлари билан учрашувда айтиб ўтган.
“Олинган кадрларда полиция ҳужумчилар билан қандай гаплашаётганини кўриш мумкин. Полиция ва намойишчилар ўртасида аниқ келишув бор эди”, дейди Президент.
Шунингдек, Бразилия Президенти намойишчиларни молиялаштириш манбаларини текширишни ва тартибсизликларда иштирок этганларнинг барчасини жазолашни буюрганини таъкидлаган.
“Бразилия полицияси ҳужум таҳдиди ҳақидаги хабарларга эътибор бермади. Разведка ҳам бунга эътибор бермади”, дейди Лула да Силва.
Ҳозирда ҳукумат биноларига бостириб киришда қатнашганлар сони 1800 нафарга етган.
Бразилиядаги тартибсизликлар
Бразилияда собиқ Президент тарафдорлари томонидан уюштирилган намойишлар жорий йилнинг 8 январидан буён давом этиб келмоқда. Cобиқ Президент Болсонару тарафдорлари мамлакатда ўтказилган сайлов натижаларини бекор қилишни талаб қилмоқда. Шундан сўнг, пойтахтда фавқулодда ҳолат эълон қилинди. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, тартибсизликларда 5 мингга яқин одам қатнашган. Ҳозирда Бразилияда тартибсизликлар чоғида жами 1,5 мингга яқин одам ҳибсга олинган.
Қайд этиш керакки, дунёнинг бир қанча давлатлар Президентлари амалдаги Президент Луис Инациу Лула да Силвани қўллаб-қувватламоқда. Жумладан, АҚШ Президенти Жо Байден Бразилиядаги тартибсизликларни қоралаб, Лула да Силвани Вашингтонга келишини таклиф қилган. Шунингдек, Ҳиндистон Бош вазири Нарендра Моди ва Бразилиядаги тартибсизликлардан хавотирда эканини ҳамда амалдаги ҳукуматни тўлиқ қўллаб-қувватлашини айтган.
Бундан ташқари, Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған Анқара Бразилияда қонуний йўл билан сайланган Президент Луис Инациу Лула да Силвага нисбатан зўравонлик ҳаракатларини қоралашини ва бу мамлакат ҳукумати ҳамда халқи билан бирдамлигини билдирган.
10 январь куни эса Бразилияда ўтказилаётган намойишларга асосий сабаб бўлган собиқ Президент Жаир Болсонару қорин соҳасидаги оғриқ билан АҚШдаги шифохоналардан бирига ётқизилган.
2022 йилнинг октябрь ойида Бразилияда президентлик сайловлари бўлиб ўтганди. Иккинчи турда Да Силва 50,90 фоиз овоз билан Президент этиб сайланди. 1 январь куни пойтахтда мамлакатнинг сайланган Президенти Луис Инациу Лула да Силванинг инаугурацияси бўлиб ўтди.