Бас қилинг! – Алламжонов Рўзметовнинг вафотини сиёсийлаштираётганларга мурожаат қилди

Жамият 21686
image

Жорий йилнинг 6 ноябрь куни хоразмлик журналист, танқидий материаллари билан эътиборга тушган 48 яшар Давлатназар Рўзметов йўл-транспорт ҳодисаси натижасида вафот этди. Мазкур ҳолат ижтимоий тармоқларда, айниқса, халқаро ОАВда кўплаб баҳс-мунозараларга сабаб бўлмоқда. Уларда Рўзметов бахтсиз ҳодиса қурбони бўлмагани, аксинча, журналистга танқидий материаллари учун суиқасд уюштирилгани айтилади. Тарқатилаётган гап-сўзлар қуруқ бўҳтонлиги ва миш-мишларнинг Рўзметовнинг вафоти атрофидаги воқеаларга яқин ҳам келмаслигини тасдиқлаш, тергов жараёнининиг очиқ ва ошкора олиб борилишини таъминлаш мақсадида бугун, 12 ноябрь куни Президент Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида матбуот анжумани бўлиб ўтди. 

Унда АОКА директори Комилжон Алламжонов, Хоразм вилояти ИИБ бошлиғи ўринбосари Аҳмаджон Пўлатов, Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) Улуғбек Муҳаммадиев, Ички ишлар вазирлиги Матбуот хизмати раҳбари Шоҳруҳ Ғиёсов, оммавий ахборот воситалари ходимлари, Давлатназар Рўзметов билан сўнгги бор кўришган адвокат-дўсти Умидбек Давлетов, марҳумнинг жияни Фурқат Рўзметов иштирок этди.

Мазкур анжуманда Давлатназар Рўзметов билан боғлиқ ҳодиса юз берган кундаги воқеалар хронологияси аниқ далиллар билан намойиш этилди. Ўша куни у билан учрашган адвокат Умид Давлетов ва Давлатназар Рўзметовнинг жияни Фурқат Рўзметов Хоразм вилояти ИИБ томонидан тақдим этилган маълумотларни тасдиқлади. Йиғилишда АОКА директори Комилжон Алламжонов сўз олиб, ҳақиқат юзага чиққани, бўҳтон тарқатаётганлар Рўзметовнинг хотираси ҳурмати ёлғон миш-мишларни тарқатишни бас қилишларини илтимос қилди. 

“Шу фурсатдан фойдаланиб, Давлатназар Рўзметовнинг оила аъзолари ва яқинларига яна бир бор чуқур ҳамдардлигимизни, таъзиямизни билдирамиз. Бугун гувоҳи бўлганингиздек, бу бахтсиз ҳодисани ўзининг ғаразли мақсадлари йўлида сиёсийлаштиришга уринаётган айрим одамларга ҳеч бўлмаса унинг хотираси ҳурмати бу ҳаракатларини тўхтатишларини илтимос қилган бўлардик. Чунки, ҳамма нарса ойдек равшан бўлиб турибди. Оила аъзолари ҳам буни тан олиб айтишяпти. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ҳам тасдиқламоқда. 

Давлатназар Рўзметовнинг хотираси ҳурмати бу ҳодисани бундай жирканч сиёсий томонга буриб, бу бахтсиз ҳодисани суиқасд қилинган деб чиқиш қилишларини бас қилишларини илтимос қилган бўлар эдик”, дейди Алламжонов. 

Эслатиб ўтамиз, Давлатназар Рўзметов жорий йининг 6 ноябрь куни “Урганч-Хива” йўлининг 5-километрида ЙТҲга учраб, воқеа жойида вафот этган эди. 48 яшар журналист 2018 йил 29 октябрь куни “Хоразм ёшлари” газетаси муҳаррири ўринбосари лавозимида ишлаб келаётган пайтида ҳибсга олиниб, Қўшкўпир тумани маъмурий суди томонидан 7 суткалик қамоқ жазосига маҳкум қилинган эди. Мазкур воқеа журналистнинг вафоти билан боғлиқ турли миш-мишларнинг болалашига сабаб бўлди.

Қамариддин Шайхов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 414
Рейтинг: 3
t
×
×