Трамп уруш очмоқчи. Лотин Амeрикаси хавф остида
Таҳлил
−
24 Август 9217 10 дақиқа
АҚШ ва Венесуэла ўртасидаги кескинлик Лотин Америкаси минтақасида кучли портлашларни содир қилиш эҳтимоли ошиб боряпти. Сабаб эса Мадуро ва унинг маъмурияти АҚШга жуда катта ҳажмдаги наркотик моддаларни олиб киришни ташкиллаштиришда айбланмоқда. Вашингтоннинг даъвосича у “Қуёш картели” номли жиноий гуруҳ орқали бу ишни амалга оширмоқда. Шу боис Россиянинг Украинага босқинини ҳеч бир стратегясиз бўлса ҳам тугаштишга уринаётган Доналд Трамп энди ўзи шундай босқинни Венесуэлага қарши уюштириши мумкин. Бу борада Қўшма Штатлар томонидан чиқаётган таҳдидли хабарлар мамлакатнинг босқинчилик тарихида юз берган аввалги воқеаларни ёдга солмоқда. Хусусан, нишон нефть ва бошқа табиий бойликларга бой Венесуэла, унинг тепасидаги шахс эса Оқ уйда доим диктатор сифатида талқин қилинадиган Николас Мадуро ҳамда боз устига Вашингтонга бўйин эгмайдиган ва доим унга қаршилик қилиб келадиган шаҳхсдир. Муаммар Каддафий ёки Саддам Ҳусайнга ўхшаш фигура ва айни уларникидан унчалик ҳам фарқ қилмайдиган вазият, шундай эмасми? Бундан ташқари “ҳарбий операция” ўтказиш ниқоби остида Венесуэлага бостириб кириш ҳақидаги янгиликлар бугун дунё эътиборини ўзига тортмоқда. Ўз ўрнида расмий Каракас ҳам бунга тайёр. Мадуро АҚШнинг эҳтимолий босқинига қарши тайёргарликни бошлади. Мамлакат соҳиллари яқинида АҚШ кучлари фаоллашган ва америкаликларнинг учта ҳарбий кемаси Венесуэлага қараб йўлга чиққан бир пайтда Мадуро миллионлаб полициячиларни юқори шайликка чақирди. Икки ўртадаги кескинлик шу тариқа ўзининг энг юқори нуқтасига етди. Бугун шу ҳақда батафсил гаплашамиз.
Дунё янги уруш ёқасида
Жорий йил август ойи бошида АҚШ Бош прокурори Пем Бонди Қўшма Штатлар Венесуэла Президенти Николас Мадурони ҳибсга олишга ёрдам берадиган маълумот учун 50 млн доллар мукофот белгилаганини маълум қилди. У Мадурони “хориждаги террорчилик ташкилотлари”дан фойдаланиб, АҚШга наркотиклар ва «зўравонлик» оқимининг кириб боришида айблади. Пем Бонди Х даги саҳифасида эълон қилган ушбу мукофот ҳақидаги постида Мадурони дунёдаги энг йирик наркотик савдогарларидан бири ва АҚШ миллий хавфсизлигига таҳдид деб атади. Бугунги жиддий зиддиятнинг энг асосий старт чизиғи ҳам айнан шу баёнот эди. Бундан ташқари, Оқ уй матбуот котиби Керолайн Ливитт ҳам Венесуэла бўйича таҳдидли баёнот билан чиқди. У Венесуэлада ҳарбий операция ўтказилиши эҳтимолини рад этмади ва Президент Доналд Трамп наркотик моддалар савдосига қарши курашда “Америка кучининг барча элементларидан” фойдаланишга тайёрлигини маълум қилди.
Бундан ташқари Керолайн АҚШ Мадурони Венесуэланинг “қонуний президенти эмас” деган позициясини ҳам яна бир бор эслаб ўтди. Маълумот ўрнида шуни ҳам қўшимча қилиб ўтиш лозим, АҚШ ва Венесуэла 2019 йилдан бери расмий икки томонлама дипломатик алоқаларга эга эмас. Бугун эса дунёдаги барча диктаторлар билан жуда яхши чиқиша оладиган Доналд Трамп негадир Венесуэладаги шундай турдаги раҳбарлардан бири билан ёмон муносабатда. Устига устак, Керолайннинг юқорида баён этилган гаплари Венесуэла қирғоқларига бортида 4500 га яқин денгиз пиёда аскарлари мавжуд бўлган АҚШнинг учта ҳарбий кемаси юборилаётгани ҳақидаги хабарлар фонида янгради. Бу эса вазият янада жиддийлашганини англатарди.
Чунки 19 август куни ростдан ҳам “Reuters” агентлиги Пентагондаги манбаларига таяниб, АҚШ ҳарбий денгиз кучларининг учта эсминетси тез орада Кариб денгизи жанубига етиб бориши ва “наркокартелларга қарши кураш бўйича операцияларни ўтказиш учун” Венесуэла қирғоқларига жойлаштирилиши ҳақида хабар берди. “The New York Times” газетасининг ёзишича эса, АҚШ президенти Дональд Трамп Лотин Америкасидаги наркотик картелларига қарши ҳарбий куч ишлатишни бошлаш ҳақидаги кўрсатмани имзолаган. Нашрнинг даъво қилишича, Трамп бу буйруқни Пентагонга яширин тарзда берган ва жамоатчиликка эълон қилинмаган.
Шундан сўнг, Венесуэла Президенти Николас Мадуро ҳам ниҳоят АҚШдан келаётган таҳдидларга муносабат билдиришни бошлади. У АҚШнинг Венесуэлага қарши мазкур амалий қадамларини мамлакатдаги вазиятни беқарорлаштиришга қаратилган уриниш деб атади. Мадуро Қўшма Штатлар таҳдиди муносабати билан Венесуэлани ҳимоя қилиш учун Боливар миллий полицияси сафарбар қилинишини маълум қилди. У телевиденияда чиқиш қилди ва “Америка империализмига қарши Венесуэла яна бир бор ғалаба қозонади”, деб баёнот берди.
“Мен ҳарбий штабларда, марказий майдонларда ва 15 751 та машҳур яхлит мудофаа базаларида 23 ва 24 август кунлари Боливар миллий полициясини сафарбар қилишга чақираман. Америка империализмининг жиноий таҳдидига қарши Венесуэла яна ғалаба қозонади”, деди Мадуро.
Мадуро бутун мамлакат бўйлаб аҳолини рўйхатга олиш ва халқ милициясини шакллантиришни ҳам эълон қилди. У мамлакатни ҳимоя қилиш учун барча кўнгилларни бу ишда иштирок этишга чақирди. Шу ўринда эса у тилга олган Боливар миллий полицияси қандай тузилма эканига тўхталсак. Бу давлат ижроия ҳокимиятига тегишли бўлиб, Венесуэла ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларидан биридир. Мазкур ташкилот 2009 йилда АҚШнинг халқаро майдондаги энг ашаддий душманларидан бири бўлган Венесуэланинг Мадуродан олдинги президенти Уго Чавез томонидан ташкил этилган. Унинг асосий мақсади жамоат тартибини сақлаш, жиноятчилик ва терроризмга қарши курашишдан иборат. Боливар миллий полицияси Венесуэланинг ички ишлар ва адлия вазирликларининг юрисдикцияси остида фаолият юритади. Бу тузилма дастлаб ташкил этилганда бор йўғи 2 400 нафар ходимга эга бўлган. Аммо Мадурога кўра, бугун Боливар миллий полициясида 4,5 миллиондан ортиқ ходим фаолият олиб боради. Венесуэла раҳбари эса уларнинг барчасидан АҚШ таҳдидига қарши фойдаланмоқчи.
Мадуро учун миллионлар
Умуман олганда Мадуро Венесуэлада ҳокимият тепасига келибдики, АҚШ уни тутишни доим маълум миқдордаги мукофотлар билан нархлайди. Мадуро Венесуэлани 2013 йилдан буён бошқариб келади. Шу пайтгача у барча президентлик сайловларида шубҳали тарзда ғалаб қозонган. АҚШ билан кескин можарога киришиши эса бевосита Дональд Трампнинг ҳокимайт тепасига келиши билан боғлиқ. Трамп уни доим, ўзининг биринчи президентлик мандатидан буён наркокартеллар ва халқаро кокаин савдоси тармоғи билан алоқада айблаб келади. Доналд Трамп шундай важлар билан Мадурога ҳужум қилишни 2018 йилда бошлаган. Ўшанда Қўшма Штатлар Николас Мадуронинг 2018 йилги сайловлардаги ғалабасини тан олмади ва уни қонуний президент деб ҳисоблашдан бош тортди. 2020 йилда эса улар ўртасидаги зиддият ҳибсга олиш таҳдидигача борди. АҚШ 2020 йилда Мадурони наркотрафик бўйича айблаб, уни ҳибсга олишга ёрдам берадиган маълумот учун 15 миллион доллар ваъда қилди. Кейинчалик эса бу сумма ҳар сафар 1.5 ёки 2 баравар ошиб борди.
Орадан вақт ўтиб, Мадурони яна тан олиш билан боғлиқ муаммо таъқиб қила бошлади. Бу сафар Байден маъмурияти унинг 2024 йил 28 июлда ўтказилган президентлик сайловларидаги ғалабасини тан олмади. Расмий маълумотларга кўра, мамлакатнинг амалдаги Президенти Николас Мадуро бу сайловда ғалаба қозонди ва у учинчи муддатга қайта сайланди. Аммо мухолифатга кўра, Эдмундо Гонсалес 70 фоиздан ортиқ овоз тўплаган ҳолда ютганди.
Мухолифат сайлов участкаларининг 80% дан ортиғининг протоколларини эълон қилди, бу эса Гонсалес сайловда сезиларли фарқ билан ғалаба қозонганини кўрсатди. Мадурони ғолиб деб эълон қилган Миллий сайлов кенгаши эса протоколларни негадир эълон қилмади. Шунчун мухолифат бу натижаларни сохталаштирилган деб ҳисоблади ва орадан кўп ўтмай, мамлакатда оммавий норозиликлар бошланиб кетди. Бу пайтда АҚШ ҳам мазкур шубҳали натижалар фонида сайлов якунлари “Венесуэла халқининг иродасини акс эттирмаслиги ва асл ғолиб сифатида Вашингтон мухолифат етакчиси Эдмундо Гонсалесни тан олишини маълум қилди. Бундан ташқари, ўтган йил кузда АҚШ ҳукумати Мадуронинг самолётини мусодара қилди. Венесуэлада эса бу ҳаракат «қароқчилик» деб баҳоланганди.
Трампнинг ашаддий душмани
Жорий йил Байден ҳокимиятни расман топширишига 10 кун қолганда АҚШ Венесуэланинг қайта сайланган Президенти Николас Мадуронинг ҳибсга олинишига ёрдам берадиган маълумот учун 25 миллион доллар ваъда қилди. Вашингтон Мадуронинг сайловлардаги ғалабасини тан олмасликда давом этди. Бу пайтга келиб, АҚШ томонидан қўлга олиниши учун пул тикилган яна бир неча нафар Мадурога яқин инсонлар ҳам боре ди. Улар Венесуэла Ички ишлар вазири Диосдадо Кабело ва Мудофаа вазири Владимир Падринолардир. Жорий йил 10 январь куни АҚШ Молия вазирлиги Николас Мадуронинг ҳокимият тепасига келишига ва унинг репрессив сиёсатига ҳисса қўшган Венесуэладаги яна бир қатор жисмоний ва юридик шахсларга нисбатан ҳам санкциялар жорий қилди.
“Қора рўйхат”га киритилганлар орасидан давлат нефть компанияси раҳбари Эктор Андрес Обрегон, Транспорт вазири ва CONVIACA миллий авиакомпанияси президенти Рамон Селестино Веласкес, Ички ишлар вазири ўринбосари Феликс Рамон Осорио кабилар жой олди. Шунингдек, Буюк Британия ҳам Мадуронинг 15 ҳамкорига қарши санкция киритди. Лондон ҳам президентлик сайловлари натижалари ва Мадуронинг улардаги ғалабасини тан олмаслигини эълон қилганди. Ўз ўрнида Европа Иттифоқи ҳам Мадуро инаугурацияси куни Венесуэлага қарши санкциялар рўйхатини кенгайтирди. Мадуро эса ўзига нисбатан миллионлаб доллар пул тикилган ва Венесуэлага Ғарб томонидан санкциялар ёғдирилаётган бир пайтда ашаддий рақиби Эдмундо Гонсалес Уррутияни ҳибсга олишга ёрдам берадиган маълумот учун 100 минг АҚШ доллари миқдорида мукофот эълон қилиб, уни тутиш билан овора эди.
Бундан ташқари, Мадуро халқаро майдонда, хусусан Кариб ҳавзасида АҚШ таъсирига тўсиқ бўлишга ҳам уриниб келади. Масалан, у жорий йилда Пуэрто-Рикони деколонизация қилиш ва ҳудудни америкаликлардан озод этишни талаб қилди. Мадуро ўшанда АҚШ колонизация дастурига эга бўлса, Лотин Америкасида ўзининг озодлик дастури борлиги, бу дастур эса Жанубий Америка мустақиллигининг рамзи Симон Боливар томонидан ёзилганини айтиб чиққанди. У Пуэрто-Риконинг озодлиги яқинлашаётгани ва Венесуэла уни АҚШ чангалидан қутқаришда Бразилия қўшинларидан ёрдам олишини таъкидлаб, Вашингтоннинг жиғига тегди. Бироқ амалдаги қонунчиликка кўра, 1898 йилдан бери Пуэрто-Риконинг мақоми жуда ғалати. У алоҳида мустақил суверен давлат ҳам ёки АҚШнинг бирор штати ҳам ҳисобланмасада, барибир АҚШ ҳудуди саналади. Бу эса уларни америкаликларда бўлган айрим имтиёзлари билан таъминлайди. Лекин АҚШ сайловларида қатнашиш ҳуқуқи бундан мустасно. Сўровномаларга кўра, аксарият пуэрто-риколиклар АҚШга штат сифатида қўшилишни истайди.
Трамп иккинчи бор президентлик муддатини бошлаганидан сўнг, АҚШга қарши шундай тарғиботларни олиб броган Мадуро билан жиддий шуғуллана бошлади. Юқорида айтиб ўтилганидек, август ойига келиб, уни қўлга олишда ёрдам учун 25 миллион долларлик мукофот, 50 миллионгача кўтарилди.
Шунингдек, Трамп Мадурони бир неча бор диктатор деб атаган. Шу йил бошида эса Президент лавозимига киришганидан сўнг Венесуэла нефтини қазиб олиш ва етказиб беришга рухсатни бекор қилганди. Бундан ташқари жиноий тўда аъзолари дея гумон қилинган венесуэлалик муҳожирларни оммавий равишда депортация ҳам қилди.
АҚШ кемалари етиб келмоқда
АҚШ президенти Дональд Трамп томонидан Венесуэла қирғоқлари яқинида жойлаштириши буюрилган Қўшма Штатларининг учта ҳарбий кемаси ҳафта охиригача етиб келиши мумкинлиги айтилмоқда. Нашрлар Оқ уйга яқин манбаларига таяниб, АҚШнинг учта “Aegis” типидаги бошқариладиган ракета эсминетларидан иборат амфибия эскадрони жорий ҳафта якшанба куни етиб келиши мумкинлиги ҳақида хабар берди. “Reuters” агентлигига кўра, улар USS San Antonio, USS Ivo Jima ва USS Fort Lauderdale каби кемалардир. Уларда жами 4500 нафар америкалик ҳарбий, шу жумладан 2200 нафар денгиз пиёда аскари мавжудлиги айтилмоқда. Эскадроннинг аниқ миссияси ҳақида батафсил маълумот йўқ, аммо уларнинг миссияси АҚШ миллий хавфсизлигига таҳдидларни бартараф этишга қаратилган бўлиш эҳтимоли юқори. “Al-Jazira”нинг Лотин Америкаси муҳаррири Люсия Нюманнинг хабар беришича, Мадуро кейинги 30 кун давомида барча учувчисиз учоқларни ҳаракатга келтиришни буюрган. Бу эса АҚШ Венесуэлага денгиздан эмас, балки ҳаводан ҳужум қилиши мумкинлигига ишора қилмоқда.
Ҳарбий таҳлилларга ихтисослашган ва расмий статистик маълумотлардан фойдаланадиган “Global Fire Power” сайти Венесуэланинг 2025 йилги милитар рейтингдаги салоҳиятини 145 мамлакат орасида 50-ўринда баҳолаган. АҚШ эса доимгидек бундй рўйхатларнинг барчаси peshqadam.Mintaqadagi кўпчилик Трамп нега “ўзини глобал тинчликпарвар сифатида кўрсатар экан, Қўшма Штатлар ҳовлисида бундай тажовузкор ҳаракатни” амалга оширмоқчилигига қизиқмоқда. Бундай ҳаракат эса Трампнинг «тинчликпарвар» президент сифатида гавдаланишига путур етказиши турган гап. Аммо нима бўлиши, Венесуэла бўйича қандай қарор қабул қилиниши яқин соатларда аниқ бўлади. Кўрамиз, Тинчлик учун Нобел мукофотига сазовор бўлиши кутилаётган АҚШнинг амалдаги Президенти Лотин Америкасининг асов табиат давлатига қарши қандай йўл тутади?
Live
БарчасиЗеленский Германия Президенти билан учрашди
15 Декабрь