Адолат 15 суткага қамалди

Таҳлил

Қўл остидаги ходимини ҳақорат қилгани ёки бўралатиб сўккани учун 15 суткага қамалган амалдорни биласизми? Ёки ёзилган қонунларни бузиб, аҳоли яшайдиган жойда “заправка” қургани учун қамалганларни-чи? Уни ҳам қўйинг, ичкарига оёғи билан кирган маҳбуснинг ўлигига сабаб бўлганларнинг қамалганини эшитганмисиз? Йўқ, эшитмагансиз. Лекин ўзининг пулига газ ёки бензин сотиб олмоқчи бўлиб “заправка”да кунлаб навбат кутиб, сабр косаси тўлган, аччиқ ҳақиқатни айтиб тепадагиларнинг юзига ойна тутган одам қамалганини эшитасиз. Ўзбекистон бу.

31 декабрь куни ижтимоий тармоқ янги йил табриклари билан эмас, ўз ҳаққини талаб қилган Ўзбекистон фуқаросининг 15 суткага қамалгани ҳақидаги хабар билан тўлди. Ёдингизда бўлса, ижтимоий тармоқларда навбат кутиб чарчаганини айтиб, оёқ кийимини ечиб, аччиқ гапларни айтиб, ўз ҳаққини талаб қилган одамнинг видеоси тарқалганди.

“Мен бу ерда кечаси билан ётдим. Қани ҳақиқат? Нима қиляпсизлар? Президент қаерга қараяпти? Автомат олиб чиқиб отиб ташланглар бир кишини. Бензин олай, десанг, униям ололмайсан. Қуядиган бензинига машинани мотори эриб кетади. Буни назорат қиладиган ташкилот йўқми? Ўзбекистон камбағал қолоқ давлат эмас-ку. Ерости ва ерусти бойликларимиз бор-ку”, деган Ғайрат Дўстов.

Кечаси билан газ “заправка”да навбат кутиб, энди оғзи ошга етганда “заправка” ёпилганидан жиғибийрон бўлиб, сал қолса йиғлаб юборай деяётган бу одам 15 суткага қамалди.

У автомобилларга газ қуйиш шохобчаси ходимларини турли сўзлар билан ҳақоратлаб, жамоат тартибини бузиб, майда безорилик содир этганликда айбланмоқда. Эркак бу чиқишидан кейин ИИБга чақиртирилгани ҳақида ҳам гаплар болалаган эди. Орадан бир неча соат ўтиб унинг бошқа видеоси тармоқларга сиздирилди ва фуқаро айбли иш қилмагани ва ҳеч кимдан узр сўрамаслигини айтди.

“Мен гапирган гапларим, билдирган шикоятларим учун, оғзимдан қўпол сўзлар чиққан бўлса, тепадагилардан, масъул шахслардан, бирортангиздан кечирим сўрамоқчи эмасман. Агар худодан қўрқмасанглар, энг олий жазо отувга ҳукм қилиб юборинглар. Лекин мен бирорталарингдан кечирим сўрамайман”, деган у.

Афтидан, у узр сўрашга мажбур бўлган ҳар ҳолда суд ҳужжатида шундай ёзилади. 2024 йил 26 декабрь куни Тошкент шаҳар жиноят ишлари бўйича Бектемир туман судида судья Дадахонова раислигида суд мажлиси бўлиб ўтган.

Суд ҳужжатида ёзилишича, фуқаро Ғайрат Дўстов 2024 йил 23 декабрь куни Тошкент шаҳар Бектемир туманида жойлашган “Моротранс” МЧЖ газ қуйиш шохобчасида ходимларини турли сўзлар билан ҳақоратлаб, жамоат тартибини бузиб, майда безорилик қилган.

“Судда ҳуқуқбузар шохобча ёпилганлиги сабабли жаҳл устида шохобча ходимларини турли сўзлар билан ҳақорат қилиб, бақир-чақир қилганлигини, ҳозирда қилган ишидан пушаймонлигини, келгусида бундай ҳолат бошқа такрорланмаслигини баён қилиб, суддан унга енгиллик беришни сўради”, дейилади суд қарорида.

Судья Дадахонова Ғайрат Дўстовни Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддасида назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир этган деб топган ва 15 (ўн беш) сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинлаган.

Маъмурий қамоқ жазосини ўташ 2024 йил 26 декабрь соат 14:20 дан бошлаб ҳисобланган. Демак, эркак айнан шу куни қамоққа олинган. Лекин унинг яқинлари бу ҳақда 31 декабрь куни хабар топгани айтилмоқда.

Ўз ҳаққини талаб қилган фуқаронинг қамалиши одамлар орасида катта муҳокамаларга сабаб бўлмоқда. Ижтимоий тармоқ фаоллари Ғайрат Дўстовнинг қамалиши адолат ва ҳақиқатнинг қамалиши деб ёзмоқда. Бу ҳолат ҳуқуқ-тартибот идоралари ва суд тизимига нисбатан ишончсизликни ҳам орттирмоқда.

Адвокат Абдумалик Абдуллаев Ғайрат Дўстов устидан эълон қилинган қарор ҳақида ёзар экан, ўз постини “Бир қарор мисолида судьянинг савияси”, деб бошлаган.

“Биринчидан, қарорнинг воқеа тафсилотини баён қилувчи қисмида гўё-ки ҳуқуқбузарлик содир этилган, деб иддао қилинган вақт аниқ кўрсатилмаган. Ваҳоланки, вақт дейилганда йил, ой, кун ва соатлар тушунилади.

Иккинчидан, воқеа тафсилотида гўё-ки, у шохобча ходимларини турли сўзлар билан ҳақоратлаганлиги иддао қилинган, лекин айнан қандай сўзлар билан ҳақоратлаганлиги, у сўзлар ҳақорат саналиши ёки саналмаслиги мавҳумлигича қолиб кетган.

Ваҳоланки, майда безорилик деб аталмиш ҳуқуқбузарликнинг ягона белгиси бу, жамоат жойида содир этилишининг ўзигина эмас.

Агар шахс муайян шахс(лар)га қарата ҳақорат қилган бўлса, ҳақоратланган шахс (лар)нинг шахсини аниқлаш ва шахсга қаратилган қилмиш, деб баҳоланиши керак бўлиб қолади.

Учинчидан, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 294-моддасидан келиб чиқсак, Ғ.Дўстовнинг ушбу вазиятдаги процессуал ҳуқуқий мақоми “маъмурий жавобгарликка тортилаётган шахс” деб юритилиши керак бўлгани ҳолда, ҳали қарор чиқарилмасдан олдин уни “ҳуқуқбузар” деб атаб қўйилган.

Тўртинчидан, қарорда Ғ.Дўстовга жазо тайинлашда айбига иқрорлигини гўёки инобатга олганлигини кўрсатиб, амалда эса, модда санкцияси доирасидаги максимал жазо тайинланибди. Кечирасиз-у, биз айбига иқрорликни жазони оғирлаштиришга эмас, балки енгиллаштиришга хизмат қилувчи ҳолатлардан бири деб, билар эдик.

Шу жойда суднинг сўзи билан амали бир-бирига мувофиқ келмабди.

Бешинчидан ва ҳаммасидан ҳам кулгилиси, суд жазо тайинлашда ҳуқуқбузарликнинг ижтимоий хавфлилик даражасини ҳам инобатга олиб қўйибди.

Ажабо! Маъмурий ҳуқуқбузарликда ижтимоий хавфлилик белгиси ҳам бўлар экан-да?!

Ҳурматли судья хоним!

Жиноятни маъмурий ҳуқуқбузарликдан ажратиб турувчи ягона белгиси бу, айнан ижтимоий хавфлилиги эмасмиди?”, деб ёзади адвокат.

15 суткага қамалган ҳар бир фуқаро халқ тили билан айтганда “панельный”да сақланади. Инсон ҳуқуқлари фаоли Эзгулик жамияти раиси Абдураҳмон Ташанов эса Ғайрат Дўстов “панельный”да эмас, Тошкент шаҳар ИИББга олиб кетилгани ҳақида ёзмоқда.

“Бектемир туман суди томонидан 15 суткага қамалган Ғайрат Дўстов сўроқ учун 27 декабрь куни Тошкент шаҳар ИИББга олиб кетилган. Бугун унинг адвокати Адҳам ака билан “Панельный”даги сақлов изоляторига бордик. Навбатчининг айтишича, у Тошкент шаҳар ИИББда сақланмоқда. Айни пайтда Тошкент шаҳар ИИББнинг навбатчилик қисми дам олиш куни бўлгани боис у билан учрашувимизга рухсат беришмади. Суд томонидан белгиланган жазони ўтаётган шахсни нега сўроққа олиб кетишгани ва у ерда ушлаб туришгани сабабини тушунтиришмади”, деб ёзади Абдураҳмон Ташанов.

Унинг қўшимча қилишича, ҳозирча 3 нафар адвокатда уни ҳимоя қилишга ордер бор. Аммо дам олиш кунлари бўлгани сабабли ҳозиргача адвокатлар Ғайрат Дўстов билан учраша олмаган. Кўнгилли адвокатлар сони эса 10 нафардан ортган.

Ғайрат Дўстов ҳақиқатан ҳам “панельный”да эмас, Тошкент шаҳар ИИББдами деган савол билан ИИВ матбуот хизмати раҳбари Шохруҳ Ғиёсов билан боғландик. Ғиёсов Ғайрат Дўстовни Тошкент шаҳар ИИББга олиб кетилганини тасдиқлагани йўқ. Аммо инкор ҳам қилмади. ИИВ воизига кўра, Ғайрат Дўстов “панельный”дан ИИББга олиб кетилган тақдирда ҳам бу қонун бузилиши эмас.

“У 15 суткага қамалган бўлса ҳам бошқа бир воқеага гувоҳ бўлиши ёки алоқадор бўлиши мумкин. Бундай ҳолатда қачон 15 сутка ўтирасан, деб кутиб ўтириш керакми?” дейди Ғиёсов саволга савол билан.

Бу каби ҳолатлар содир бўлганда биринчилардан бўлиб, муносабат билдириши керак бўлган Омбудсман ҳозиргача миқ этмади. Аксинча, тармоқларда Ғайрат Дўстов ва унинг оиласига ёрдам берадиганлар кўпайди. Лекин бу орада Ғайрат Дўстов ёлғон гапиргани, у фарзандларига нафақа бермаслигини ёзганлар ҳам бор.

Аммо бир нарсани ёддан чиқармаслик зарур. Асосий масала унинг оиласи ва ундаги муаммолар ёки ягона боқувчиман деб ёлғон гапиргани эмас, унинг овози чиққани учун 15 суткага қамалишида.

Тармоқ фаоллари Ғайрат Дўстовнинг 15 суткага қамалиши ҳақида ёзаркан, ўртага битта асосий савол чиқмоқда. “Муаммони айтган одам қамалгани билан “заправка”лардаги навбатлар тугадими?” Йўқ, на газ муаммоси, на бошқалари ҳал бўлгани йўқ. Шунчаки ҳақиқат аччиқлик қилди, халқ дардини айтган одам қамалди.


Мақола муаллифи

Теглар

ўз ҳаққини талаб қилган Ғайрат Дўстов Абдумалик Абдуллаев Абдураҳмон Ташанов

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

2

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг