БМТ ишчи гуруҳи Имрон Хонни қамоқдан озод қилишни талаб қилмоқда

Олам

image

БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича ишчи гуруҳи Покистоннинг собиқ бош вазири, “Адолат учун Ҳаракат” партияси асосчиси Имрон Хонни зудлик билан қамоқдан озод қилишни талаб қилди.

"Сиёсатчининг қамоққа олиниши ўзбошимчалик ва халқаро қонунларга зиддир. Имрон Хон зудлик билан озод этилиши ва қамоққа олингани учун товон тўлаш ҳуқуқига эга бўлиши керак", дейилади БМТ Ишчи гуруҳи баёнотида.

Ҳуқуқ ҳимоячиларининг таъкидлашича, Покистон Вазирлар Маҳкамасининг собиқ раҳбари унга ва “Адолат учун Ҳаракат” партиясига қарши "кенг репрессия кампанияси" қурбони бўлган.

Уларнинг сўзларига кўра, февраль ойида Покистонда парламент қуйи палатасига сайловларда овозларни санаш чоғида “кенг миқёсда фирибгарлик содир этилган, бунинг оқибатида “Адолат учун Ҳаракат”дан ўнлаб депутатлик ўринлари ўғирланган”.

Покистон расмийлари БМТ ишчи гуруҳи баёнотига ҳозирча изоҳ бермаган.

Қайд этиш жоизки, Хон 2024 йил бошида судлар томонидан чиқарилган икки ҳукм учун қамоқ жазосини ўтамоқда. Январ ойида сиёсатчи давлат сирлари ҳақидаги қонунни бузганликда айбланиб 10 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган, февралда собиқ бош вазир ва унинг рафиқаси Бушра Биби ноқонуний никоҳга киришгани учун етти йил қамоқ жазосига ҳукм қилинган эди.

Покистоннинг собиқ бош вазири 2018-2022 йилларда Вазирлар Маҳкамасига раҳбарлик қилган. Собиқ ҳукумат раҳбари 2022 йил 10 апрелда унга нисбатан берилган ишончсизлик вотуми оқибатида лавозимидан четлаштирилди.

Хонга нисбатан давлат сирларини бузганлик ҳақидаги тергов у 2022 йил 27 март куни Покистоннинг Вашингтондаги элчисидан шифрланган телеграмма олганини очиқ эълон қилганидан сўнг бошланган. Сиёсатчининг сўзларига кўра, АҚШ вакиллари билан суҳбатда дипломатик миссия раҳбари "бош вазирни 2022 йил февраль ойида Москвага ташрифи чоғида намойиш этган Украина бўйича россияпараст позицияси туфайли ҳокимиятдан четлатишни тавсия қилган".


Мақола муаллифи

Теглар

Имрон Хон Покистон БМТ

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг