Фақат бизда эмас, бутун дунёда матбуот тазйиқларга учради – Алламжонов

Жамият

image

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентилиги ва Адлия вазирлиги томонидан иккита норматив ҳужжат ишлаб чиқилмоқда. Бу ҳақда Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Васийлик кенгаши раиси Комилжон Алламжонов маълум қилди. 

Унга кўра: 

•    туҳмат ва ҳақорат учун озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлган жазо турларини тайинлашни бекор қилиш;

•    давлат органлари ва ташкилотлари томонидан маълумот тақдим этмаганлик ёки нотўғри маълумот тақдим этганлик, шунингдек, ОАВ фаолиятига тўсқинлик қилганлик ва журналистларга босим ўтказганлик учун жавобгарликни белгилаш қонунчиликда ўз ифодасини топади. 

“Бу йил жуда оғир келди. Пандемия ҳаммани эсанкиратиб қўйди. Режалар бузилиб кетди. Тадбирлар қолдирилди. Ўз навбатида, матбуот ҳам гап кўтара олмайдиганлар қаҳрига бир неча бор учраб, анча синовларни бошидан ўтказди.

Ҳамманинг асаби таранглашган, битта гап – кам, иккитаси – кўп, дейдиган давр бўлди. Фақат бизда эмас, бутун дунёда матбуот тазйиқларга учради. 

Лекин бу сўз эркинлиги яна бўғилади, Президентимиз томонидан бошланган ислоҳотлар амалга ошмай қолди, дегани эмас. Мана, айни кунларда АОКА ва Адлия вазирлиги томонидан қатор норматив ҳужжатлар тайёрланмоқда”, дейди Комилжон Алламжонов. 

Унинг қайд этишича, Президентнинг ПҚ-4551 сонли қарори ижроси бўйича АОКА ва Адлия вазирлиги туҳмат ва ҳақорат учун озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлган жазо турларини тайинлашни бекор қилиш юзасидан таклифлар тайёрлаб, киритиши лозим.

“Шу ўринда, мазкур қарор ОАВ ривожига катта туртки беради, деб ўйлайман. Аввал ҳам таъкидлаганимиздек, журналист ёки блогер матбуотда айтган сўзи учун қамалмаслиги керак. Майли, жарима тўласин, қилган хатоси учун маъмурий жавобгарликка тортилсин, лекин озодликдан маҳрум бўлмасин.

Иши ҳамма ривожланган давлатлар каби очиқ судда адолатли кўрилсин”, дейди фонд раиси.

Мутахассисларнинг ўрганиб чиқиши натижасида Ўзбекистонда ҳеч бир журналист қонунда ўз аксини топган туҳмат ва ҳақорат учун моддаси билан озодликдан маҳрум этилмагани аниқланган.  

Комилжон Алламжоновга кўра, амалда ишламайдиган бу қонун Ўзбекистоннинг жаҳон миқёсидаги индекс ва рейтинглари ўсишига халақит беряпти. У  Президент қарорида белгиланган вазифа тез кунларда бажарилишига умид билдирмоқда.  

Иккинчи ҳужжат Президентнинг ПҚ-4366 қарорига кўра, давлат органлари ва ташкилотлари томонидан маълумот тақдим этмаганлик ёки нотўғри маълумот тақдим этганлик, шунингдек, ОАВ фаолиятига тўсқинлик қилганлик ва журналистларга босим ўтказганлик учун жавобгарликни белгилашга қаратилган бўлиб, бу масала юзасидан ҳам АОКА ва Адлия вазирлиги таклифларни ишлаб чиқиб, киритиши лозим.

“Ўз навбатида, бизнинг Фонд ҳам Президентимиз томонидан ушбу йўналишда белгилаб берилган топшириқлар ижросини таъминлаш, очиқлик, матбуот ва давлат идоралари ҳамкорлиги механизмларини янада такомиллаштиришда ҳар томонлама ёрдамга тайёр эканлигини, журналист ва блогерларни йиғиб, бу масалалар юзасидан уларнинг таклифларини ўрганишини таъкидлаб ўтмоқчиман.

Бизнинг бош мақсадимиз ҳам ОАВ ходимлари учун хавфсиз фаолият майдонини яратишга эришишдир”, дейди Комилжон Алламжонов.


Мақола муаллифи

Теглар

Комилжон Алламжонов

Баҳолаганлар

33

Рейтинг

3.2

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made