Айя София яна кун тартибида. Греция Туркиядан нима хоҳлаяпти?

Олам

image

Греция бир қатор халқаро ташкилотлар билан биргаликда Туркиядан Айя София масжидига музей мақомини қайтиришни сўрамоқда. Бу ҳақда Греция Ташқи ишлар вазири Никос Дендиас БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг 46-сессиясида маълум қилган.

Таъкидланишича, маданий ҳуқуқлардан тўлиқ фойдаланиш ва маданий меросни сақлаш масаласи Греция учун жуда муҳимдир.

“Барча давлатлар, сиёсий, иқтисодий ва маданий тизимларидан қатъи назар, ёдгорликларнинг мақомини ўзгартиришдан ўзини тийиши керак”, дейди Греция Ташқи ишлар вазири.

Вазир шунингдек, ёдгорликларнинг мақомини ўзгартиришда тегишли жамоаларнинг олдиндан розилигини олиш ва барча манфаатдор томонлар, шу жумладан UNESCO каби БМТнинг тегишли органларини олдиндан хабардор қилиш кераклигини айтиб ўтган.

“Мен хусусан, Айя София ёдгорлигини масжидга айлантиришни назарда тутмоқдаман. Бу маданий меросга бўлган эҳтиромнинг ҳар қандай тушунчасига зиддир. Биз буни амалга оширганлардан барча бошқа муассасалар ва халқаро ташкилотлар билан биргаликда ушбу ёдгорликка аввалги мақомини қайтиришни сўраймиз”, дейди Греция Ташқи ишлар вазири Никос Дендиас.

Эслатиб ўтамиз, 2020 йилнинг июль ойида Туркия Давлат кенгаши Истанбулдаги Айя Софияни музейга айлантириш тўғрисидаги 1934 йилда қабул қилинган Мустафо Камол Отатурк фармойишини бекор қилди. Шундан сўнг, ушбу мажмуадан масжид сифатида фойдаланилиши маълум бўлди. 

Ўша вақтда ҳам Греция ва унинг ортидан АҚШ Туркиянинг ушбу хатти-ҳаракатига норозилик билдирган эди. Туркия Республикаси Ташқи ишлар вазири Мавлуд Чавушўғлу эса ушбу масала юзасидан қуйидагича жавоб қайтарган

“Туркия Республикаси азон ёки Қуръони Карим оятларининг қаерда ўқилишини бошқалардан сўраши керакми? Туркияга бу масалада ақл ўргатиши мумкин бўлган энг охирги давлат – бу Греция. Айя София Туркия Республикасининг мулки ва у фатҳ этилган”.

Маълумот ўрнида, Айя София ибодатхонаси Византия императори Константин II тарафидан милодий 360 йилда бунёд этилган. У ёғочдан қурилган бўлгани учун 404 йилга келиб ёниб кетган. Ўша йили ибодатхона биринчи бор таъмирланган. Ибодатхонанинг ҳозирги биноси эса Византия императори Юстинян биринчининг буйруғига кўра, 532-537 йилларда барпо этилган. Ибодатхонанинг қурилиши 5 йилу 10 ой давом этган. Унда 10 мингдан ортиқ қурувчи меҳнат қилган. Ибодатхона тарихчилар томонидан ўша даврнинг энг катта биноси сифатида қайд этилган.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ Туркия Греция Айя София

Баҳолаганлар

376

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг