Марҳум Давлатназар Рўзметовга куч ишлатар тузилмалардан тазйиқлар бўлганми? Адвокат изоҳ берди

Таҳлил 6058
image

Марҳум журналист Давлатназар Рўзметовга нисбатан куч ишлатар тузилмалар, хусусан Ички ишлар органлари томонидан ҳеч қандай тазйиқлар бўлмаган. Бу ҳақда бугун Президент Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Рўзметовнинг вафотига оид тергов иши бўйича ўтказилган матбуот анжуманида сўз борди. 

Анжуманда Давлатназар Рўзметов билан сўнгги бор мулоқотда бўлган ва учрашган дўсти, адвокат Умид Давлетов ҳам сўзга чиқиб, марҳум билан ЙТҲ рўй берган куни Хоразм вилояти Ички ишлар бошқармасига борганини айтди. 

“Жорий йилнинг 6 ноябрь куни ҳимоям остида бўлган Нафосат Оллашукорова иши бўйича Урганч шаҳрига бордим. Урганч аэропортидан чиқибоқ Давлатназар акага қўнғироқ қилдим ва улар билан учрашмоқчи эканим, ҳозирги кунда аҳволи қандайлигини билмоқчилигимни айтдим. Давлатназар ака ҳақида гапириш менга қийин. У менинг қадрдон дўстим эди. 

Телефон орқали боғланиб, учрашдик. Учрашганимизда у киши ниҳоятда хурсандлигини, унга нисбатан туҳмат қилиб ёзилган аризалар бўйича тўлиқ текширувлар ўтказилиб, Хоразм вилояти Ички ишлар бошқармаси томонидан қўзғатилган барча маъмурий ишлар тугатилганлигини, ҳозирги кунда унинг журналистик фаолиятига ҳеч қандай тўсқинлик йўқлигини, аксинча, Давлатназар акага Хоразм вилояти ИИБ раҳбарияти томонидан мақолалар билан ҳамда унинг хавфсизлигини таъминлаш бўйича ижобий ишлар қилингани тўғрисида фахрланиб, хурсанд бўлиб гапириб бердилар. 

Шу билан бирга, менга “юринг, сиз билан Хоразм вилояти ИИБга борайлик, бошлиқнинг биринчи ўринбосари Тоҳир Қозоқовнинг ёнига бирга кирайлик , сиз ҳам ундан бўлиб ўтган ҳолатларни эшитинг, гувоҳи бўлинг”, деди. Кейин биз биргаликда ИИБга бордик, Қозоқовнинг қабулига кирдик. У ерда тахминан ярим соат самимий суҳбат бўлди. Қозоқов яна бир бор уларга қарши ёзилган ариза ўз тасдиғини топмаганини айтди.  Шу сабабли барча маъмурий иш юритувидаги ҳужжатлар ёпилган. “Сиз бемалол ишингизни қилишингиз мумкин, ҳеч қандай тўсқинлик йўқ. Биздан сизнинг журналистик фаолиятингизни ривожлантириш учун қандай ёрдам керак бўлса, ёрдам беришга тайёрмиз”, деди у. 

Давлатназар ака ИИБ бошлиғининг биринчи ўринбосари “Менга қанақа мақола беришингиз мумкин”, деб ҳазиллашди. Қозоқов эса “Ҳозир Қўшкўпир туманида бир оғир жиноят содир этилди. Биз бу жиноятни очиб бўлдик. Фақат гумонланувчини ушлаш қолди. Мана шу мақолани биринчи бўлиб сизга берамиз. Сиз эса ўз газетангиз орқали ёритасиз. Биз сиз билан ҳамкорликда ишлайверамиз. Бизда сиз билан ҳамкорликни тўхтатишга, ҳамкорлик қилмасликка бирор бир асос йўқ”, деб айтди”, дейди адвокат Умид Давлетов.  

У сўзида давом этаркан, Давлатназар Рўзметовни охирги бор кўрган яқини эканини айтади ва воқеалар айнан тергов жараёнида очиқланганидек рўй берганини тасдиқлайди. Давлетовнинг қайд этишича, шу куни Давлатназар Рўзметовнинг кайфияти жуда яхши бўлган. 

“Кечки оқватдан кейин мен меҳмонхонада қолишим, улар эса уйларига кетишлари керак эди. Иккимиз “Ягона” кафесига бордик. У киши ниҳоятда хурсанд эди. Уларни бундай хушчақчақ ҳолатда кўрмаганман. Кафега дўстлари Ғайрат Бобожоновни чақирдилар. Учаламиз бирга ўтирдик. У ердан чиққач мен меҳмонхонада қолишим керак эди. Шу боис меҳмонхонага бордик. Хона нархи ва бошқа ишларни Давлатназар ака ҳал қилдилар. Мен улар билан яна суҳбатлашиш учун меҳмонхонада қолишларини сўрадим. У киши эса оила аъзоларининг ёнига бориб, эрталаб қайтиб келишини айтди. Кейин Ғайрат Бобожонов билан бирга Давлатназар акани меҳмонхонанинг қаршисидаги йўлдан таксига ўтказиб юбордик. Уларни охирги бор кўрганим шу эди”, дейди Умид Давлетов сўзларини якунларкан. 

Эслатиб ўтамиз, Давлатназар Рўзметов жорий йининг 6 ноябрь куни “Урганч-Хива” йўлининг 5-километрида ЙТҲга учраб, воқеа жойида вафот этган эди. 48 яшар журналист 2018 йил 29 октябрь куни “Хоразм ёшлари” газетаси муҳаррири ўринбосари лавозимида ишлаб келаётган пайтида ҳибсга олиниб, Қўшкўпир тумани маъмурий суди томонидан 7 суткалик қамоқ жазосига маҳкум қилинган эди. Мазкур воқеа журналистнинг вафоти билан боғлиқ турли миш-мишларнинг болалашига сабаб бўлди.

Қамариддин Шайхов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 60
Рейтинг: 3.8
t
×
×