Сенат ўсимлик ёғини ҚҚСдан озод қилиш ҳақидаги қонунни маъқуллади
Жамият
−
24 Апрель 2021
6782Айни пайтда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўн тўртинчи ялпи мажлиси бўлиб ўтмоқда. Унда “Айрим турдаги озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган эҳтиёжни таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қонун маъқулланди. Бу ҳақда Сенат Ахборот хизмати хабар бермоқда.
Юзага келган ушбу ҳолатда Ўзбекистон ички бозорларида ўсимлик ёғи нархи кескин ошишининг олдини олиш мақсадида мазкур Қонун билан Солиқ кодексига ўзгартиш киритилиб, унга кўра 2021 йил 1 майдан 31 декабрга қадар:
- Ўзбекистон ҳудудига ўсимлик ёғи, кунгабоқар ва зиғир уруғи, шунингдек, соя данагини олиб кириш ҳамда;
- ўсимлик ёғини ишлаб чиқариш ва (ёки) реализация қилиш бўйича маблағлар айланмаси қўшилган қиймат солиғидан озод қилинмоқда.
Мажлисда таъкидланишича, кунгабоқар уруғи ва ёғи бўйича ташқи бозорларда шаклланаётган салбий баҳо кўрсаткичлар Ўзбекистон ички бозоридаги нарх-навога ва ижтимоий ҳолатга ҳам ўз таъсирини кўрсатмоқда.
Буни мамлакат истеъмол бозорида ўсимлик ёғига бўлган йиллик ўртача 460 минг тонна эҳтиёжнинг тахминан ярми импорт ҳисобидан қопланишидан ҳам кўрса бўлади.
Қолаверса, 2021 йил 1 майдан 31 декабрга қадар бўлган даврда:
- кунгабоқар ва пахта уруғлари, кунгабоқар ёғи ва пахта ёғи маҳсулотларига нисбатан мазкур Қонун билан экспорт божи жорий этилмоқда;
- мазкур Қонуннинг маъқулланиши орқали мойли экинлар экилиши устидан ҳам қатъий мониторинг ўрнатилиши кутилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ўсимлик ёғини ҚҚСдан вақтинча озод қилиш ҳақида қонун қабул қилиб, Сенатга юборган эди.
LiveБарчаси