“Бирини бошқасидан ажрата оладими”. Хитойликлар Байдендан хафа бўлди
Олам
−
26 Март 2022
28675Кеча, 25 март куни АҚШ Президенти Жо Байден Россиянинг Украинага бостириб киришини Хитойнинг 1989 йилда Тяньаньмэнь майдонидаги норозилик намойишларини бостириши билан таққослади. “South China Morning Post” газетаси ўқувчилари Байденнинг ноўрин таққослашидан хафа бўлди.
Жо Байден украиналикларни Россияга нисбатан қаршилик кўрсатишда “умуртқа” кўрсатгани учун мақтаб, 30 ёшли аёл милтиқ билан танк олдида турганини мисол қилиб келтирди.
“Яъни, Тяньаньмэнь майдонига нима бўлганини айтмоқчиман. Бу Тяньаньмэнь майдони,” дейди у.
Мазкур мақола остида изоҳ қолдирган хитойликлар Америка Президентини тарихни билмасликда ва доимий равишда Хитойни ноўрин тилга олишда айблади. Қуйида уларнинг баъзи изоҳларини келтирамиз:
• У ҳолда АҚШнинг Яқин Шарққа бостириб киришини нимага қиёслаймиз? У ерда миллионлаб бегуноҳ одамлар ҳалок бўлгандир. Балки бу америкаликлар геноцидидир?
• Пекинни Украинадаги вазиятга тортишга беадаб уриниш.
• Байден бирини бошқасидан ажрата оладими? Нега Хитойни жалб қилиш керак?
• Байденнинг яна бир қўпол хатоси ёки у онгсиз равишда Тяньаньмэнь Хитойнинг бир қисми бўлгани каби Украина Россиянинг бир қисми эканлигига ишонадими?
• У Украина Россиянинг бир қисми эканлигига ишора қилмоқда.
Маълумот учун, 1989 йил 15 апрелда Пекинда бошланган талабалар тартибсизликлари 4 июнь куни якунига етган. Кейин Хитой армияси танклар ёрдамида демократик ислоҳотлар талаби билан талабаларнинг норозилигини бостирган. Қурбонларнинг аниқ сони ҳали ҳам мунозарали. Расмий маълумотларга кўра, 200 дан ортиқ одам ҳалок бўлган, етти мингга яқини яраланган.
Россия-Украина уруши
Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.
Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.
24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.
Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.
25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.
Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.
Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.
Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.
Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь