Биз биланлигингизни кўрсатинг, шунда ҳаёт ўлимни енгади – Зеленский Европарламентда нутқ сўзлади

Олам

image

Бугун, 1 март куни Украина Президенти Владимир Зеленский Европа парламентида нутқ сўзлади. Видеоконференция орқали европаликларга юзланган Зеленский мамлакатни тезроқ иттифоққа қўшишни сўраб, шундай деди:

Қадрли дўстлар, охирги кунларда одамлар билан қандай саломлашишни билмаяаман. Мен шунчаки “хайрли кун” ёки “хайрли кеч” деб айта олмайман. Бундай саломлашолмайман, чунки ҳар кунимиз биз учун ёмон кун. Баъзилар учун, ҳатто охиргиси.

Бугун мен ўз мамлакати ва эркинлигини ҳимоя қилаётган Украина фуқаролари номидан гапираман. Бугун бу ерда кўрган ва эшитганларим мени чин дилдан қувонтиради. Мен бу бирдамлик муҳитини ҳис қиляпман. Бугун биз барчангизни – Европа Иттифоқи мамлакатларини бирлаштирганимиздан хурсандман, лекин бунинг нархи бунчалик қиммат бўлишини билмагандим. Бугун биз бошдан кечираётган воқеа мен ва ҳар бир украиналик ҳамда бутун давлат учун фожиадир. Инқилоб пайтида, уруш пайтида ва рус босқинининг беш кунлигида минглаб одамлар ҳалок бўлди.

Менинг олдиндан ёзилган нутқим йўқ, чунки ҳозир бу кўнгилга сиғмайди. Бизнинг бугунги ҳақиқатимиз ҳар куни одамларнинг ўлишидир. Бу қурбонлик эркинлик учун, инсон ҳуқуқлари учун, бугун сиз баҳраманд бўлаётган ҳуқуқлар учун берилмоқда. 

Украиналиклар фантастик одамлардир. Кўпинча биз ҳаммани мағлуб қиламиз ва ҳамма нарсани энгамиз, деб айтишни яхши кўрамиз. Буни ўз кўзингиз билан кўраётганингиздан хурсандман ва буни уддалашимизга ишончим комил. Ишончим комилки, Европа танлови – Украина танлови – биз бугун бошлаётган йўлдир. Буни сиздан, ўз оғзингиздан эшитгим келяпти. Украинанинг бу Европа танлови ҳам сизнинг танловингиз эканлигини эшитишни истардим.

Баъзан сиз билан алоқамиз узилиб қолиши мумкин, чунки бу ерга ракеталар тушмоқда. Шу жумладан, Россия чегарасига яқин жойлашган Харьков шаҳрига ҳам. Бу ерда кўплаб Россия фуқаролари яшайди, уларга ҳар доим муносабат яхши бўлган. Бу энг кўп университетларга эга шаҳар ва Харьков ёшлари жуда ақлли.

Харьковдаги Озодлик майдони Европадаги энг катта майдон. Тасаввур қилинг, бугун эрталаб бу майдонда иккита ракета портлади. Ўнлаб одамлар ҳалок бўлди. Бу биз эркинлик учун чтўлайдиган нарх.

Бугун юртимиз фуқаролари қамалда қолган. Ҳеч ким Украинага келиб, бизнинг озодлигимиз учун кураша олмайди. Юртимизнинг ҳар квадрат метри Озодлик майдони.

Фарзандларимизни тирик кўрмоқчимиз, лекин бугун етти бола ҳалок бўлди. Президент Путин бу фақат “ҳарбий операция” эканлигини ва унинг мақсади фақат ҳарбий нишонлар эканини қайта-қайта таъкидламоқда. Аммо бундай эмас. Ушбу “операция” деб аталадиган ҳаракат давомида одамлар ҳалок бўлмоқда. Кеча 16 бола ҳалок бўлди.

Халқимиз жуда ҳамжиҳат. Биз ҳуқуқларимиз, эркинлигимиз ва ҳаётимиз учун курашяпмиз. Ҳозир биз омон қолиш учун курашяпмиз. Ва бу бизнинг асосий мотивациямиз. Аммо биз Европанинг тенг ҳуқуқли аъзолари бўлиш учун ҳам курашяпмиз. Ва ишонаманки, бугун биз буни кўрсатамиз.

Европа Иттифоқи биз билан, албатта, кучлироқ бўлади. Украина сизсиз ёлғиз қолади. Биз ўз кучимизни исботладик, сизлардан бири эканлигимизни, ёнма-ён туришимизни кўрсатдик. Ёнимизда турганингизни, бизни тарк этмаслигингизни кўрсатинг. Ҳақиқатан ҳам европалик эканлигингизни исботланг. Шундагина ҳаёт ўлимни, ёруғлик эса зулматни енгади. Украинага шон-шарафлар!

Россиянинг Украинага босқини

Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарадаги тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.

Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.

24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.

Бунинг ортидан Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди.

Рус қўшинлари дастлаб Киев ва Харьковга ракета ҳужуми уюштирди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди. Шунингдек, расмий идора рус қўшинлари Харьков ва Одесса вилоятига кириб борганини билдирди.

Ҳужум бошланганидан кўп ўтмай, ЛХР Ички ишлар вазири маслаҳатчиси Виталий Киселев Счастье ва Станица шаҳарчалари ЛХР назоратига ўтганини эълон қилди.

Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.

25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.


Мақола муаллифи

Теглар

Владимир Зеленский Россия-Украина уруши Украинага босқин

Баҳолаганлар

66

Рейтинг

3.2

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг