Ўсимлик ёғини ҚҚСдан вақтинча озод қилиш ҳақида қонун қабул қилиниб, Сенатга юборилди
Жамият
−
23 Апрель 2021
75982021 йил 1 майдан 31 декабрга қадар айрим турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари қўшилган қиймат солиғидан озод қилинмоқда. Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербоев хабар берди.
Маълум қилинишича, Олий Мажлис Қонунчилик палатасида коронавирус пандемияси давом этаётган даврда аҳолининг асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган эҳтиёжини кафолатли таъминлаш ҳамда нарх-навонинг асоссиз ўсиб кетишига йўл қўймасликка қаратилган “Айрим турдаги озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган эҳтиёжни таъминлашнинг қўшимча чоралари тўғрисида”ги қонун лойиҳаси кўриб чиқилган.
Лойиҳага кўра, 2021 йил 1 майдан 31 декабрга қадар бўлган даврда қуйидагилар қўшилган қиймат солиғидан озод қилинмоқда:
Ўзбекистон Республикаси ҳудудига ўсимлик ёғи, кунгабоқар ва зиғир уруғи, шунингдек соя данагини олиб кириш;
ўсимлик ёғини ишлаб чиқариш ва (ёки) реализация қилиш бўйича айланмасига.
Шунингдек, хўжалик юритувчи субъектларга ўзлари томонидан импорт қилинган кунгабоқар ёғи ва кунгабоқар уруғларни қайта ишлаш натижасида ишлаб чиқарилган ўсимлик ёғининг 50 фоизидан ошмаган қисмини экспорт қилишга рухсат берилади.
“Умид қиламизки, бу ҳаракатлар тез кунларда ёғ нархи пасайишига хизмат қилади”, дейилади хабарда.
Маълум қилинишича, лойиҳада давлат божхона қўмитасига хўжалик юритувчи субъектлар томонидан импорт қилинган кунгабоқар ёғи ҳамда кунгабоқар уруғларини қайта ишлашдан олинган ўсимлик ёғи ҳажмига нисбатан экспорт шартномалари доирасида амалга оширилган экспорт ҳажми 50 фоиздан ошишига йўл қўйилмаслиги бўйича назоратни амалга ошириш вазифаси юклатилган.
Депутатлар қонун лойиҳасини маъқуллаб Сенатга юборди.
LiveБарчаси