Байрамни болаларинг олдида эмас, суриштирув изоляторида ўтказишинг аниқ эди-ку – Алишер Қодиров Ғайрат Дўстов ҳақида
Жамият
−
03 Январь
32638Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, “Миллий тикланиш” демократик партияси фракциясининг раҳбари Алишер Қодиров Тошкентда “заправка”лардаги шароитни танқид қилиб, 15 суткага қамалган ва иши апелляция инстанциясида кўриб чиқилаётган Ғайрат Дўстов ҳақида пост қолдирди.
"Метан болага тушунмадим, барака топгур ўзингни қадрла, ғайратингни байрамдан кейин қил, вазифаси суриштириш бўлган идоралар суриштиришга мажбур, байрамни болаларинг олдида эмас, суриштирув изоляторида ўтказишинг аниқ эди-ку?
Эътирозни тўғри-нотўғрилиги ҳақида кейинроқ ва кенгроқ, лекин бир оилада болалар отасининг тадбирсизлигидан янги йилни нафақат кайфиятсиз, отасиз ҳам кутишга мажбур бўлдилар…" деди Қодиров.
Депутатнинг сўзларига кўра, давлат, қонун, ҳукумат – бу институтларнинг ҳаммаси инсон учун ишлайди. Инсон учун ишлаш учун инсонлар учун чекловлар жорий этади ва уни қўллашга ваколатли ва мажбур.
"Дунёни истаган давлатида ҳақ ва мажбурият бир-бирига чегара чизади, қайси томон тартиблироқ бўлса, ўша томоннинг ҳудуди кенгроқ бўлган, бундан кейин ҳам бўлади. Ўзини қадрламайдиган, топганини тушунмайдиган, исрофчи жамиятнинг ҳақ ҳудуди доимо тор бўлган, бундан кейин ҳам шундай бўлади", дейди у.
"Биз йўлни бошидамиз, инсон ҳар йилда бир ёшга улғайса, давлатлар, жамиятлар ўн, йигирма, айримлари эса юз йилларда бир ёшга улғаяди. Кучли жамият бўлиш учун ҳали кўп тортишилади, бу зарур ва табиий жараён, лекин қанча вақт кетиши қадр ва инсоф, барака ва исроф деган тушунчаларни тезроқ англаб етишимиз ва ҳаётимизга татбиқ эта олишимизга боғлиқ", дея қўшимча қилган депутат.
LiveБарчаси