Байден Украинанинг 4,6 млрд қарзини бекор қилмоқчи
Олам
−
21 Ноябрь
2532АҚШнинг амалдаги Президенти Жо Байден маъмурияти Конгрессга Украинанинг иқтисодий қарзини бекор қилиши ҳақида баёнот берди. Бу ҳақда “Америка овози” хабар берди.
Хабарга кўра, Байден маъмурияти Украинанинг иқтисодий ёрдам учун берилган қарзининг ярми, тахминан 4,65 миллиард долларни бекор қилишини маълум қилган. Бу маълумотни АҚШ Давлат департаменти матбуот котиби Мэтью Миллер брифингда тасдиқлаган.
Маълумот учун, АҚШ Конгресси жорий йилнинг апрель ойида Украина хавфсизлигини таъминлаш учун 61 миллиард долларлик қўшимча маблағ ажратиш тўғрисидаги қонунни қабул қилганди.
Ушбу ҳужжат шартларига кўра, иқтисодий ёрдам, салкам 10 миллиард доллар миқдорида бўлиб, бу маблағ Киевга бепул эмас, балки шартли равишда қайтариладиган қарз сифатида берилган.
Шу билан бирга, мазкур ҳужжат Жо Байденга ушбу қарзнинг 50 фоизидан кечиш ҳуқуқини беради.
Унга кўра, қарзнинг 50 фоизини 2024 йил 15 ноябрдан, яъни АҚШдаги президентлик сайловларидан бир ҳафта ўтгач, амалдаги Президент, қолган 50 фоизидан эса 2026 йилнинг 1 январида кейинги давлат раҳбари воз кечиши мумкин.
“Биз Украинага кўрсатилган иқтисодий ёрдам учун берилган қарзларни бекор қилиш мақсадида қонунда белгиланган қадамни қўйдик. Энди Конгресс бу қарорни қабул қилиши мумкин”, деб таъкидлаган Миллер.
Оқ уй Конгрессга қарор ҳақида маълум қилгач, қонун чиқарувчилар унга қарши эътироз тарзидаги қарорни қабул қилишлари мумкин. Бироқ Миллернинг фикрича, бундай ҳолат содир бўлмайди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШ Президенти Жо Байден Конгресс томонидан тасдиқланган маблағдан Украинага 5,5 миллиард доллар ажратишга рози бўлганди. Шу тарзда, унинг маъмурияти Конгресс томонидан Америка ускуналарини Украина фойдасига қисқартиришни қўллаб-қувватлаш ва кейин Америка захираларини тўлдириш учун ажратилган маблағлардан тўлиқ фойдаланиши мумкинлигини таъкидлаганди.
Моҳинур Каримова