Бишкекдаги талатўплар бўйича Ҳукумат баёнот билан чиқди
Олам
−
18 Май
9208Қирғизистон Вазирлар Маҳкамаси жорий йилнинг 17 майдан 18 майга ўтар кечаси Бишкекда хорижликларга қарши ўтказилган норозилик намойишларидан сўнг баёнот берди. Баёнот матни Вазирлар Маҳкамаси матбуот хизмати томонидан тарқатилди.
“Вазирлар Маҳкамаси ижтимоий тармоқларда ёлғон маълумотлар тарқатилиши туфайли этник зўравонлик ва тартибсизликларни келтириб чиқаришга уринишларни кескин қоралайди”, дейилади хабарда.
Шунингдек, Ҳукумат халқаро матбуотда қотиллик ва хорижлик талабаларга нисбатан зўравонлик содир этилгани ҳақидаги ёлғон хабарларни рад этади.
Қайд этилишича, ҳуқуқ-тартибот идоралари рўй берган ҳуқуқбузарликларнинг барча ҳолатларини пухта ўрганмоқда. Барча айбдорлар аниқланиб, қонунда белгиланган тартибда жавобгарликка тортилади.
“Охирги бир неча ой ичида расмийлар ноқонуний миграция ва номақбул шахсларни чиқариб юборишга чек қўйиш бўйича қатъий чоралар кўрмоқда. Чет эллик талабаларга нисбатан муросасизликни уйғотишга қаратилган ҳар қандай иддаоларга йўл қўйиб бўлмайди ва халқимизнинг азалдан тилга тушган дўстлик ва меҳмондўстлик руҳига тўғри келмайди. Қирғизистон ҳукумати хавфсизликни таъминлаш, тинчлик ва барқарорликни сақлаш учун барча зарур чораларни кўрди. Ҳуқуқ-тартибот кучларимиз жамоат тартибини бузишга қаратилган ҳар қандай уринишларга қатъий чек қўяди”, дея хулоса қилди Вазирлар Маҳкамаси.
Эслатиб ўтамиз, 17 майдан 18 майга ўтар кечаси пойтахт Бишкекда мингдан ортиқ одам иштирокида митинг бўлиб ўтди. Унга 13 майдаги муштлашув сабаб бўлган. Ўша куни кечқурун Будённий ётоқхонасида маҳаллий ва хорижлик фуқаролар ўртасида муштлашув келиб чиққан. Полиция Қирғизистон Республикаси Жиноят кодексининг 280-моддаси (“Безорилик”) билан жиноят иши қўзғатган ва жанжалнинг барча иштирокчилари ички ишлар бўлимига олиб кетилган.
17 май куни кечаси содир бўлган тартибсизликлардан сўнг 29 киши тиббиёт муассасаларига мурожаат қилган. Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси Қамчибек Ташиев митинг иштирокчиларининг талабларини қўллаб-қувватлаб, республика қонунчилигини бузаётган хорижликларга нисбатан Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси томонидан керакли ишлар олиб борилаётгани, асосан Покистон ва Бангладеш фуқаролари ҳуқуқбузарлик содир этаётганини айтди.
LiveБарчаси