Биржада илк бор ун очиқ савдога қўйилди
Жамият
−
01 Июнь 2022
14488Бугун, 1 июнь куни Ўзбекистон Товар-хомашё биржасида ун маҳсулоти бўйича дастлабки очиқ биржа савдолари ўтказилди. Унда Тошкентдаги нон ишлаб чиқарувчи корхоналар жами 874 тонна I навли ун сотиб олди. Бу ҳақда биржа Матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, бугунги биржа савдоларига “Ўздонмаҳсулот” АЖ таркибидаги 44 та корхона томонидан 10 минг тонна I навли ун қўйилган ва улардан 8,3 минг тоннаси, яъни 83 фоизи сотилган.
“Биржа савдоларида сотилмаган қолдиқ уннинг ҳажми қарийб 1,7 минг тоннани ташкил этди. Яъни биржанинг ун бозорида таклиф етарли даражада бўлди”, дейилади хабарда.
Ўтказилган биржа савдо якунларига кўра, I навли уннинг ўртача нархи маҳсулотнинг бир тоннаси учун 4 497,8 минг сўмни ташкил қилган. Биржада ун бўйича шаклланган котировка унинг бошланғич нархи (4 241,9 минг сўм)га нисбатан 6 фоизга ўсган.
Ун бўйича ўтказилган биржа савдосида жами 2 822 та харидор иштирок этган бўлиб, улардан 56 таси Тошкентдаги нон ишлаб чиқарувчи корхоналар ҳисобланади. Бу корхоналар биржада жами 874 тонна I навли ун сотиб олган.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев жорий йилнинг 11 май куни ўтказилган дон маҳсулотлари корхоналарида трансформация жараёнларининг натижадорлигини ошириш чора-тадбирлари бўйича йиғилишда фермер ва кластерлар ўзи етиштирган ғаллани 1 июлдан бошлаб биржада сотишни бошлаши ҳақида кўрсатма берганди.
Молия вазирлиги вакилининг таъкидлашича, Ўзбекистонда буғдойнинг биржада сотилиши нархларнинг барқарорлашишига ва келгусида пасайишига хизмат қилиши кутилмоқда.
Маълумот учун, Украинадаги вазият туфайли бирдан икки энг асосий буғдой етказиб берувчи халқаро бозордан узилиб қолди. Украинанинг буғдой экспорти портларнинг қўлдан кетиши ортидан тўхтаган бўлса, Россия ички бозордаги таъминотни баҳона қилиб, ғалла сотишни тақиқлади. Бу ҳам етмаганидек, жаҳон ғалла бозорининг учинчи асосий ўйинчиси Ҳиндистон ҳам буғдой экспортини чеклади.
Қайд этиш керакки, Вазирлар Маҳкамасининг “Дон, ун ва нон етказиб бериш тизимига бозор механизмларини тўлиқ жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 866-сонли Қарори билан 2019 йил 15 октябрдан “Ўздонмаҳсулот” АЖ тизимидаги ташкилотлар томонидан 2019 йил ҳосилидан тайёрланган ва ун ишлаб чиқаришга йўналтириладиган буғдойдан бошқа ғалла истеъмолчиларининг барча тоифаларига фақат биржа савдолари орқали ҳеч қандай чекловларсиз сотилиши белгиланди. Шундан сўнг, нон нархи 650-700 сўмдан 1400 сўмга кўтарилганди. Кейинроқ нарх яна бироз ошиб, 1600 сўмга етган.
LiveБарчаси