Антимонополия ёғ нархи ошиши бўйича 34 та кластерга иш қўзғатди
Жамият
−
10 Май 2021
9891Монополияга қарши курашиш қўмитаси томонидан пахта ёғи нархлари кескин ошганлиги юзасидан ўрганиш ўтказилди. Бу ҳақда Қўмита Матбуот хизмати хабар бермоқда.
Қайд этилишича, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 25 январдаги 53-сон қарорининг 2-бандига мувофиқ пахтадан олинган чигит пахта-тўқимачилик ишлаб чиқариши ташкилотчиси томонидан ёғ-мой корхоналарига биржа савдолари ёки маҳсулотни қайтариш асосида сотилиш белгилланган.
Таҳлил натижаларига кўра, жорий йил апрел ойи давомида биржа савдоларига 40 та пахта-тўқимачилик кластерлари томонидан техник чигит савдоларга қўйилгани ҳамда қўйилаётган техник чигитнинг бошланғич нархлари апрель ойида ўртача 38 фоизга кўтарилгани аниқланган.
Маълум қилинишича, ўсимлик ёғи нархининг ошишига асосан кунгабоқар уруғлари ишлаб чиқариш ва экспортнинг қисқариши билан боғлиқ ташқи муҳит таъсир кўрсатмоқда.
“Аммо, айрим пахта-тўқимачилик ишлаб чиқариш ташкилотчилари вазиятдан фойдаланган ҳолда, пахта чигити нархини асоссиз оширишди, бу эса ўз таъсирини пахта ёғининг нархига ҳам кўрсатди”, дейилади хабарда.
Бунда, биржа савдоларида техник чигитнинг бошланғич нархларини келишиб сунъий ошириш ва рақобат тўғрисидаги қонунчилик талаблари бузилиши аломатлари юзасидан 34 та пахта-тўқимачилик кластерларига нисбатан Монополияга қарши курашиш қўмитаси томонидан иш қўзғатилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ўсимлик ёғини ҚҚСдан вақтинча озод қилиш ҳақида қонун қабул қилиб, Сенатга юборган эди.
Шундан сўнг, Сенат ўсимлик ёғини ҚҚСдан озод қилиш ҳақидаги қонунни маъқуллади. 30 апрель куни Ўзбекистонга ўсимлик ёғини олиб кириш ҚҚСдан озод қилинди.
Ушбу соҳадаги мутахассис эса ёғ-мой ҚҚСдан озод қилингани билан нархлар тушмаслигини маълум қилди.
LiveБарчаси