Халқни янги Президентга қарши қайраган собиқ Президент шифохонага ётқизилди
Олам
−
10 Январь 2023
7370Айни пайтда Бразилияда ўтказилётган намойишларга асосий сабаб бўлган собиқ Президент Жаир Болсонару қорин соҳасидаги оғриқ билан шифохонага ётқизилди. Бу ҳақда “Reuters” нашри хабар берди.
“Жаир Болсонару қорин соҳасидаги оғриқ билан Флорида штатининг Орландо шаҳридаги шифохонага ётқизилди”, дейилади хабарда.
Маълум қилинишича, сиёсатчи 2018 йилги президентлик кампанияси вақтида пичоқланганидан кейин ичак касаллиги бўйича бир неча бор даволаган. Шундан сўнг, Жаир Болсонару бир нечта операцияни ўтказган.
Эслатиб ўтамиз, Бразилияда бир неча кундан буён собиқ Президент Болсонару тарафдорлари мамлакатда ўтказилган сайлов натижаларини бекор қилишни талаб қилиб намойишлар ўтказмоқда. Шундан сўнг, пойтахтда фавқулодда ҳолат эълон қилинди. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, тартибсизликларда 5 мингга яқин одам қатнашган. Ҳозирда Бразилияда тартибсизликлар чоғида жами 1,5 мингга яқин одам ҳибсга олинган.
Қайд этиш керакки, дунёнинг бир қанча давлатлар Президентлари амалдаги Президент Луис Инациу Лула да Силвани қўллаб-қувватламоқда. Жумладан, АҚШ Президенти Жо Байден Бразилиядаги тартибсизликларни қоралаб, Лула да Силвани Вашингтонга келишини таклиф қилган. Шунингдек, Ҳиндистон Бош вазири Нарендра Моди ва Бразилиядаги тартибсизликлардан хавотирда эканини ҳамда амалдаги ҳукуматни тўлиқ қўллаб-қувватлашини айтган.
Бундан ташқари, Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған Анқара Бразилияда қонуний йўл билан сайланган Президент Луис Инациу Лула да Силвага нисбатан зўравонлик ҳаракатларини қоралашини ва бу мамлакат ҳукумати ҳамда халқи билан бирдамлигини билдирган.
Маълумот учун, 2022 йилнинг октябрь ойида Бразилияда президентлик сайловлари бўлиб ўтганди. Иккинчи турда Да Силва 50,90 фоиз овоз билан Президент этиб сайланди. 1 январь куни пойтахтда мамлакатнинг сайланган Президенти Луис Инациу Лула да Силванинг инаугурацияси бўлиб ўтди.