Божхонадан гапирамиз: Ўзбекистонда коронавирус озиқ-овқат маҳсулотлари тақчиллигига сабаб бўладими? 

Жамият

Жорий йилнинг 15 март куни Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов коронавирус инцҳфекциянинг мамлакат бўйлаб тарқалишининг олдини олиш мақсадида Ўзбекистонга ва мамлакатдан хорижга амалга ошириладиган барча авиақатновлар бекор қилиниши, автомобиль орқали халқаро йўловчи ташиш ҳам буткул тақиқланиши ҳақида маълум қилган эди. Бу хабардан сўнг аҳоли орасида мамлакатга хориждан келувчи товарлар, озиқ-овқат ва бошқа маҳсулотлар тақчиллиги кузатилиши ҳақида гап-сўзлар болалади. 

Шундан сўнг, Давлат божхона қўмитаси бу чекловлар юк ташувчи транспортларга тегишли эмаслиги ҳақида маълум қилди. Бироқ, ушбу масалага янада ойдинлик киритиш мақсадида, QALAMPIR.UZ жамоаси Давлат божхона қўмитасида бўлиб, халқ орасида туғилган саволлар билан  Давлат божхона қўмитаси Божхона назоратини ташкил этиш бошқармаси бошлиғи Рустам Кабуловга юзланди. 
 
Кабуловнинг сўзларига кўра, Ўзбекистон барча давлатлар билан транспорт алоқаларини тўхтатганига қарамай, юк ташувчи транспорт воситалари ҳаракатига чекловлар қўйилмаган.

Рустам Кабулов: — Ўзбекистон Республикасида 2020 йил 15 март куни Бош вазир раҳбарлигида йиғилиш бўлиб ўтди. 16 мартдан бошлаб барча давлатлар чегараси орқали фуқаролар ва йўловчи ташувчи транспортлар ҳаракати вақтинча тўхтатилди. Юк ташишлар бўйича ҳеч қандай чекловлар йўқ. Юк автотранспорт воситалари ҳайдовчилари, чегара постида хизмат олиб бораётган санитария-эпидемиология маркази ҳодимлари томонидан чуқур кўрикдан ўтказилгандан сўнг, ҳаракатини давом эттирмоқда. Темир йўл, дарё транспорти ва юк ташувчи самолётлар бор. Уларда ҳам товар оқими тўхтагани йўқ. Экспорт-импорт жараёни ва транзит юклар ўтишига ҳам чекловлар қўйилмаган”, дейди Кабулов.

Журналист: — Озиқ-овқатлар орқали вирус юқтириб олиш ҳолатлари ҳақида гап-сўзлар тарқалмоқда. Истеъмол товарлар текшируви қандай йўлга қўйилган?

Р.К.: — Ҳар бир келаётган озиқ-овқат маҳсулотлари тегишли давлат органи томонидан сертификатдан ўтади. Кейин уни божхона расмийлаштириб беради. Сўнг у эркин муомалага чиқарилади, ундан кейин бозорга олиб чиқиб сотилиши мумкин. Албатта, сифат даражаси назоратидан ўтган ҳолда. Божхонадан текшириб ўтказилдими, демак бу маҳсулотдан қўрқмаслик керак.

Ж.: — Чегарадан маҳсулотларни олиб ўтишда қандай чекловлар мавжуд?

Р.К.: — Иқтисодиётимизнинг барча жабҳасида экспорт қилинаётган товарларга ҳеч қандай чекловлар йўқ. Фақатгина, касаллик тарқалиш даврида зарур бўлган тиббиёт ниқоблари ва махсус комбинезонлар экспорти вақтинча тўхтатилди. Чунки бу маҳсулотларга ички бозорда эҳтиёж ортди.

Ж.: — Ҳозирда дорихоналарда тиббий ниқоблар тақчиллиги кузатилмоқда. Юқорида таъкидланганидек, ушбу маҳсулотни экспорт қилиниши тўхтатилган. Чекловларга қарамай, ниқобларни чет элга ноқонуний олиб чиқиш ҳолатлари кузатилдими? 

Р.К.: — Дунё бозорида ушбу товарга эҳтиёж пайдо бўлган. Маҳсулот нархи ҳам кўтарилган. Халқимиз эҳтиёжини қондириш мақсадида ушбу маҳсулот экспорти тўхтатилган. Аммо шунга қарамай, тиббий ниқобларни олиб чиқиб кетилиши юзасидан уринишлар бўлди. Божхона ходимлари томонидан бундай ҳолатлар вақтида аниқланиб, бартараф этилди. 

Ж.: — Касаллик сабаб қўйилган чекловлар товарлар айланмасига таъсир ўтказдими? Очиқроқ айтганда, пасайиш бўлдими?

Р.К.: Биз буни таҳлил қилиб боряпмиз. Савдо айланмасида камайиш ҳолати сезиларли равишда кузатилмади. Чунки ҳеч бир давлат товар экспорт-импортини чекламади. Бу – иқтисод. Бизда ишлаб чиқарилаётган товарга бошқа давлатда эҳтиёж бор, бошқа давлатда ишлаб чиқарилаётган товарга Ўзбекистонда эҳтиёж бор. Фақатгина, касаллик сабаб фуқароларга қўлланилаётган маълум чекловлар натижасида январь ойида Хитойдан кираётган товарлар оқимида ўзгариш кузатилди. Бу ҳолат тезда бартараф этилди. Ҳозирда жараён ўз йўлига тушиб кетган.

Жорий йил бошидан Ўзбекистоннинг ташқи савдо айланмаси 4,6 миллиард АҚШ долларини ташкил этди. Тегишли равишда, 36 000 дан ортиқ автотранспорт воситаларида 671 минг тонна юк кириб келган. Шунингдек, 72 000 дан ортиқ темир йўл вагонларида 3,5 миллион тонна товарлар олиб келинган. Товарлар оқими тўхтамаганини бу рақамлардан ҳам кўриш мумкин. 

Ж.: — Хориждан мамлакатга кираётган фуқаролар текширувлари қандай ўтказилмоқда?

Р.К.: — Ўзбекистон фуқароси Ватанига қайтса, хеч қандай чекловларсиз кириб келади. Лекин, чет эл фуқароларининг киришига чекловлар бор. Ўзбекистондаги чет эл фуқароси мамлакатдан бемалол чиқиб кета олади. Мамлакатга келадиган ҳар бир Ўзбекистон Санитария-эпидемиология назорати давлат инспекцияси ходимлари томонидан текширувдан ўтади. Уларнинг тана ҳарорати ўлчаниб, охирги кунларда ўзини қандай ҳис қилаётгани ҳақида савол-жавоб уюштирилади. Фуқаронинг ҳолати қониқарли бўлса, мамлакатга киритилади. Агарда бирор шубҳали ҳолат аниқланса, улар изолацияга олинади. Сўнгра, тиббиёт ходимлари  томонидан шифохонага олиб кетилади.

Таҳр.: Юқоридаги суҳбатдан кўриниб турибдики, мамлакатда коронавирус сабаб хеч қандай товар ва маҳсулот тақчиллиги кузатилмайди. Юк ташиш бўйича чегаралараро транспорт ҳаракатларида чекловлар мавжуд эмас ва у доимгидек давом этмоқда. Шунингдек, аҳоли ўртасида бу масалада ваҳимага асос йўқ.
 


Мақола муаллифи

Теглар

Ўзбекистон Абдулла Арипов озиқ-овқат

Баҳолаганлар

36

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг