Бишкекдаги тунги тартибсизликлар вақтида 29 киши жароҳатланди

Олам

image

Қирғизистон пойтахти Бишкекдаги тунги тартибсизликлардан сўнг 29 киши тиббий ёрдам сўраб мурожаат қилди. Бу ҳақда бугун, 18 май куни Қирғизистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

“18 майга ўтар кечаси тез тиббий ёрдам бригадаларига 29 киши мурожаат қилган, 15 нафари шаҳар шошилинч тиббий ёрдам шифохонаси ва Миллий госпиталга етказилган, қолганларига эса воқеа жойида тиббий ёрдам кўрсатилган”, дейилади матбуот хизмати хабарида.

Манбага кўра, 18 май куни эрталаб шифохонада бош мия ёпиқ жароҳати ва мияси чайқалган икки бемор бор эди. Беморларнинг аҳволи нисбатан қониқарли деб баҳоланмоқда.

Республика Соғлиқни сақлаш вазири Алимқодир Бейшеналиев жароҳатланган Покистон фуқароси жойлаштирилган миллий шифохонанинг юз-жағ жарроҳлиги бўлимига борди. Унга жағ синиши ташхиси қўйилган. Бемор операцияга тайёрланмоқда.

Эслатиб ўтамиз, кеча, 17 май куни кечки пайт Бишкекда 1 мингдан ортиқ одам иштирокида митинг бўлганди. Митингга 13 май куни содир бўлган муштлашув сабаб бўлган. 13 май куни кечқурун Будённий ётоқхонасида маҳаллий ва хорижлик фуқаролар ўртасида муштлашув келиб чиққан. Полиция Қирғизистон Республикаси Жиноят кодексининг 280-моддаси (“Безорилик”) билан жиноят иши қўзғатган ва жанжалнинг барча иштирокчилари ички ишлар бўлимига олиб кетилган. Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси Қамчибек Ташиев митинг иштирокчиларининг талабларини қўллаб-қувватлаб, республика қонунчилигини бузаётган хорижликларга нисбатан Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси томонидан керакли ишлар олиб борилаётгани, асосан Покистон ва Бангладеш фуқаролари ҳуқуқбузарлик қилаётганини айтди.


Мақола муаллифи

Теглар

Қирғизистон Бишкек митинг

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг