Тошкентда “заправка”лардаги шароитни танқид қилган фуқаро қамалди (видео)
3-саҳифа
−
31 Декабрь 2024
38032Бир неча кун аввал ижтимоий тармоқларда фуқаро юқори турувчи органларга мурожаат қилиб, автомобилларга ёқилғи қуйиш шохобчаларида юзага келаётган муаммоларни танқид қилгани акс этган видео тарқалган эди. Ҳодиса ортидан ушбу фуқарога нисбатан Тошкент шаҳар Жиноят ишлари бўйича Бектемир туман суди томонидан 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланди. QALAMPIR.UZ суд ҳужжати билан танишди.
Суд қарорига кўра, Ғ.Д. 2024 йил 23 декабрь куни Тошкент шаҳар Бектемир туманида жойлашган автомобилларга газ қуйиш шохобчасида шохобча ходимларини турли сўзлар билан ҳақоратлаб, жамоат тартибини бузиб, майда безорилик қилган.
Судда ҳуқуқбузар қуйидагиларни, у 2024 йил 23 декабрь куни Тошкент шаҳар Бектемир тумани “Бектемир” МФЙ Олтинтопган кўчаси 2-уйда жойлашган “Моротранс” МЧЖ газ қуйиш шохобчасида навбат кутиб турганида шохобча ёпилганлиги сабабли жаҳл устида шохобча ходимларини турли сўзлар билан ҳақорат қилиб, бақир-чақир қилганини, ҳозирда қилган ишидан пушаймонлигини, келгусида бундай ҳолат бошқа такрорланмаслигини баён қилиб, суддан унга енгиллик беришни сўраган.
Ҳуқуқбузарнинг мазкур ҳуқуқбузарликни содир этганликдаги айби иш ҳужжатларидаги жабрланувчининг айбланувчига нисбатан қонуний чора кўришни сўраб ёзган аризаси, тушунтириш хатлари, ҳуқуқбузарнинг жамоат тартибини бузганлиги ҳолати бўйича Instagram ижтимоий тармоғини кўздан кечириш ва видеотасвирни олиш баённомаси ҳамда маъмурий ишда тўпланган бошқа ҳужжатлар билан тўлиқ ўз исботини топган.
Ғ.Д. Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 183-моддасида назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир этган деб топилган. Ҳуқуқбузарга Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддаси билан 15 (ўн беш) сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланган. Маъмурий қамоқ жазосини ўташ 2024 йил 26 декабрь соат 14:20 дан бошлаб ҳисобланган.
Жазо ўталганидан сўнг ҳуқуқбузардан Тошкент шаҳар ИИББ Маъмурий тартибда қамоққа олинган шахсларни сақлаш махсус қамоқхонаси фойдасига қамалганларни сақлаш билан боғлиқ бўлган харажатлар учун маъмурий қамоқнинг ҳар бир суткаси учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 15 фоизи миқдорида, яъни 843 минг сўм Ипотека банкининг “Меҳнат” бўлимига ундирилиши белгиланган.
LiveБарчаси