БМТ “катталари” Афғонистон бўйича резолюция қабул қилди. Улар “Толибон”дан нима кутяпти?

Олам 7615
image

Кеча, 30 август куни БМТ Хавфсизлик Кенгаши “Толибон” назоратига ўтган Афғонистондан хорижий давлатлар фуқаролари ва афғонларнинг хавфсиз чиқиб кетишини таъминлаш мақсадида Буюк Британия ва Франция ҳаммуаллифлигида тайёрланган резолюцияни қабул қилди. Бу ҳақда ТАСС хабар бермоқда.

Қайд этилишича, ушбу ҳужжатни Россия ва Хитойдан ташқари БМТга аъзо 13 та давлат қўллаб-қувватлаган. Россия Федерациясининг халқаро ташкилотдаги доимий вакили Василий Небензиянинг таъкидлашича, ташаббус муаллифлари Москванинг асосий хавотирларини эътиборсиз қолдирган.

Резолюцияга кўра, Афғонистон энди бошқа давлатларга ҳужум қилиш, террорчиларни яшириш ёки ўқитиш, террорчилик ҳужумларини режалаштириш ёки молиялаштириш учун трамплин сифатида фойдаланилмаслиги керак. Унда толибларга ҳам бир неча мажбуриятлар юклатилади.

Афғонистонга гуманитар ёрдам кўрсатиш борасидаги саъй-ҳаракатларни фаоллаштириш зарурлигига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шу билан бирга, мамлакатдаги барча кучлар муҳтож аҳолига ёрдам бериш учун БМТ, унинг ихтисослашган идоралари ва ҳамкорлари учун хавфсиз ва тўсиқсиз киришни таъминлаши керак. Ҳужжат муаллифлари барча томонларнинг халқаро гуманитар ҳуқуқи ва инсон, жумладан аёллар ҳамда болаларнинг ҳуқуқларини таъминлашга чақирмоқда.

Инклюзив сиёсий келишувга эришиш доирасида бу жараёнда хотин-қизларнинг тенг иштироки кўзда тутилган.

Қайд этиш жоизки, Хавфсизлик Кенгаши йиғилишидан бир соат ўтиб, Қўшма Штатлар Афғонистон ҳудудидан қўшинларини олиб чиқиб кетиш ва Қобулдан тинч аҳолини эвакуация қилиш ҳамда унинг бутун ҳарбий кампанияси якунланганини эълон қилган.

Маълумот учун, жорий йилнинг май ойида АҚШ бошлиқ халқаро коалиция кучлари Афғонистонни тарк этишни бошлаши билан "Толибон" ҳаракати ҳукумат назоратидаги ҳудудларни эгаллаб ола бошлади. Август ойига келиб, толиблар йирик шаҳарларга юриш бошлади.

Орадан кўп ўтмай, жорий йилнинг 15 август куни Қобулнинг “Толибон” қўлига ўтиши билан Афғонистонда ҳаракат ҳокимияти ўрнатилди. Президент Ашраф Ғани эса истеъфо берганини ҳамда мамлакатни тарк этганини маълум қилди. Ҳокимиятни "Толибон"га ўтишини таъминлаш учун Мувофиқлаштириш кенгаши тузилиб, унга Абдулла Абдулла ва Ҳамид Карзай киритилганди.

Жорий йилнинг 19 август куни эса ҳаракат расмий баёнот билан чиқиб, мамлакатда Ислом Амирлиги тузилганини эълон қилди. "Толибон" вакили Воҳидулла Ҳошимий ҳаракат Афғонистонда демократик давлат қурмаслигини маълум қилди.

Ҳозирда фақатгина Панжшер вилояти толиблар ҳокимиятини тан олмаяпти. Вилоятда "Толибон"га қарши кучлар йиғилмоқда. Уларга эса машҳур "дала қўмондони" Аҳмад Шоҳ Масъуднинг ўғли Аҳмад Масъуд бошчилик қиляпти.

Диёра Абдураҳмoнова
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 104
Рейтинг: 2.9
Теглар
t
×