Беларусь вертолётлари Польша чегарасини кесиб ўтди
Олам
−
02 Август 2023
14417Кеча, 1 август куни Беларусь вертолётлари Польша ҳаво ҳудудини кесиб ўтди. Бу ҳақда Польша Миллий мудофаа вазирлиги ўзининг расмий сайтида эълон қилди.
Аниқланишича, 1 август куни чегара яқинида машғулотлар ўтказаётган Беларуснинг икки вертолёти Польша ҳаво ҳудудини бузган. Вазият юзасидан Польша Мудофаа вазири Мариуш Блашак Миллий хавфсизлик ва мудофаа қўмитаси йиғилишини чақирган.
Билдирилишича, аввалроқ Беларусь Польша томонини машғулотлар ҳақида огоҳлантирган. Мудофаа вазирлиги баёнотида чегара бузилишининг Беловеж қишлоғи ҳудудида жуда паст баландликда содир бўлгани, бу эса радар тизимларининг уни аниқлашини қийинлаштирганини айтган.
Шунингдек, ҳисоботда НАТОга воқеа ҳақида хабар берилгани келтирилган. Беларуснинг муваққат ишлар бўйича вакили Польша Ташқи ишлар вазирлигига нима бўлганини тушунтириш учун чақирилиши қайд этилган.
Беларусь Мудофаа вазирлиги эса бундай айбловларни рад қилган. Вазирлик Беларусь Ҳарбий-ҳаво кучлари ва Ҳаво ҳужумидан мудофаа кучларининг Ми-24 ва Ми-8 вертолётлари томонидан Польша чегараси бузилганлиги тўқиб чиқарилгани, Польша ҳарбий-сиёсий раҳбарияти Беларусь чегараси яқинида кучлар тўпланишини оқлаш учун шундай йўл тутганини даъво қилган.
Польша мудофаа вазири Мариуш Блашак эса Беларусь билан чегарада ҳарбий мавжудлигини кучайтириш ниятида эканини маълум қилган. Блашак чегарадаги аскарлар сонини кўпайтириш ва қўшимча кучлар ва воситалар, жумладан, жанговар вертолётлар ажратишни буюрган.
Маълумот учун, Беларусь бешта давлат – Польша, Литва, Латвия, Россия Федерацияси ва Украина билан чегарадош. Давлат чегарасининг умумий узунлиги – 3617 км, Минскдан Варшавагача бўлган масофа эса 550 км ни ташкил этади.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Польша Беларусь ва Россия билан чегарада сапёрлар батальони ташкил этишини маълум қилганди. Шунингдек, Польша "Вагнер" ёлланма жангчилари ва Беларусдаги Россия аскарларининг фаоллиги фонида яқин келажакда мунтазам армиясини деярли икки баравар ошириш ниятида экани айтилди. АҚШ эса Польшани “Вагрен”дан ҳимоя қилишга ваъда берди.
LiveБарчаси