Биржада пахта ёғининг нархи пасайди

Жамият

image

Ўтган ҳафта давомида, яъни 10–16 май кунлари “Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси” АЖнинг барча савдо платформаларида 1 млрд 219 млн сўмлик товарлар сотилган бўлиб, бу аввалги ҳафтага нисбатан 29,1 фоизга камдир. Бунда сотувларнинг 84,3 фоиз — биржа савдолари, 1,4 фоиз — кўргазма-ярмарка савдолари, 14 фоиз — электрон давлат харидлари ва 0,3 фоиз авторақамларнинг онлайн-аукционига тўғри келди.

Маълум қилинишича. ўтган ҳафтада биржанинг пахта ёғи бозорида нархларнинг пасайиш ҳолатлари кузатилган. Хусусан, 10–12 май кунлари биржа савдолари орқали 1462 тонна пахта ёғи сотилган.

Ўтган уч кун мобайнида барча навли пахта ёғининг кунлик ўртача нархлари маҳсулотнинг бир тоннаси учун 16 млн 825 минг сўмдан 14 млн 739,3 минг сўмгача, яъни 12,4 фоизга пасайган.

Пахта ёғининг биржадаги нархларини пасайишига мос тарзда техник пахта чигити ва пахта ёғининг бошланғич нархларини сотувчи-корхоналар томонидан пасайтирилгани ўз ижобий таъсирини ўтказган.

Хусусан, кўриб чиқилаётган даврда пахта ёғининг бошланғич нархи маҳсулотнинг бир тоннаси учун ўртача 15 млн 375,6 минг сўмдан 14 млн 158,6 минг сўмгача, яъни 8 фоизга пасайган.

Ўсимлик ёғи нархи атрофидаги вазият

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ўсимлик ёғини ҚҚСдан вақтинча озод қилиш ҳақида қонун қабул қилиб, Сенатга юборган эди.

Шундан сўнг, Сенат ўсимлик ёғини ҚҚСдан озод қилиш ҳақидаги қонунни маъқуллади. 30 апрель куни Ўзбекистонга ўсимлик ёғини олиб кириш ҚҚСдан озод қилинди.

Ушбу соҳадаги мутахассис эса ёғ-мой ҚҚСдан озод қилингани билан нархлар тушмаслигини маълум қилди.

Шунингдек, биржа савдоларида техник чигитнинг бошланғич нархларини келишиб сунъий ошириш ва рақобат тўғрисидаги қонунчилик талаблари бузилиши аломатлари юзасидан 34 та пахта-тўқимачилик кластерларига нисбатан Монополияга қарши курашиш қўмитаси томонидан иш қўзғатилганди.

Қолаверса, Президент Шавкат Мирзиёев ҳам масъулларга аҳолининг ёғ-мой маҳсулотларига талабини қондириш бўйича кўрсатма берганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

126

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг