Ташиев Бишкекда митинг ўтказганларнинг талабларини қўллаб-қувватлашини айтди
Олам
−
18 Май
14589Бугун, 18 май куни Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси Қамчибек Ташиев Бишкекнинг Чуй шоҳ кўчаси ва Қурманжон додхоҳ кўчаси кесишмасида ўтказилган ёшлар митингига изоҳ берди.
Унга кўра, кечаси 18 ёшдан 25 ёшгача бўлган ёшлар йиғилган. Унинг айтишича, бунга Покистон, Бангладеш, Ҳиндистон, Миср ва бошқа давлатлардан келган муҳожирлар сони ортиб бораётганидан хавотир сабаб бўлган. Ташиев йиғилганларнинг талабларини қўллаб-қувватлаб, республика қонунчилигини бузаётган хорижликларга нисбатан Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси томонидан олиб борилаётган ишлар ҳақида гапирди.
“Бизда мигрантлар ўртасидаги ҳуқуқбузарликлар бўйича статистика мавжуд. Буни асосан Покистон ва Бангладеш фуқаролари қилади. Шу тариқа, 1500 дан ортиқ покистонлик ва 1000 дан ортиқ Бангладеш фуқароси мамлакатдан чиқариб юборилди. Биздаги маълумотларга кўра, 5 мингга яқин хорижлик қонунларимизни бузган, шундан 1360 нафари покистонлик, 1300 нафари бангладешлик, қолганлари эса бошқа давлатлардан”, деган Ташиев махсус хизматлар фаолияти билан ўртоқлашар экан.
У Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси чет эллик қонунбузарларни аниқлаш ва уларни республикадан чиқариб юборишда давом этишига ишонтирди. Ташиев яна бир бор намойишчиларнинг талабларини тўғри деб билишини, лекин жамоат тартибини бузмасликка, ҳамма нарсани қонун доирасида ҳал қилишга чақирди.
“Биз йиғилганларни кузатдик ва ижтимоий тармоқларда ҳокимиятга қарши бузғунчи ҳаракатларга чақирган провокаторларни аниқладик. Улар ҳибсга олинган. Бундан ташқари, қурол билан келганлар ҳам аниқланган. Улар ҳам ҳибсга олинган. Агар кимдир провокацияга берилиб ўқ узганида, оқибати ёмон бўларди”, дея хулоса қилди у.
Эслатиб ўтамиз, кеча, 17 май куни кечки пайт Бишкекда 1 мингдан ортиқ одам иштирокида митинг бўлганди. Митингга 13 май куни содир бўлган муштлашув сабаб бўлган. 13 май куни кечқурун Будённий ётоқхонасида маҳаллий ва хорижлик фуқаролар ўртасида муштлашув келиб чиққан. Полиция Қирғизистон Республикаси Жиноят кодексининг 280-моддаси (“Безорилик”) билан жиноят иши қўзғатган ва жанжалнинг барча иштирокчилари ички ишлар бўлимига олиб кетилган.
LiveБарчаси