Президент масъулларга аҳолининг ёғ-мой маҳсулотларига талабини қондириш бўйича кўрсатма берди
Жамият
−
12 Май 2021
5647Бугун, 12 май куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида ҳудудлар ва тармоқларда иқтисодий ўсишни таъминлаш бўйича биринчи чоракдаги кўрсаткичлар таҳлили ҳамда жорий йилги устувор вазифалар муҳокамаси юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилди.
Қайд этилишича, мураккаб пандемия шароитида давлат томонидан иқтисодиёт тармоқлари ва тадбиркорлар ҳар томонлама қўллаб-қувватлангани натижасида иқтисодий барқарорлик, ишлаб чиқариш кўрсаткичлари ва иш ўринларини сақлаб қолишга эришилди.
Жумладан, биринчи чоракда мамлакат ялпи ички маҳсулоти 3 фоизга, саноат 3,8 фоизга, қишлоқ хўжалиги 3,1 фоизга ўсган. Давлат бюджети даромадлари прогнозга нисбатан қарийб 2 триллион сўмга кўпайган. Экспорт ҳажми январь-апрель ойларида 3,2 миллиард долларни ташкил этган.
“Бу кўрсаткичлар, албатта, яхши. Бунга эришиш учун қонунлар, қарорлар қабул қилиб, жуда катта имкониятлар яратдик, маблағлар бердик. Агар ҳамма тармоқ раҳбарлари “аравани тортганида” бу кўрсаткичлар икки баробар кўп бўларди. Вазирликларнинг “вертикал тизими” ишламаяпти. Вазирларда ташаббускорлик, уларнинг ўринбосарларида ваколат ва жавобгарлик етишмаяпти. Коррупцияга чек қўйсак, жойларда тизим ишласа, вилоят, туман ва шаҳар ҳокимлари масъулиятини оширса, иқтисодиёт ўзи ривожланади”, деди Шавкат Мирзиёев.
Йиғилишда айрим тармоқ ва ҳудудлардаги сускашликлар кўрсатиб ўтилди. Мисол учун, биринчи чоракда “Ўзавтосаноат”да ишлаб чиқариш ҳажми 40 фоиз, “Ўзбекнефтгаз” тизимида 4,7 фоиз, чарм маҳсулотлари тармоғида 10 фоизга пасайган. Сўнгги йилда дори-дармон ва тиббиёт буюмларига эҳтиёж кескин ошган бир пайтда фармацевтика маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 22 фоизга камайган. Шунингдек, 74 та йирик ҳудудий корхонада ишлаб чиқариш ҳажми ўтган йилга нисбатан 1,1 триллион сўм камайишига йўл қўйилган.
Давлат раҳбари биринчи ярим йилликда бундай қолоқликликларни бартараф этиш, қўшимча захираларни топиб, амалда ишга солиш кераклигини таъкидлади.
Иқтисодий ўсиш учун, энг аввало, энергия ресурслари зарур. Саноат тармоқлари, тадбиркорлар ва аҳоли эҳтиёжларини тўла қондириш учун “Ўзбекнефтгаз” томонидан иккинчи чоракда 9 миллиард куб метр табиий ҳамда 165 минг тонна суюлтирилган газ, “Иссиқлик электр станциялари” ва “Ўзбекгидроэнерго” тизимида жами 15,5 миллиард киловатт электр ишлаб чиқариш талаб этилади. Электр техникаси, тўқимачилик, чарм-пойабзал, қурилиш материаллари, фармацевтика каби саноат тармоқларида юқори ўсиш суръатларини таъминлаш учун барча имкониятлар борлиги қайд этилди.
Йиғилишда давлат корхоналарини трансформация қилиш масаласига ҳам эътибор қаратилди. “Ҳудудгазтаъминот”, “Ўздонмаҳсулот”, “Агросервис”, “Агролизинг” корхоналарида трансформация жараёнларини жадаллаштириш бўйича кўрсатмалар берилди.
Инвестиция ва экспорт масалалари атрофлича муҳокама қилинди. Қайд этилганидек, жорий йилнинг иккинчи чорагида 75 триллион сўмлик инвестицияларни ўзлаштириш, бунинг эвазига 43 та тармоқ ва 2 минг 500 та ҳудудий лойиҳа доирасида янги қувватларни ишга тушириш мўлжалланган.
Бу борада енгил саноат тармоғида Асака, Ғиждувон, Когон, Қарши, Хатирчи, Қибрай туманлари ва Чирчиқ шаҳрида умумий қиймати 220 миллион долларлик йирик тўқимачилик корхоналарини фойдаланишга топшириб, 3 мингга яқин аҳолини доимий иш билан таъминлаш режалаштирилган.
Президент мутасаддиларга ҳар бир инвестиция лойиҳаси ижросини қатъий назоратга олиб, корхоналар ишга туширилишини жадаллаштириш бўйича топшириқлар берди.
Биринчи ярим йилликда экспорт ҳажмини 5,2 миллиард долларга етказиш имконияти ҳисоб-китоб қилинган.
Давлат раҳбари Ўзбекистон бенефициар бўлган “GSP+” тизими имкониятларидан кенг фойдаланиш, “Oeko-Tex” стандартларига мос тўқимачилик корхоналари сонини кўпайтириш муҳимлигини таъкидлади.
Шунингдек, хорижий мутахассисларни жалб қилган ҳолда, халқаро стандартларни жорий этиш бўйича ўқув дастурлари ишлаб чиқиб, маҳаллий корхоналар мутахассисларини ўқитиш ҳам зарур.
Маълумки, аҳолини озиқ-овқат билан таъминлаш кун сайин долзарб масалага айланиб бормоқда. Гўшт ва ўсимлик ёғининг жаҳон бозоридаги нархлари бир йилдан буён тўхтовсиз ўсмоқда. Бундай шароитда озиқ-овқат маҳсулотлари етиштиришни кўпайтириш керак.
Шу мақсадда чорвачилик йўналишида мингта, паррандачиликда 277 та корхонани ишга тушириш, 1 миллион гектардан зиёд асосий майдонларда ҳамда экинлардан бўшайдиган ерларда сабзавот, картошка, шоли, полиз ва озуқа маҳсулотларини етиштириш режалаштирилган.
Президент ёғ-мой маҳсулотларига аҳоли талабини қондириш мақсадида жорий йилда 246 минг тонна мойли экинлар етиштириб, 86 минг тонна мой ишлаб чиқариш бўйича мутасаддиларга кўрсатма берди.
Иқтисодий комплексга кирувчи ташкилотларга паст қувватларда ишлаётган тадбиркорлик субъектларига фаолиятини жонлантириш учун кўмаклашиш вазифаси қўйилди. Май-июнь ойларида оилавий тадбиркорлик дастурларига 1,6 триллион сўм маблағ ажратиш, бу орқали камида 30 минг нафар фуқарога даромад манбаи яратиш зарурлиги қайд этилди. Шунингдек, ҳудудий дастурлар доирасида 13 мингта, бўш ер участкаларини сотиш орқали 5 мингта, Бандлик, Хотин-қизлар ва Ёшлар жамғармалари ҳисобидан қўшимча 10 мингта янги иш ўрни ташкил этиш мумкин.
Полиэтилен, полипропилен, поливинилхлорид ва калцийланган сода каби хомашёларнинг биржа орқали сотишни кенгайтириш, мебель саноатини қўшимча қўллаб-қувватлаш бўйича топшириқлар берилди. Булар маҳаллий корхоналарнинг барқарор ривожланишида муҳим омил бўлади.
Президент ажратилган кредит ресурсларининг самарадорлиги ва қайтими борасидаги камчиликларни танқид қилди.
“Жойларда кредит ҳисобидан ташкил этилаётган корхоналарни инфратузилмага улаш, маҳсулот бозорини топишга кўмаклашиш бўйича тармоқ, ҳудуд ёки сектор раҳбарлари тизимли ишламаяпти”, деди давлат раҳбари.
Мутасаддиларга муаммоли корхоналарни аниқлаб, уларга “яширин иқтисодиёт”дан чиқиш учун шароит яратиш, кредитларни манзилли ва мақсадли ажратиш бўйича кўрсатмалар берилди.
Давлат солиқ қўмитасига тадбиркорларнинг фикр ва эътирозларини инобатга олиб, қўшилган қиймат солиғи тўловчиларни рўйхатга олиш, солиқларни ҳисоблаш тизимини янада такомиллаштириш вазифаси қўйилди.
Бош вазир ўринбосарлари, вазирлар ва ҳокимлар биринчи ярим йилликда тармоқ ва ҳудудларни ривожлантириш чора-тадбирлари юзасидан ахборот берди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь