“Азовсталь”дан 152 аскарнинг миналанган жасади яширинган фургон топилгани айтилмоқда
Олам
−
31 Май 2022
14552Мариуполнинг “Азовсталь” заводининг ер ости иншоотларида 152 кишининг жасади бўлган фургонни топилди. Бу ҳақда Россия Мудофаа вазирлиги матбуот котиби генерал-майор Игорь Конашенков маълум қилган.
“Азовсталь” металлургия заводининг ер ости иншоотларини ўрганиш чоғида россиялик ҳарбий хизматчилар Мариуполда таслим бўлган Украинанинг “Азов” тузилмаси томонидан яширилган изотермик фургонни топди. Совутиш тизими бузилган фургонда 152 нафар ҳалок бўлган жангарилар ва Украина Қуролли кучлари ҳарбий хизматчилари жасади сақланган”, дейди Конашенков.
Унинг сўзларига кўра, фургонни кўздан кечириш чоғида россиялик сапёрлар ҳалок бўлган украиналик ҳарбийларнинг жасадлари остида тўртта мина қўйилганини аниқлаган, улардаги портловчи модданинг умумий массаси фургонда қолган жасадларнинг барча қолдиқларини йўқ қилишга етарли бўлган.
“Қўлга олинган “Азов” жангариларини сўроқ қилиш натижаларига кўра, жасадларни қазиб олиш Киевнинг бевосита буйруғи билан амалга оширилгани аниқланган”, дея иддао қилган Конашенков.
Конашенковга кўра, Россия томони “Азовсталь” заводи ҳудудидан топилган украиналик ҳарбий хизматчиларнинг жасадларини яқин вақт ичида Украина вакилларига топширишни режалаштирмоқда.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 21 май куни Россия “Азовсталь” заводи ҳудуди бутунлай рус қўшинлари назоратига ўтганини эълон қилди. Россия Мудофаа вазирлиги 20 май кун давомида заводда бўлган 531 кишидан иборат сўнгги гуруҳ таслим бўлгани, жами эса 2439 киши қуролини ташлаганини маълум қилди.
Маълумот ўрнида, “Азовсталь” заводида назоратни ушлаб турган украин ҳарбийлари 16 май куни таслим бўлишни бошлади. Ўша вақтга қадар, бир ярим ойдан кўпроқ вақт давомида завод Мариуполдаги рус қўшинларига қаршилик кўрсатадиган ягона объект бўлиб турди.
Ҳарбийларнинг ўзлари, таслим бўлиш бошланишидан олдин, қўмондонлик буйруғига риоя қилаётганини таъкидлади. Украина ҳукумати “эвакуация операцияси”га ишора қилиб, “таслим бўлиш” иборасидан қочди ва “Азовсталь” ҳарбийлари асирга олинган русларга алмаштирилишини айтди.
Россия-Украина уруши
Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.
Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.
24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.
Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.
25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.
Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.
Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.
Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.
Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь