Апелляция судида Ғайрат Дўстовнинг майда безорилик содир этгани тасдиқланди – Азиз Обидов

Жамият

image

Бугун, 3 январь куни Тошкент шаҳар суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатининг апелляция инстанциясида Жиноят ишлари бўйича Бектемир туман судининг 2024 йил 26 декабрдаги қарорига мувофиқ Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддасида (майда безорилик) назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир этган деб топилиб, 15 сутка муддатга маъмурий қамоқ жазоси тайинланган Ғайрат Дўстов иши кўриб чиқилди. Апелляция судида Ғайрат Дўстовнинг майда безорилик содир этгани тасдиқланиб, биринчи инстанция суди томонидан унинг ҳаракати тўғри квалификация қилинган деб топилди. Бу ҳақда Олий суд матбуот котиби Азиз Обидов маълум қилди.

1978 йилда Қашқадарё вилоятида туғилган, муқаддам маъмурий жавобгарликка тортилган Ғайрат Дўстовнинг адвокатлари томонидан биринчи инстанция судининг қарори устидан берилган апелляция шикоятлари судья Фарруҳ Эргашев раислигида кўриб чиқилди.

Билдирилишича, суд Ғайрат Дўстов аввал ҳам (1 йил мобайнида) айнан шу турдаги ҳуқуқбузарлиги учун маъмурий жавобгарликка тортилганлиги сабабли адвокатларнинг Ғайрат Дўстовга ярашувга бўлган ҳуқуқини тушунтирмаганлиги ҳақидаги важлари билан келишмаган.

"Тошкент шаҳар суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанциясининг 2025 йил 3 январдаги ажримига мувофиқ Ғайрат Дўстовга нисбатан жиноят ишлари бўйича Бектемир туман суди томонидан чиқарилган қарор ўзгартирилиб, ҳуқуқбузарнинг пушаймонлиги, соғлиғи ҳамда маҳалла еттилигининг унга енгиллик беришни сўраб кафиллик билдирилганлиги инобатга олинган ҳолда унга тайинланган 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси 8 сутка маъмурий қамоқ жазосига келтирилди. Бугунги кун ҳолатига Ғайрат Дўстов жазони тўлиқ ўтаганлиги боис суд залидан маъмурий қамоқдан озод қилинди", дейилади хабарда.

Тошкент шаҳар судининг апелляция инстанцияси қарори устидан тарафлар қонунда белгиланган тартиб ва муддатда Олий суднинг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатига тафтиш тартибида шикоят бериши, прокурор эса протест келтиришга ҳақлилиги маълум қилинди.


Мақола муаллифи

Теглар

Ғайрат Дўстов

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг