Ёғ-мой ҚҚСдан озод қилингани билан нархлар тушмайди – мутахассис
Интервью
−
24 Апрель 2021
25903Жорий йилнинг март-апрель ойларида ўзбек оиласи қора қозонининг ажралмас бўлаги бўлган ёғ-мой маҳсулотлари нархининг кескин кўтарилиб кетиши аҳолининг жиддий эътирозларига сабаб бўлмоқда. Ўзбекистон томони ёғнинг нархи кўтарилиб кетишини жаҳон бозорида нархлар ошиши ва ўтган ҳосил йилида етиштириш ҳажмлари нисбатан камроқ бўлгани учун асосий етказиб берувчилардан бўлган қўшни давлатларда кунгабоқар ёғи ва уруғи экспортига юқори божхона божлари белгиланишини сабаб қилиб кўрсатди.
Аҳоли норозилигининг ортиб бориши Ҳукуматни ҳаракатга тушишга мажбур қилди. Қисқа муддатда ёғ импорт қилувчи ва ишлаб чиқарувчилар юкини енгиллатиш учун хориждан олиб келинган мой ҳамда писта ва зиғир уруғини вақтинчалик ҚҚСдан озод қилиш тўғрисида қонун ишлаб чиқилди. Ҳозирда қонун Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенати тасдиғидан ўтган ва Президент имзолаши керак. Аммо бу қонун қандай натижа бериши ҳозирча мавҳум бўлиб турибди.
Табиб табиб эмас, бошидан ўтказган табиб. Ҳукумат, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенати ушбу қонунни ишлаб чиқиш ва қабул қилишда ёғ ишлаб чиқарувчи ва импорт қилувчиларнинг дардлари ва муаммоларига қанчалик қулоқ тутди? Ёғ ва ҳомашёни ҚҚСдан озод қилиш билан муаммо ҳал бўладими ёки ёмғирдан қочиб дўлга тутилинадими? Тадбиркорларга импорт учун енгиллик берилганидан сўнг, маҳсулотлар нархи тушадими ёки улар чўнтак ғами билан юқори нархларни сақлаб қоладими. Шу ва бошқа саволларга жавоб олиш учун “Ecoborn INC” ёғ ишлаб чиқариш компанияси директор ўринбосари Баҳодир Қудратуллаев билан суҳбатлашдик.
Феруза Нажмиддинова, журналист: — Ҳозир кўпчиликдан ёғ нархи нега кўтарилиб кетганлигини сўрасак, ҳар хил жавоб оляпмиз. Сиз мутахассис сифатида бу ҳолатни қандай изоҳлайсиз?
Баҳодир Қудратуллаев, “Ecoborn INC” ёғ ишлаб чиқариш компанияси директор ўринбосари: — Бу нарса янгилик эмас. Ушбу ҳолат, яъни бозорлардаги нархнинг ошиб кетиши 2019 йилнинг сентябрь ва октябрь ойларида прогноз қилинган эди. БМТнинг озиқ-овқат хавфсизлиги бўйича сектори бир неча марта давлат раҳбарларини аҳоли сони ошиб бораётгани сабабли қишлоқ хўжалик маҳсулотларининг танқислиги вужудга келиши ҳақида огоҳлантирди. Буни эса муаммонинг асосий сабаби десак бўлади. Бугунги кунда Россия ва Украина Ер юзида етиштириладиган пистанинг 60 фоизини етказиб беради. Экспорт қилинадиган хомашё ва тайёр маҳсулотнинг камида 40 фоизи шу иккита давлатдан келиб чиқаётган нархга боғлиқ бўлади. 2020 йилда мана шу иккита давлатда об-ҳаво ҳар йилгидан иссиқроқ бўлгани сабабли 14 фоизга кам ҳосил олинди. Яъни Украинада 2019 йилда 16 миллион тонна, 2020 йилда эса 13 ярим миллион тонна ҳосил олинди. Россияда ҳам худди шундай, 2019 йилда 15 миллион тонна атрофида олинган эди, 2020 йилда 13 ярим миллион тонна ҳосил олинди. Яна бир маълумот, Хитой олдиндан соя ёғидан фойдаланарди. Aммо жорий йилдан фаол тарзда писта ёғини истеъмол қилишни бошлади. Биламизки Хитой бозори жуда катта. Уни ёғ билан тамъминлаш мушкул нарса. Шунинг учун ҳам Хитой Россиядан писта маҳсулотларини олиб чиқиб кетишни бошлади. Бу эса маҳсулотнинг қимматлашишига олиб келди. Йил бошида маҳсулот нархи 370 доллардан бошланган бўлса, савдога Хитой кириб келиши билан ҳар ҳафта 10 доллардан қўшила бошлади. Натижада Россияда ёғ етказиб беришда муаммолар келиб чиқишни бошлагач, Ёғ ишлаб чиқарувчилар бирлашмаси ҳукуматга писта маҳсулотини сотиб олиш учун бож жорий этиш таклифи билан чиқди. Бундан кейин Хитой пистани Россиядан эмас Қозоғистондан олиб чиқиб кетишни бошлади. Ўзбекистон учун ҳам “йўл кира” жиҳатдан қулай бўлган давлат Қозоғистон ҳисобланади. Қозоғистонда эса бор йўғи 840 минг тонна ҳосил йиғиб олинган. Бу эса ўзининг ички бозорини ҳамда Ўзбекистон бозорининг бир қисмини таъминлашга етар эди. Бундан ташқари Туркия ҳам Қозоғистондан писта маҳсулотини олиб чиқиб кета бошлагач, ушбу маҳсулотнинг танқислиги юз берди. Ёғнинг қимматлашишига сабаб эса айнан мана шу ҳолатлар сабаб бўлди.
Ф.Н.: – Ҳозиргина божхона тўловлари ошгани, бу эса маҳсулот таннархига таъсир этгани ҳақида айтиб ўтдингиз. Божхона тўловлари қачондан бошлаб оширилди?
Б.Қ.: – Божхона тўловлари Россияда 9 январдан 30 июнгача 30 фоиз миқдорда татбиқ қилинди. Бу тахминан маҳсулотнинг ҳар бир тоннасига 180 доллар атрофида. Мисол учун ўша пайтда 500 доллар нарх бўлган бўлса 630 долларга айланиши керак бўлди. Шу сабабли Хитой ва Туркия савдогарлари Қозоғистондан нисбатан арзон нархда пистани олиб чиқиб кета бошлашди. Шу билан биргаликда транспорт харажатлари ҳам маҳсулот таннархининг ўсишига олиб келди.
Ф.Н.: – Ёғ нархининг ошиб кетиши олдиндан прогноз қилингани ҳақида айтдингиз. Нима учун нарх-наво ошиб тадбиркорлар “тошбўрон” бўлмаслиги учун ушбу прогноз тўғри қилинмаган? Балки ёғни захира қилиб қўйишимиз керак эди?
Б.Қ.: – Бу ҳолат бўйича декабрь ойида ҳукумат йиғилиши бўлиб ўтган эди. Президентимиз барқарорлаштириш фондидан 5 миллион долларли ун, ёғ ва шакар маҳсулотларини олиб келиш учун Вазирлар Маҳкамасига топшириқ берган эди. Aгар шу нарса амалга оширилганда эди 2 ойгача эплаб турсак бўларди. Бу нарса амалга оширилгани ёки оширилмагани ҳақида бизда маълумот йўқлиги сабабли бирор аниқ фикр айта олмайман. Лекин боя айтганимиздек писта ҳосили камлиги ҳақида олдиндан таҳмин қилинган эди. Ҳукуматимиз томонидан октябрь ойидан бошлаб ёғ нархи бўйича аҳоли орасида норозилик бўлмаслиги учун 4 ойга ҳар бир литр ёғ учун камида 1 500 сўм субсидия бериш бошланди. Бозорлардаги махсус “Элга хизмат” савдо растасидаги ёғлар айнан мана шу субсидия ҳисобига арзонлаштирилган. Қўшимча қилиб шуни айтишимиз мумкинки, текширувчи органлар тарафидан бозорларга ёки дўконларга кириб “Ёғни 20 мингдан эмас, 17 мингдан сотасан”, дейиш нотўғри деб ҳисоблайман. Чунки сотувчи ҳам зарарига сотмайди-ку!
Ф.Н.: – Ҳозир 2 ойга етадиган ёғ захираси борлигини айтдингиз. Демак бу ёғ 2 ой олдин транспорт харажатлари кўтарилмаган ва маҳсулотнинг таннархи ошмаган пайтда олиб келинган. Бир савол туғилади: нима учун арзон олиб келинган маҳсулот қиммат нархга сотилмоқда?
Б.Қ.: – Ҳар бир тадбиркор ўз фаолиятини бошлаётганда ундан маълум бир фойда олиш учун ҳаракат қилади. Шу билан биргаликда ўзи ишлаб чиқараётган маҳсулотни сотиш баробарида истеъмол бозорини таъминлайди. Биз ўзимизга мақсад қўйиб оламиз. Масалан, кунлик 150 тонна писта ишлаб чиқарсак, демак бир ойга тахминан 4 минг тонна писта ишлатишимиз керак. Бизда мана шу 4 минг тонна писта учун маблағ ажратилади ва шу маблағ асосида иш бошлаймиз. Шу билан биргаликда ишчиларни ҳам шунга мос тарзда жалб қиламиз. Бизда 150 киши ишлайди ва шу ишчиларни иш билан таъминлаш учун мунтазам равишда писта олиб келишимиз керак. Йил бошида биз 4 000 тонна пистага маблағ олдик.
Ф.Н.: – Олий Мажлис Сенати “Aйрим турдаги озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган эҳтиёжни таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қонун маъқуллади, 2021 йил 1 майдан 31 декабрга қадар Ўзбекистон ҳудудига ўсимлик ёғи, кунгабоқар ва зиғир уруғи, шунингдек, соя данагини олиб кириш, ўсимлик ёғини ишлаб чиқариш ва (ёки) реализация қилиш бўйича маблағлар айланмаси қўшилган қиймат солиғидан озод қилиниши белгиланди. Эндиликда истеъмолчиларда эса 1 майдан бошлаб ўсимлик ёғини арзонлаштирилган нархда сотиб олиш мумкин деган фикр шаклланади. Қонун тадбиркорларга қанчалик фойда беради?
Б.Қ.: – Сенат томонидан қабул қилинган қонун халқ фаровонлиги, халқнинг истеъмол саватчасининг арзонроқ бўлиши учун қилинди. Aлбатта, қонуннинг натижасини кутишади. 1 майдан бошлаб ҳамма ёғни арзонлаштирилган нархда олиш мумкин деб ўйлайди. Aфсуски, биз нархни арзон бўлади, деб олдиндан айтиб беролмаймиз. Тадбиркорлар камида икки ойлик захира билан ишлайди ва ўша захираларнинг барчасига ҚҚС тўланган. Шу сингари ёғни импорт қиладиган тадбиркорлар ҳам 15 фоиз ҚҚС тўлашган ва уни маҳсулот тан нархига қўшиб сотишлари керак. Барча ишлаб чиқарувчилар ва ёғ импорт қиладиган тадбиркорларнинг бюджетга тўлаган қўшимча қиймат солиғи масаласи очиқлигича қолиб кетади. Бундай вазиятда тадбиркорлар ҚҚСни маҳсулотнинг таннархига қўшиб сотишга мажбур бўлади. Бундан ташқари, даромад солиғи ҳам тўлаш керак, бу эса қабул қилинган қонун натижасини бермаслиги мумкин. Барча тадбиркорларнинг ёғ захирасини икки ой деб олсак, тўланган ҚҚС миқдори кўпайиб кетади.
Ф.Н.: – Олий Мажлис Сенати томонидан маъқулланган қонун фойдали бўлмайди демоқчимисиз?
Б.Қ.: – Бизни назаримизда қонун қабул қилинишидан аввал, ёғ ишлаб чиқарувчилар, тадбиркорлар, солиқ органлари, ритейлерлар билан дебат уюштириб, қонунларнинг тадбиркорларга ва ишлаб чиқарувчиларга фойда ва зарарлари муҳокама қилинса яхши бўларди Дейлик маҳсулот олиб келинди, ишлаб чиқарилди, пистадан ёғ ва шрот олинади. Aгар пистадан олинадиган ёғни 40 фоиз, шротни 45 фоиз деб олсак, ёғга ҚҚС тўламаслигимиз мумкин, лекин шрот учун ҚҚС тўланиши керак бўлади.
Ф.Н.: – Демак шротнинг ҚҚС билан сотилиши гўшт ва товуқ гўшти маҳсулотларини нархи ошиб кетишига сабаб бўлади тўғрими?
Б.Қ.: – Aлбатта шротнинг ҚҚС билан сотилиши, гўшт ва товуқ маҳсулотларининг нархига таъсир қилиш эҳтимоли катта.
Ф.Н.: – Ёғ нархининг арзон бўлиши учун ҚҚСдан озод қилиш эмас, балки бошқа йўл тутиш керак эди деяпсиз, тадбиркор сифатида қандай йўл тутишни тавсия қиласиз?
Б.Қ.: – Aҳоли норозилигининг асосий сабаби ёғ нархининг ошиб кетиши. Ҳозир ОAВда турли сўровномалар қилишяпти, мен шаҳарда ва қишлоқ жойларда алоҳида сўровнома қилишларини тавсия қилардим. Бир ойлик маош қанчалиги ва айнан ёғ маҳсулоти учун бир ойда қанча маблағ сарфланишини билиш зарур. Биламиз давлат томонидан “Темир дафтар”, “Aёллар дафтарлари” шакллантириляпти, шу асосда ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга 100 минг сўмдан ёғ пули ажратилса, яхши бўлар эди. Олий Мажлис Сенати томонидан қонун қабул қилинди, лекин ёғ арзонлаштириб сотилади, деб айтолмаймиз.
Ф.Н.: – Мазкур қонун билан 2021 йил 1 майдан 31 декабрга қадар кунгабоқар ва пахта уруғлари, кунгабоқар ёғи ва пахта ёғига экспорт божи жорий этилиши белгиланди. Экспортга бож қўйилиши қанчалик фойда беради?
Б.Қ.: – 2019 йилда Aфғонистон Республикасидаги ҳамкорлар билан узоқ музокаралардан сўнг, 600 млн доллар атрофида экспорт қилишга муваффақ бўлдик. 2020 йилнинг сентябрь ойигача 2 млн долларлик ёғ экспорт қилинди. Сентябрь ойидан экспорт тақиқлаб қўйилди ва бунинг ортидан Афғонистоннинг ўзи Қозоғистон ва Россиядан маҳсулот олишни бошлади. Биз эса aфғон бозорини йўқотиб қўйдик. Экспортни тақиқлаш ва турли божлар қўйиш орқали иқтисодиёт ривожланишига жуда катта тўсиқлар қўйилади. Турли тўсиқ ёки имтиёзлар берилишидан олдин соҳа ходимлари алоқадор тадбиркор, ишлаб чиқарувчилар билан суҳбатлашиб уларнинг фикрини ўрганган ҳолда хулоса қилишларини сўрар эдим.
Ф.Н.: – Юқорида экспорт чекланганини айтиб ўтдингиз. Балки бу маҳсулот нархини мўътадил ушлаб туриш учун қилингандир?
Б.Қ.: – Экспортни чеклаш орқали ёғ нархи пасаяди деб тахмин қилинди, аммо ундай бўлмади. Лекин бу акс таъсир кўрсатади. Иш бошлаганимизга 3 йил бўлди ва биз айни дамда Ўзбекистоннинг қайси ҳудудида, қайси ойда қанча ёғ ишлатилишини башорат қила оламиз. Aфғонистон бозорига экспортга мўлжаллаб хомашё буюртма қилинган эди. Экспорт тўхтаганидан сўнг маҳсулот олмадик ва бу ёғ миқдорининг камайишига олиб келди, ишлаб чиқариш пасайди. Солиштиришингиз мумкинки, расталарда турган Россия ёғлари билан Ўзбекистон ёғлари ҳар доим бир хил бўлиб келган. Тўғри, ёғ борган сари қимматлашяпти. Хомашёнинг нархи ошганлиги сабабли ёғ нархи ҳам ошмоқда.
Хулоса қилиб шун айтишимиз мумкинки, Сенат томонидан қабул қилинган қонун бўйича аҳоли 1 майдан ёғ нархи пасайишини кутади. Лекин бу нарса ҳозирча ўз таъсирини кўрсатмайди. Чунки захирадаги 2 ойга етадиган ёғ маҳсулотларининг қўшимча қиймат солиғи тўланган. Ушбу солиқнинг босимини тадбиркор ўз бўйнига ололмайди. Шунинг учун ҳам маҳсулотнинг устига қўйиб сотишига тўғри келади. Солиқ идораларидан шуни сўрардикки, захирадаги маҳсулотларнинг қўшимча қиймат солиғи тадбиркор бўйнида қолиб кетмаслиги ҳақида кўрсатма беришса.
LiveБарчаси