Бирорта мусулмон давлати Россияга қарши санкцияларни қўллаб-қувватламади – Қодиров

Олам

image

Аҳолиси асосан мусулмон бўлган дунёнинг ҳеч бир давлати миллионлаб мусулмонлар ҳуқуқларини ҳурмат қиладиган ва ҳимоялайдиган Россияга қарши санкцияларни қўллаб-қувватламади. Бу ҳақда Чечинистон раҳбари Рамзан Қодиров ўзининг ижтимоий тармоқдаги саҳифасида ёзиб қолдирди.

“Мен учун мусулмон сифатида бутун Ислом дунёси Россияни умумбашарий ёвузликка қарши курашда қўллаб-қувватлагани қувонарли! Аҳолиси асосан мусулмон бўлган дунёдаги ҳеч бир мамлакат Россияга қарши санкцияларга қўшилмаган. Россиядаги 30 миллион мусулмон номидан барчангизга самимий миннатдорчилигимни билдирмоқчиман! Аллоҳ таоло сиздан рози бўлсин! Бугун сиз мусулмонлар доимо ҳақиқат ва адолат тарафида туришини яна бир бор исботладингиз”, дейди Чечинистон раҳбари.

Унинг сўзларига кўра, Россия ўз ҳудудида ва хорижда яшаётган миллионлаб мусулмонларнинг ҳуқуқларини ҳурмат ва ҳимоя қиладиган мамлакатдир.

“Буюк мамлакатимизда диндорларнинг диний туйғуларини ранжитиш, муқаддас китоб матнларини экстремистик деб тан олиш ҳамда севимли пайғамбарларимизни ҳар қандай йўл билан ранжитиш қонунан тақиқланган”, дейди у.

Рамзан Қодировнинг таъкидлашича, Россияда ЛГБТ (бесоқолбозлик) ва бошқа одамларга қарши бузуқликларни тарғиб қилиш қатъиян ман етилган. Давлат мусулмонларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилади. Америка Президенти Жо Байден эса инсон қиёфасига эга бўлса-да, лекин шайтоний сиёсатни олиб боради. 

“Байден, сиз одаммисиз ёки...?”, дея якунлаган у ўз мурожаатини.

Россия-Украина уруши

Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.

Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.

24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.

Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.

25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.

Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.

Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.

Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.

Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

140

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг