Ўзбекистон қайси ҳолатда Шимолий Кореяга айланиб қолиши мумкин? Алламжоновдан аччиқ ҳақиқат
Жамият
−
27 Июнь 2020
18408Ўзбекистон қандай қилиб Шимолий Кореяга айланиши мумкин. Оддий мухбирликдан Президент Матбуот хизмати раҳбари лавозимигача чиққан, Ўзбекистон медиасида муҳим фигураларидан бири бўлган Комилжон Алламжонов Ўзбекистоннинг Шимолий Кореяга айланиб қолишидаги эҳтимолли ҳолатлар ҳақида гапираркан, бунда асосий хато журналист ва блогерларнинг овозини ўчириш эканини қайд этди.
Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Васийлик кенгаши раиси Комилжон Алламжонов UzReport телеканалига берган интервьюсида журналистика соҳасида бугунги муаммоларни санаган.
“Муаммога соҳанинг ичидан қарайдиган бўлсак, мен уни кадрларнинг савиясида кўраман. Журналистика, мана энди блогерларлик пайдо бўлди – улар шу пайтгача трендда бўлмаган. Чунки газета, журнал, телевидение ва радио учун мутахассис етказиб берилган. Кўпчилиги давлат тизимига тегишли оммавий ахборот воситалари бўлган. Хусусий сектор бўлмагани сабаб уларнинг қадри баланд бўлмаган.
2016 йилдан буён сўз эркинлигининг кенг жорий қилиниши журналист ва оммавий ахборот воситаларига эътибор ўзгаргани учун ҳам бугун журналистларнинг мавқеи ошиб бормоқда. Лекин соҳа олдида турган муаммо яна ўша – бу кадрларнинг савияси, кадрлар етишмаслиги. Бу биринчи масала. Иккинчиси – давлат органларининг журналистлар фаолиятига нисбатан тушунчаси етишмаслиги. Бугун шундай бир ажойиб ҳолатки, хоҳлаймизми-йўқми очиқликсиз ишлай олмаймиз”.
Алламжонов 2020 йилнинг 29 январига қадар Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори лавозимида фаолият юритди. Бу даврда мамлакатда матбуот ва оммавий ахборот воситалари фаолиятида чинакам ўзгаришлар кузатилди. Бироқ, орадан кўп ўтмай, Алламжонов ушбу ташкилотдаги фаолиятини ўз хоҳиши билан якунлади. Сўз эркинлиги ва очиқлик тарафдори бўлган собиқ давлат амалдори Ўзбекистонда журналист ва блогерларнинг овози ўчирилишига бўлган ҳаракатлар бориб-бориб Шимолий Корея каби ёпиқ мамлакатга айланишга сабаб бўлиши мумкинлигига шаъма қилди.
“Иккита йўлимиз бор: ё матбуот билан ишни ташкил қиламиз, очиқ бўламиз, матбуот сўраган маълумотни ўз вақтида берамиз, матбуот кўтарган муаммога ўз вақтида ечим топамиз, матбуот кўтарган масалаларга зудлик билан муносабат билдирамиз, ёки улар билан ишламаймиз. Унда нима бўлади? Унда ёлғон маълумотлар кўпаяди.
Ҳозир шундай замонда яшаяпмизки, агар блогер ёки журналистнинг оғзини ёпсангиз, ҳақиқатни кўтараётган одамларнинг фаолиятини тўхтатаман десангиз, бу билан муаммо ечилмайди. Блогер билан журналистнинг оғзини ёпсангиз, улар бу соҳадан кетмайди, аксинча, анонимга айланади. У кейин Facebook’да пайдо бўлади. Facebook’ни ўчириб қўйсангиз, у Instagram’га боради. Instagram’ни ҳам ўчириб қўйсангиз, Twitter’га боради. Twitter’ни ҳам ўчириб қўйсангиз, Telegram’га боради. Уни ҳам ўчирсангиз, Шимолий Корея бўламиз, қўямиз. Бошқа йўлимиз йўқ. Ягона йўл – бу матбуот билан ишлашни ўрганиш. Буни зудлик билан ўрганишимиз шарт”, дейди Алламжонов.
LiveБарчаси