Трамп турнеси: БАА АҚШга 1,4 трлн доллар сармоя киритади

Олам

image

АҚШ Президенти Дональд Трамп Бирлашган Араб Амирликлари (БАА) ўн йил ичида АҚШга 1,4 триллион доллар сармоя киритишини айтди. Бу ҳақда у кеча, 15 май куни Абу Дабидаги Ал Ватан саройида БАА Президенти Муҳаммад бин Зайд Ол Наҳаён билан учрашувдан сўнг берган баёнотида сўз очди.

Трамп БААга кейинги ўн йил ичида АҚШга 1,4 триллион доллар сармоя киритадиган бўлгани учун миннатдорлик билдирди. Трамп бу сармояларнинг сунъий интеллект ва компьютер фанлари соҳаларини ривожлантиришга хизмат қилишини қайд этди.

Унинг сўзларига кўра, АҚШ иқтисоди Президент сифатидаги биринчи муддатида яхши ҳолатда эди ва ҳозирги муддат давомида янада яхши бўлади.

“Сиз бой давлатсиз, ўз танловингизни қила оласиз, лекин биламанки, биздан ҳеч қачон воз кечмайсиз”, деди Трамп Ол Наҳаёнга АҚШ ва БАА муносабатлари яхшиланишига ишонч билдириб.

Ол Наҳаён Трампга БАА ва АҚШ ўртасидаги дўстлик ва стратегик шерикликни мустаҳкамлашга қаратилган саъй-ҳаракатлари учун миллий нишонни топширди.

Трампнинг Яқин Шарққа ташрифи

Яқин Шарққа ташриф буюрган Трамп 13-16 май кунлари мазкур минтақада бўлади. АҚШ Президенти ҳозиргача мазкур ташриф давомида Саудия Арабистони билан АҚШ иқтисодиётига 600 млрд доллар сармоя киритиш бўйича битим имзолади. 

Шунингдек, Трамп ва Қатар ҳукумати ўртасида 1,2 триллион доллардан ортиқ қийматга эга иқтисодий ҳамкорлик тўғрисидаги шартнома имзоланди. Мазкур шартнома Boeing компанияси Қатарга 200 млрд долларлик 160 дан ортиқ самолёт етказиб бериши тўғрисида келишувни ҳам ўз ичига олади.  

Бундан ташқари, Саудия Арабистонида бўлиб турган пайтда Трамп Сурияга қарши барча АҚШ санкцияларини бекор қилишини эълон қилди. Бу қарор ижтимоий ва дипломатик доираларда катта резонансга сабаб бўлди. Трамп, шунингдек, Сурия муваққат президенти Аҳмад аш-Шара билан учрашди ва уни Исроилни тан олиш ва Иброҳим келишувларига қўшилишга даъват этди.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ Дональд Трамп БАА

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг