“Босар-тусарини билмаган депутат” машмашаси: ИИВдан садо чиқди
Жамият
−
23 Апрель 2020
1607521 апрель куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг 22 нафар депутати ИИВ Ахборот хизматининг “Босар-тусарини билмаган депутат” номли видеолавҳаси юзасидан Ички ишлар вазири Пўлат Бобожоновга мурожаат йўллагани ҳақида хабар бергандик. Бугун Ички ишлар вазирлиги мазкур мурожаатга ўз муносабатини билдирди. Унда шундай дейилган.
“Ўзбекистонда аҳолининг тинчлик-осойишталигини таъминлаш ва сиҳат-саломатлигини асраш масаласи давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади.
Бугунги кунда дунёга хавф солиб турган коронавирус касаллигининг кенг тарқалишининг олдини олиш ҳамда аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталигини таъминлаш борасида ички ишлар органлари томонидан бошқа мутасадди идоралар билан ўзаро ҳамкорликда қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Ушбу жараёнда аниқланаётган ҳуқуқбузарликларни жамоатчилик эътиборига етказиш орқали профилактикасини таъминлаш ҳам шулар жумласидандир.
Маълумки, жорий йилнинг 15 апрелида карантин муносабати билан вақтинча ташкил этилган Наманган шаҳар “Қизилкўприк” постида содир бўлган ҳолат юзасидан Наманган шаҳар прокуратураси томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 219-моддаси тегишли қисми билан жиноят иши қўзғатилган. Ишга тааллуқли барча материаллар, шу жумладан, воқеа жойида олинган видеотасвирлар белгиланган тартибда прокуратура органларига тақдим этилган.
Иш якуни бўйича воқеа иштирокчисининг ҳар бирининг хатти-ҳаракатларига қонуний баҳо берилади ва ўрнатилган тартибда жамоатчиликка етказилади.
Шу билан бирга, оммавий ахборот воситалари орқали эълон қилинадиган хабар ва маълумотларни тайёрлашда Вазирлик тизимидаги ахборот ва матбуот хизматлари ходимларининг қонунийлик, холислик ва касб этикаси талабларига риоя қилишлари юзасидан қатъий талаблар белгиланиб, масъул ходимларга тегишли топшириқлар берилди.
Ички ишлар органлари қонунийликни таъминлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишда очиқлик ҳамда шаффофлик принципи асосида иш олиб боради ва албатта, бунда жамоатчиликнинг соғлом танқидига таянади.
“Халқ вакиллари бўлмиш депутатлар томонидан ички ишлар органлари ходимларини жамиятдаги мавқеини оширишга қаратилган саъй-ҳаракатлари ҳам эътиборга моликдир. Ишончимиз комилки, халқимиз манфаатларига хизмат қилиш каби юксак вазифамизни бажаришда доимо бир-биримизга кўмакдош бўламиз”, дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, Олий Мажлис қонунчилик палатаси депутатлари мурожаатида ИИВ Ахборот хизмати томонидан эълон қилинган видеолавҳада фойдаланилган, жумладан, воқеа иштирокчиси бўлган ЙПХ инспекторининг хизмат “боди-камера”сида тасвирга олинган видео материалларни тўлиқ шаклда (монтажсиз) жамоатчиликка ошкор қилиниши, агар лавҳани тайёрлаш ва эълон қилишда нохолислик ёки бир тарафлама ёндашувга йўл қўйилган бўлса, Ахборот хизмати масъулларининг интизомий жавобгарлиги масаласини кўриб чиқиш ва бу ҳақда жамоатчиликка маълум қилиниши ва воқеанинг якуний муҳокамаси юзасидан Олий Мажлис Қонунчилик палатасига Ички ишлар вазирлиги томонидан ахборот берилиши сўралганди.