Байден Россияни АҚШдаги активларидан жудо қилмоқчи 

Олам

image

Америка Қўшма Штатлари Президенти Жо Байден Конгрессга россиялик ишбилармонлар билан боғлиқ мулкларни мусодара қилиш ва ундан тушган маблағни Украинани қўллаб-қувватлашга сарфлаш бўйича таклифлар юборади. Бу ҳақда бугун, 28 апрель куни эълон қилинган Оқ уйнинг ёзма баёнотида сўз борган.

Ҳужжатда айтилишича, бу таклифлар тўплами россиялик тадбиркорлар билан боғлиқ бўлган мулкни мусодара қилиш бўйича янги ваколатларни яратади ҳамда ҳукуматга олинган маблағларни Украинани қўллаб-қувватлаш ва ҳуқуқни муҳофаза қилишнинг тегишли механизмларини янада кучайтириш учун ишлатиш имконини беради.

Оқ уйнинг қўшимча қилишича, бу таклиф олигархларнинг активларини мусодара қилиш жараёнини соддалаштириш, мусодара қилиниши керак бўлган активлар доирасини кенгайтириш, шунингдек, даромадларнинг Украинага ўтишига йўл қўйишга қаратилган. 

Шунингдек, гап АҚШ санкциялари остидаги россиялик олигархларга тегишли бўлган ва айрим ноқонуний ҳаракатлар билан боғлиқ мулкни мусодара қилиш бўйича Ғазначилик ва Адлия департаментлари иштирокидаги янги, соддалаштирилган маъмурий жараён ҳақида бормоқда. Бундан ташқари, Президент Конгрессга ва Киевга қўшимча ҳарбий ёрдам сўраб мурожаат қилади.

Бундан ташқари, АҚШ Президенти россиялик ишбилармонлар томонидан санкцияларни четлаб ўтиш учун фойдаланилган мулкни мусодара қилишни ҳам таклиф қилади. 

“Ушбу таклиф россиялик олигархлар томонидан санкцияларни четлаб ўтиш учун фойдаланилган мулкни мусодара қилиш имконини беради. Амалдаги қонунчиликка кўра, Қўшма Штатлар санкцияларни бузишдан тушган маблағни мусодара қилиши мумкин, лекин санкцияларни бузиш учун фойдаланилган мулкни мусодара қила олмайди. Бу таклиф мазкур бўшлиқни тўлдиради”, дейилади мурожаатда.

Россия-Украина уруши

Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.

Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.

24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.

Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.

25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.

Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.

Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.

Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.

Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

9

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг