Байден ва Си Цзиньпин охирги учрашувини ўтказди
Олам
−
17 Ноябрь
7750АҚШ Президенти Жо Байден ва ХХР Раиси Си Цзиньпин Осиё-Тинч океани иқтисодий ҳамкорлиги ташкилотининг Перудаги саммитида учрашиб, икки мамлакатнинг Байденнинг тўрт йиллик президентлиги давомидаги муносабатларини сарҳисоб қилди. Бу ҳақда BBС хабар берди.
Си Цзиньпин Пекин тез орада Байден ўрнига келадиган Дональд Трампнинг маъмурияти билан ишлашга тайёрлигини билдирган.
Хитой раҳбари Дональд Трамп яна АҚШ президенти бўлганидан кейин Вашингтон билан алоқалар “силлиқ транзит” бўлишига умид қилмоқда. Бу ҳақда Си Цзиньпин амалдаги президентлик муддати тугашига икки ой қолган Жо Байден билан учрашувда айтиб ўтди.
Икки давлат раҳбари Перуда Осиё-Тинч океани иқтисодий ҳамкорлиги ташкилоти саммити майдонида учрашди. Бу уларнинг Байден президентлиги давридаги учинчи ва узоқ муддатли охирги ўзаро учрашуви бўлди. Суҳбат тахминан икки соат давом этган.
Ҳар икки раҳбар ушбу мулоқотдан икки давлатнинг турли соҳалардаги муносабатларини сарҳисоб қилиш учун фойдаланган: ядровий соҳада сунъий интеллектнинг ролидан тортиб, гиёҳванд моддалар савдосига қарши кураш ва Украинага қарши урушда Россия мудофаа саноатига ёрдам беришгача.
Си Цзиньпиннинг таъкидлашича, Хитойнинг келгуси тўрт йилдаги мақсади Байден даврида кўтарилиш ва пасайишларни бошидан кечирган, барқарор ва соғлом Хитой-АҚШ муносабатлари бўлиб қолмоқда. Бунга Байден “шу вақт ичида эришган ютуқларимиздан фахрланаман” деб жавоб берган.
“Агар икки давлат бир-бирига шерик ва дўстдек муносабатда бўлиб, умумий тил топишса, муносабатларимиз сезиларли даражада олдинга силжийди. Аммо агар биз бир-биримизни рақиб сифатида қабул қилсак, қаттиқ рақобатлашсак ва бир-биримизга зарар етказишга ҳаракат қилсак, муносабатларга путур етказамиз ёки ҳатто уни орқага қайтарамиз”, деган ХХР Раиси.
Икки лидернинг Перудаги учрашуви мавзуларидан бири Россиянинг Украинага қарши уруши эди. Оқ уйнинг расмий баёнотига кўра, Байден Хитой Россия мудофаа саноатини қўллаб-қувватлашда давом этаётганидан хавотир билдирган. Бунга жавобан Хитой раҳбари Пекин Россия ва Украина ўртасидаги можарони тинч йўл билан ҳал этиш тарафдори эканини эслатган.
Байден президентлигида Хитой билан муносабатларда кескинлашувлар кузатилди, жосус шарлар билан боғлиқ ҳодисалар, америкалик юқори мартабали мулозим, Вакиллар палатаси собиқ спикери Нэнси Пелоси ташрифи ортидан Тайван ҳудудида Хитой ўз қудратини намойиш этиши ҳамда Америка телекоммуникация компаниялари хитойлик ҳакерлар томонидан бузиб кирилиши ва бу уларга ҳукумат мулозимларининг телефон сўзлашувларини тинглашига олиб келгани билан боғлиқ яқинда рўй берган можаро шулар жумласидандир.
Аммо Байден маъмурияти Пекин билан рақобатни “масъулият билан бошқариш”га интилди. Энди, Трампнинг иккинчи муддати арафасида, таҳлилчиларнинг сўзларига кўра, Пекин янги сайланган президентнинг ҳаракатларини олдиндан билиб бўлмаслиги туфайли ташвишга тушгани тайин.