Бойсундаги газ конида яна водород сульфиди отилиб чиқди

Таҳлил

27 март куни соат 21:00 лар атрофида Сурхондарё вилояти Бойсун туманидаги М-25 газ конидаги 202-сонли қудуқда водород сульфидининг назорат остидаги отилиши юз берган. 

“Табиатга зиён етказмаслик ва ҳаво ифлосланишининг олдини олиш мақсадида қудуқ ёқиб қўйилган”, демоқда Энергетика вазирлиги.

Вазирликнинг маълум қилишича, ҳодиса оқибатида ҳеч ким жабрланмаган. Воқеа жойига зудлик билан Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг бригадаси етиб борган. Шунингдек, ишларни ташкил этиш мақсадида Энергетика вазирлиги ҳамда бошқа мутасадди ташкилотлар таркибида ташкил этилган махсус штаб вакиллари ҳам ҳодиса жойига етиб борган.

Билдирилишича, айни пайтда керакли барча чора-тадбирлар зарур техника ҳамда ускуналардан самарали фойдаланилган ҳолда олиб борилмоқда. Шунингдек, хавфсизликни таъминлаш бўйича кучайтирилган чоралар кўрилмоқда.

“Алоҳида таъкидлаш лозимки, юзага келган мазкур ҳолат аҳоли ва яқин атрофдаги ҳудудларга ҳеч қандай хавф туғдирмайди. Жараён Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, “Саноатконтехназорат” давлат инспекцияси ҳамда Очиқ нефть ва газ фаввораларнинг олдини олиш ва бартараф этиш бўйича Ўзбекистон ҳарбийлаштирилган қисми мутахассислари томонидан тўлиқ назорат остига олинган”, дейилади хабарда.

Қайд этилишича, ҳозирги вақтда ушбу вазият ҳамда ёнғиннинг келиб чиқиши сабаблари ўрганилмоқда. Бу ҳақдаги батафсил маълумот ишлар якунланганидан сўнг маълум қилинади.

“М-25 газ конини ўзлаштириш жараёни ўзига хос мураккабликка эга бўлиб, бу ерда халқаро тажрибадан фойдаланиб, кучайтирилган назорат чоралари амалга оширилмоқда”, дейилади хабарда.

Конда содир бўлган ҳолат аслида биринчиси эмас. Бундан 6 ой олдин, 2024 йилнинг аниқроғи сентябрь ойи бошида “Мустақилликнинг 25 йиллиги” конида олтингугурт гази ёки илмий тилда водород сульфид сизиб чиқиши кузатилган. Ўшанда бу ҳодисага технологик жараён бузилиши сабаб бўлгани айтилган.

Водород сульфид – бевосита асаб тизимига таъсир қилувчи заҳарли газ ҳисобланади. У ҳид билиш нервини фалаж қилиш хусусиятига эга, бунинг оқибатида одам бу газнинг ҳидини сезмай қолади. Кам миқдордаги водород сульфиди бўлган ҳаводан нафас олиш бош айланиши, бош оғриғи, кўнгил айниши, қайт қилишга, юқори концентрация эса кома, тутқаноқ, ўпка шиши ва ўлимга олиб келиши мумкин.

Газ сизиб чиқиши сезилган илк кунларда кон яқинида яшовчи фуқаролар хавфсиз ҳудудга юк машиналарида эвакуация қилинган. Аҳолининг аксарияти ўзининг бошқа ҳудудлардаги яқин қариндошлариникига жойлашган бўлса, айримлари мактаб ва шифохоналарга олиб борилган.

Ўзбекистон Президенти топшириғига асосан, Бош вазир ўринбосари Очилбой Раматов, Фавқулодда вазиятлар вазири генерал-майор Абдулла Қўлдошев, Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов, Соғлиқни сақлаш вазири Асилбек Худоёров, Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов ва “Ўзбекнефтгаз” АЖ бошқарув раиси Баҳодиржон Сидиқов ҳодиса жойига етиб борган.

Маълумотларга кўра, 14 сентябрь куни тахминан соат 13:05 да минорадан чиқиб турган қувурнинг устига ПВО (сизиб чиқишга қарши қурилма) ўрнатилиб, 15 сентябрь куни тўлиқ тизимни пресслаш жараёни олиб борилган ва шу куни соат 16:40 да Барит номли махсус эритма юборилган ва 16:50 да минорадан ва чиқарувчи ускуналардан газ чиқиши тўхтатилган.

Ўшанда, вазиятни профессионал баҳолаш мақсадида воқеа жойига Россия ва АҚШ экспертлари ҳам олиб келингани айтилганди.

“Ҳодиса оқибатларини бартараф этиш давомида аҳоли учун ҳеч қандай хавф бўлмади. Ишлар барча зарур техника ва ускуналар билан тўлиқ таъминланган ҳолда олиб борилди. Барча зарур чоралар кўрилди. Хусусан, атрофда жойлашган аҳоли пунктларида ҳаво муҳитини ўлчаш ва мониторинг қилиш учун махсус постлар ўрнатилди. Таҳлиллар шуни кўрсатдики, атмосферада зарарли моддаларнинг рухсат этилган максимал концентрациясидан ошиб кетиш ҳолатлари кузатилмаяпти. Шунингдек, бурғилаш қурилмасининг ишчи майдонини тозалаш ишлари амалга оширилди ва якунланди, таянч майдон махсус техника ва ускуналарни тўлиқ ўрнатиш ва фойдаланиш учун тайёрланди”, дея маълум қилган эди ФВВ.

Шундай бўлишига қарамай, конда 17 сентябрь куни соат 16:00 ларда Сурхондарё вилояти Бойсун туманидаги “Кофрун” МФЙ ҳудудида жойлашган “Мустақилликнинг 25 йиллиги” (М-25) конига қарашли 604-сон қудуғининг ён тарафидан юқори босимли водород сульфид гази сизиб чиққан.

Унда 4 киши қурбон бўлди. 11 киши жароҳатланган, улардан 10 нафарига шу куни шифохонадан уйига жавоб берилган. Ҳалок бўлганлар конда ишлаган пудратчи ташкилот ходимлари бўлган.

18 сентябрь куни Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов ва Фавқулодда вазиятлар вазири генерал-майор Абдулла Қўлдошев иштирокидаги брифинг ўтказилиб, юқоридаги барча маълумотлар эълон қилинган эди.

Ўшанда Энергетика вазирига “Нега бу ҳодиса яна такрорланди?” дея берилган саволга Мирзамаҳмудов коннинг географик жойлашуви ва ўзига хос хусусиятлари билан бевосита боғлиқлигини айтганди.

Кон маъмурий жиҳатдан Ўзбекистон Республикасининг Сурхондарё вилояти ҳудудида жойлашган бўлиб, Бойсун шаҳридан 20 километр жануби-шарқда жойлашган. Географик жиҳатдан ҳудуд тоғолди-адир рельефидир. Рельефнинг мутлақ баландлиги денгиз сатҳидан 1000 метрни ташкил этади.

Портлаш оқибатида ҳалок бўлган марҳум ходимларнинг яқинларига компенсация тўлаб берилиши айтилганди. Шунингдек, пудратчи ташкилот уларнинг фарзандларини моддий таъминлаб, ўқитиб, иш билан таъминлашгача ўз зиммасига олиши ҳам ваъда қилинган.

Албатта, уларнинг оилаларига пуллар берилган ёки берилмагани, мактаб ва боғча масаласи ҳал бўлган ёки бўлмагани ҳақидаги маълумот таҳририятда мавжуд эмас.

20 сентябрь куни фалокат ҳақида Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Норбоева оғиз очди ва Сенат Раиси ҳам конда ҳалок бўлган ходимларнинг оилалари ташлаб қўйилмаслигини айтди.

“1 сентябрь куни Сурхондарё вилояти Бойсун туманидаги “Мустақилликнинг 25 йиллиги” (М-25) газ конидан бурғилаш ишларини олиб бориш вақтида технологик жараённинг бузилиши натижасида олтингугурт, яъни водород сульфид гази чиқиши кузатилди. Бу бугунги кунда жамоатчиликнинг диққат марказида бўлиб турган масала. Ҳаммамиз буни эшитдик. Шу муносабат билан вафот этган фуқароларимиз бор. Уларнинг яқинларига сабр тилаймиз. Уларнинг оилалари давлатимиз, Президентимиз назоратида. Буни ҳаммаларингиз эшитдингиз. Уларнинг таъминоти масаласида алоҳида топшириқ ҳам бўлган. Шу масалада биз ҳам ҳамдардлигимизни билдирамиз”, деди Норбоева.

Кондан сизиб чиқаётган газ бўғилди, деб кўпчилик хотиржам бўлган бир вақтда ижтимоий тармоқларда “Мустақилликнинг 25 йиллиги” (М-25) кони жойлашган ҳудудда оловли майдонлар юзага келгани акс этган видео тарқалди. Ҳолат юзасидан Энергетика вазирлиги муносабат билдириб, кон ҳудудида ҳеч қандай кутилмаган вазиятлар юзага келмагани, 2024 йилнинг сентябрь ойида метан эмиссияси содир бўлган қудуқ ўрнида объектни консервация қилиш бўйича режалаштирилган ишлар олиб борилаётгани ва бу ерда доимий мониторинг юритилаётганини айтиб чиқди.

“604-сонли қудуқда тозалаш ишлари олиб борилаётганда қудуқдан олис ҳудудларда ер юзасига яқин жойлашган бўшлиқлар ва коллекторлардаги микро ёриқларда кичик ҳажмдаги газ тўпланган. Айни пайтда ҳудудда кичик ҳажмда тўпланган газни ёқиш орқали зарарсизлантириш ишлари олиб борилмоқда. Бундан кўзланган мақсад кислотали газларнинг атмосферага чиқишини олдини олишдан иборат”, деган Энергетика вазирлиги.

Буни қарангки, кондаги портлаш март ойига келиб яна содир бўлди. Ишонамизки, бу ҳолатдан ҳалок бўлган ёки зарар кўрганлар йўқ.


Мақола муаллифи

Теглар

Танзила Норбоева Энергетика вазирлиги Жўрабек Мирзамаҳмудов “Мустақилликнинг 25 йиллиги” газ кони Сурхондарё вилояти Бойсун тумани

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг