Бош вазирнинг ўғлини ўғирлаганлар уни нима қилгани очиқланди

Олам

image

Арманистон Бош вазири Никол Пашиняннинг ўғли Ашот Пашинянни ўғирлаганлар уни Қорабоғдаги можаро чоғида ҳалок бўлганлар дафн этилган Ераблур ёдгорлик мажмуасига мажбуран олиб боришга уринган. Бу ҳақда кичик Пашиняннинг ўзига таяниб, “Armenia Today” хабар берди.

Айтилишича, бугун, 5 июнь куни Ереваннинг умумий юрисдикция шаҳар суди Ашот Пашиняннинг ўғирланиши бўйича биринчи суд мажлисини ўтказган. Унда Қорабоғда ҳалок бўлган ҳарбий хизматчининг онаси Гаяне Акопян устидан қўзғатилган иш кўриб чиқилган. 

Ашот Пашиняннинг сўзларига кўра, ўғрилар унинг хоҳишига қарши уни Ераблурга олиб кетмоқчи бўлган. 

“Машинага ўтиришдан олдин Ераблурга бориш ҳақида гап-сўз бўлмади, у фақат машинага ўтириб, гаплашишимни айтди”, дейди Ашот Пашинян.

Кичик Пашиняннинг аниқлик киритишича, у Гаяне Акопяндан нега уни ўз хоҳишисиз Ераблурга олиб кетаётганини сўраган. 

“Кейинроқ гаплашиш учун менга қўнғироқ қилишингиз мумкин. Аммо ҳозир сиз менинг хоҳишимга қарши, мендан сўрамасдан туриб, мени Ераблурга олиб кетишингизни истамайман,” деган Ашот Гаяне Акопянга.

Бироқ Акопян Бош вазирнинг ўғлига машинадан чиқишга рухсат бермаган. Шунга қарамасдан, Пашинян машинадан сакраб тушишга муваффақ бўлган. Шундан сўнг Бош вазирнинг ўғлини орқадан кузатиб келаётган бошқа бир машина уриб юборган. 

17 май куни Тергов қўмитаси кичик Пашиняннинг ўғирланиши бўйича жиноий иш қўзғатган. Иш бўйича айбланувчи марҳум ҳарбий хизматчи Жора Мартиросян Акопяннинг онаси Гаяне Акопян бўлиб, у Арманистон Жиноят кодексининг 191-моддасининг 2-қисми 1-банди (одамни ёки унинг яқин қариндошини давлат ёки сиёсий фаолияти туфайли ўғирлаб кетиш) билан айбланмоқда Ушбу модда бўйича максимал жазо саккиз йил қамоқ жазоси ҳисобланади. 20 май куни суд Акопянни ҳибсга олган. Бугун, 5 июнь куни эса Апелляция суди янги эҳтиёт чораси сифатида уй қамоғини танлаб, уни ҳибсдан озод қилишга қарор қилган.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 17 май куни 2020 йил кузида Қорабоғ урушида ҳалок бўлган аскарларнинг ота-оналари томонидан тузилган “Ўғиллар чақируви” жамоат ташкилоти аъзолари Ашот Пашинянни ўз уйи ёнидаги ҳудуддан ўғирлаб кетишга уринганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Арманистон Пашинян

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг