Журналист Давлатназар Рўзметовнинг вафоти билан боғлиқ ҳақиқатлар очиқланди

Таҳлил

image
Тошкентдаги чорраҳаларда “вафель чизмаси” пайдо бўлди north_east

Тошкентдаги чорраҳаларда “вафель чизмаси” пайдо бўлди

Хабарингиз бор, жорий йилнинг 6 ноябрь куни хоразмлик 48 яшар журналист Давлатназар Рўзметов ЙТҲга учраб, вафот этган эди. Унинг вафоти ижтимоий тармоқларда кўплаб баҳс-мунозараларни келтириб чиқарди. Танқидий материаллари билан тилга тушган, қолаверса, яқинда маъмурий жавобгарликка кўра, 7 сутка қамоқ жазосига ҳукм этилган Рўзметовнинг вафоти уюштирилганмиди? Ижтимоий тармоқларда тарқалган бўҳтон маълумотларга расмий баёнот бериш ва терговга оид маълумотларни ОАВ ва жамоатчиликка етказиш мақсадида бугун, 12 ноябрь куни Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентилигида Матбуот анжумани ўтказилди. 

Унда АОКА директори Комилжон Алламжонов, Хоразм вилояти ИИБ бошлиғи ўринбосари Аҳмаджон Пўлатов, Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) Улуғбек Муҳаммадиев, Ички ишлар вазирлиги Матбуот хизмати раҳбари Шоҳруҳ Ғиёсов, оммавий ахборот воситалари ходимлари, Давлатназар Рўзметов билан сўнгги бор кўришган адвокат-дўсти Умидбек Давлетов, марҳумнинг жияни Фурқат Рўзметов иштирок этди. 

Воқеа қандай рўй берди?

Тахминан соат 23:00 атрофида фуқаро Сафаров ўзининг бошқарувида бўлган “Газель” русумли автомашинасида  “Урганч-Хива” йўлининг 5-километрида ҳаракатланиб кетаётган вақтида пиёда, 1971 йилда туғилган, “Жамият” газетасининг мухбири Давлатназар Рўзметовни автомашинанинг чап ён томони билан уриб юборади. Олган тан жароҳати оқибатида пиёда Рўзметов воқеа жойида вафот этади. 

Мазкур ҳолат бўйича Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 266-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилган. 

Хўш, Пиёда Рўзметов воқеа жойига қандай бориб қолган? 

6 ноябрь куни Давлатназар Рўзметов адвокат дўсти Умид Давлетов билан Урганч шаҳрида учрашади. Улар соат 17:23 да Урганч шаҳридаги “Ягона” номли кафега кирадилар. Соат 21:00 дан ўтгандан кейин кафега яна бир дўстлари Ғайрат Бобожоновни чақирадилар. Учовлон кафедан чиқиб, Урганчда меҳмон бўлиб турган Умид Давлетовни меҳмонхонага жойлаштириш мақсадида “Xorazm Palace” меҳмонхонасига борадилар. Соат 22:18 да улар меҳмонхонада чиқишади. Шу вақтда марҳум Давлатназар Рўзметов ўз уйига, Қўшкўпир туманига кетиши керак бўлади. Уни дўстлари меҳмонхона жойлашган йўлнинг нариги бетидан йўналишсиз таксига ўтказиб юборадилар. 

“Урганч туманидан Қўшкўпирга борганлар яхши билади. У ерда “Машъал” деган дўкон бор. Шу ерда Қўшкўпирга кетадиган таксилар тўхташ жойи бор. Давлатназар ака шу ергача келишув қилиб, таксига ўтиради. Уни кузатиб қўйгандан кейин, Умид ака ва Ғайрат ака яна “Ягона” кафесига қайтадилар”, дейди воқее хронологиясини изоҳлаб бераётган Хоразм вилояти ИИБ бошлиғи ўринбосари Аҳмаджон Пўлатов. 

Рўзметов Қўшкўпирга элтадиган таксилар тўхташ жойига етгач, Nexia русумидаги автомобиль эгаси билан келишув қилади ва автомобилга ўтиради. Автомобиль эса “Урганч-Хива” йўлида юриб бораркан, ёнилғи тўлдириш учун йўлдаги Автомобилларга газ қуйиш шохобчасида тўхтайди. Хавфсизлик нуқтаи назаридан йўловчи Давлатназар Рўзметов шохобчага киришда тушиб қолади. Соат 22:48 да автомобиль шохобчадан чиқади ва Рўзметов унга ўтириб, манзил томон йўл олади. 

“Урганч-Хива” йўлининг 5-километрига етганда, Рўзметов ва ҳайдовчи ўртасида оғзаки тортишув бўлади. Оқибатда Рўзметов жаҳл устида автомашинадан бекатда тушиб қолади. Унинг вафотига сабаб бўлган йўл-транспорт ҳодисаси ҳам айнан шу ерда содир бўлган. Йўлнинг ёритилмагани, қолаверса, Рўзметовнинг бош кийимини ечиб, такси тўхтатиш учун йўл ўратасигача чиқиши натижасида Сафаров бошқарувида бўлган “Газель” автомобили уни уриб, йўлнинг қарама-қарши тарафига улоқтириб юборади. 

Давлатназар Рўзметов, Умид Давлетов Ғайрат Бобожонов билан боғлиқ воқеалар хронологиясини “Ягона” кафесининг ичи ва ташқариси, “Xorazm Palace” меҳмонхонасининг ичи ва ташқариси, “Урганч-Хива” йўлида жойлашган автомобилларга газ қуйиш шохобчаси ташқарисига ўрнатилган камералардаги қайдлар тасдиқлайди. Қолаверса, гувоҳлар ҳам. Анжуманда журналист Давлатназар Рўзметов билан сўнгги бор учрашган дўсти – адвокат Умид Давлетов ҳам сўз олиб, ижтимоий тармоқларда тарқалган ва кўплаб мунозараларга сабаб бўлаётган марҳумнинг вафоти уюштирилгани билан боғлиқ гап-сўзларни инкор этди ва тергов жараёнига оид ҳужжатларда келтирилган маълумотларни тасдиқлади.

Эслатиб ўтамиз, 2018 йил 29 октябрь куни “Хоразм ёшлари” газетаси муҳаррири ўринбосари лавозимида ишлаб келаётган пайтида ҳибсга олиниб, Қўшкўпир тумани маъмурий суди томонидан 7 суткалик қамоқ жазосига маҳкум қилинган эди. Мазкур воқеа журналистнинг вафоти билан боғлиқ турли миш-мишларнинг болалашига сабабчи бўлди. 


Мақола муаллифи

Теглар

Давлатназар Рўзметов

Баҳолаганлар

250

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг