Байден Россияни Украинада ядро қуролини қўллаш оқибатларидан огоҳлантирди

Олам 12498
image

АҚШ Президенти Жо Байден Украинада кимёвий ёки тактик ядро қуроли қўллаш Россияга халқаро даражада оқибатлар олиб келишидан огоҳлантирди. Кеча, 16 сентябрь куни унинг тегишли баёнот билан CBS телекомпаниясига берган интервьюсидан парчалар эълон қилинди.

Америка етакчисидан Россия Президенти Владимир Путинга “агар у Украинада кимёвий ёки тактик ядро қуролини қўллаш ҳақида ўйлаётган бўлса”, нима дейиши сўралган.

“Керакмас. Керакмас, Керакмас Сиз уруш қиёфасини Иккинчи жаҳон урушидан бери кузатилмаган даражада ўзгартирасиз”, деб жавоб берди Байден.

Шунда журналист ундан Россия Федерациясининг Украинада кимёвий ёки тактик ядро қуролини қўлласа, оқибатлари қандай бўлишини, АҚШнинг муносабати қандай бўлишини сўради.

“Сизнингча, агар мен қандай бўлишини аниқ билсам, сизга айтаман деб ўйлайсизми. Албатта айтмайман. Бунинг оқибатлари бўлади. Улар дунёда ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ қувғин қилинганларга айланадилар. [Бизнинг] жавобимиз қандай бўлиши улар қилаётган ишларнинг кўламига боғлиқ бўлади”, дейди Оқ уй раҳбари.

Россия-Украина уруши

Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.

Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.

24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.

Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.

25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.

Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.

Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.

Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.

Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. 

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 49
Рейтинг: 3
t
×