“Босар-тусарини билмаган депутат” юзасидан Бош прокуратура маълумот берди

Жамият

image

ИИВнинг “босар-тусарини билмаган депутат” номли видеолавҳаси жамоатчилик орасида жиддий муҳокамага сабаб бўлаётганди. Унда халқ депутатлари Наманган шаҳар кенгаши депутати Толиб Муҳаммадиев ва Наманган шаҳрига кираверишдаги “Қизилкўприк” постида турадиган Ички ишлар, Миллий гвардия ходимлари жанжали акс этганди. Ҳолат юзасидан Бош прокуратура матбуот хизмати муносабат билдирди.

2020 йилнинг 15 апрель куни Халқ депутатлари Наманган шаҳар Кенгаши депутати Толиб Муҳаммадиев ўзига тегишли автомашинасида Наманган шаҳар, Янгиқўрғон кўчасида ташкил этилган блок постига етиб келиб,  шу ерда хизмат олиб бораётган ИИБ ходимларининг қонуний талабларига бўйсунмасдан, уларга қаршилик кўрсатган. 

Айни ҳолатда ЖКнинг 219-моддаси (Ҳокимият вакилига ёки фуқаровий бурчини бажараётган шахсга қаршилик кўрсатиш)да кўрсатилган жиноят аломатлари мавжудлиги сабабли, Наманган шаҳар прокуратураси 16 апрель куни Толиб Муҳаммадиевни жиноий жавобгарликка тортиш ва эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олишга розилик бериш ҳақида Халқ депутатлари Наманган шаҳар Кенгашига тақдимнома киритади. 

Шу куннинг ўзида мазкур тақдимномани кўриб чиққан Халқ депутатлари Наманган шаҳар Кенгаши  21-06-сонли қарор билан Толиб Муҳаммадиевни жиноий жавобгарликка тортишга рухсат берилиб, эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олиш рад этилган.
Мазкур ҳолат юзасидан Кенгашнинг розилиги асосида шаҳар прокуратураси томонидан ЖКнинг 219-моддаси билан жиноят иши қўзғатилган. 

Бироқ орадан уч кун ўтиб, яъни 19 апрель куни Халқ депутатлари Наманган шаҳар Кенгашининг навбатдан ташқари ўтказилган сессиясида, амалдаги қонунчиликка зид равишда Кенгашнинг  юқорида қайд этилган 21-06-сонли қарори бекор қилиниб, Толиб Муҳаммадиевни жиноий жавобгарликка тортиш ва эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олиш рад этилган.

Мазкур ҳолатни бартараф этиш мақсадида Наманган вилояти прокурори томонидан 21 апрель куни Халқ депутатлари Наманган вилояти Кенгашига шаҳар Кенгаши чиқарган қарорларни бекор қилиш ҳақида тақдимнома киритилган.

Ушбу тақдимнома 25 апрель куни вилоят Кенгашида кўриб чиқилиб, шаҳар Кенгашининг 16 апрелдаги 21-06-сонли карори ўзгаришсиз қолдирилди (Толиб Муҳаммадиевни жиноий жавобгарликка тортишга рухсат берилиб, эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олиш рад этилди) ҳамда 19 апрелдаги қарори бекор килинди. 

Ҳозирда жиноят иши юзасидан тергов ҳаракатлари давом этмоқда, дейилади баёнотда.

Эслатиб ўтамиз, QALAMPIR.UZ таҳририяти ИИВнинг “босар-тусарини билмаган депутат” номли видеолавҳаси юзасидан Ахборот хизматига бир нечта саволлар йўллаганди. Ҳозирча уларга жавоб қайтарилмади. 20 апрель куни депутат Толиб Муҳаммадиев воқеа юзасидан ижтимоий тармоқларда ўз важларини келтириб, ИИБ ва Миллий Гвардия ходимларини айблади.

Кейинроқ Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг 22 та депутати ҳолат юзасидан Ички ишлар вазири Пўлат Бобожоновга мурожаат жўнатди. Унда ЙПХ инспекторининг хизмат “боди-камера”сида тасвирга олинган видео материалларни тўлиқ шаклда (монтажсиз) жамоатчиликка ошкор қилиниши, лавҳа нохолис тайёрланган бўлса, айбдорларга интизомий жазо чораси кўрилиши, бу ҳақда жамоатчиликка хабар қилиниши ва бошқалар сўралганди. Бироқ бу талаблар ҳам ҳозирча бажарилмади.

2020 йилнинг 23 апрель куни ИИВдан садо чиқиб, ишга тааллуқли барча материаллар, шу жумладан, воқеа жойида олинган видеотасвирлар белгиланган тартибда прокуратура органларига тақдим этилгани, воқеа иштирокчиларининг хатти-ҳаракатларига қонуний баҳо берилиб, бу ҳақда ўрнатилган тартибда жамоатчиликка хабар етказилиши маълум қилинганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Бош прокуратура Депутат

Баҳолаганлар

460

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг