Бишкекда мингдан ортиқ киши иштирокида митинг бўлди (видео)
Олам
−
18 Май
11143Қирғизистон пойтахти Бишкекда кеча, 17 май куни кечки пайт маҳаллий аҳоли ва хорижликлар ўртасида муштлашув бўлган ётоқхона яқинида митинг бўлиб ўтди. Бу ҳақда АКИpress хабар берди.
Маълумотларга кўра, кўчаларга 1 мингдан ортиқ одам чиққан. Митингга 13 май куни содир бўлган муштлашув сабаб бўлган. 13 май куни кечқурун Будённий ётоқхонасида маҳаллий ва хорижлик фуқаролар ўртасида муштлашув келиб чиққан. Полиция Қирғизистон Республикаси Жиноят кодексининг 280-моддаси (“Безорилик”) билан жиноят иши қўзғатган ва жанжалнинг барча иштирокчилари ички ишлар бўлимига олиб кетилган.
17 май куни кечқурун ётоқхонадан унча узоқ бўлмаган Чуй-Қурманжон додхоҳ кўчалари кесишган ҳудудда тўпланган одамлар хорижликларни жавобгарликка тортишни талаб қилди.
Бишкек шаҳар ички ишлар бошқармаси бошлиғи Азамат Тўқтоналиев уларга ушбу иш бўйича 3 нафар гумонланувчи қўлга олингани – уларнинг барчаси хорижлик эканини айтди. Билдирилишича, Қирғизистон фуқаролари полицияга гувоҳ сифатида таклиф қилинган. Шунингдек, қўлга олинганларнинг ўзлари кейинроқ кечирим сўрашган. Тўқтоналиев халқни тарқалишга, сохта маълумотларга ишонмасликка чақирди. Бироқ оломон тарқалмади ва илтимосга жавоб бермади. Шу муносабат билан жамоат тартибини бузганлик учун бир қатор ҳибсга олишлар кузатилди, бироқ бирмунча вақт ўтгач, одамлар сони 1000 дан ошди.
Шунингдек, Тўқтоналиев муштлашув натижасида кимдир ҳалок бўлгани ҳақидаги маълумотни сохта деб атади. Бироз вақт ўтгач, йиғилганлар раҳбарият билан учрашишни талаб қилди. Бироқ пойтахт ички ишлар бошқармаси бошлиғи Тўқтоналиев томонидан олиб борилган музокаралардан сўнг эрталаб намойишчилар тарқалиб кетди.
Қирғизистон Ички ишлар вазирлиги Бишкекдаги вазият барқарор эканини ва “Ички ишлар вазирлиги ва Бишкек шаҳар ички ишлар бош бошқармаси тўлиқ назорати остида” эканини маълум қилди. Полиция кучайтирилган режимда ишламоқда. Барча кўчаларда транспорт ҳаракати тикланди.
LiveБарчаси